Тошкентдаги мол-мулк солиғи Хоразмдагидан 2 баробар кўп бўлади

Oбуна бўлиш
Келгуси йилда жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғига камайтирувчи коэфициент қўлланилади, бунда ҳудудларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқилади

ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. 2018 йилда Хоразмдаги мол-мулк солиғи Тошкентдагидан 2 марта кам бўлади, деб таъкидлади Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисидаги маърузасида. Sputnik Ўзбекистон мухбири хабари асосида.

Папка с документами - Sputnik Ўзбекистон
2018 йилда солиқ босими бироз камайтирилиши мумкин
"Келгуси йилда жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғига камайтирувчи коэфициент қўлланилади. Бунда ҳудудларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқилади. Мисол учун, Хоразм вилоятида жойлашган уй учун олинадиган мол-мулк солиғи Тошкент шаҳрида жойлашган худди шундай уйга солинадиган шу турдаги солиқдан камида икки марта кам бўлади", — деди Қўчқоров.

Вазирнинг таъкидлашича, жисмоний шахслар мол-мулк солиғини 1991 йилда белгиланган индекс методи бўйича тўлаб келганлар. Шу боис кадастрлардаги уйнинг инвентар нархи бозор нархидан ўртача 20-25 марта кичиклигини кўриш мумкин.

"Масалан, пойтахтнинг Буюк Ипак Йўли кўчасида жойлашган, 1989 йилда қурилган 9 қаватли, бетондан қурилган кўп қаватли уйда 3 хонали хонадоннинг бугунги кундаги инвентар қиймати 11 миллион сўмни, кадастр қиймати 113 миллион сўмни ташкил этади. 2017 йилда мазкур хонадоннинг мол-мулк солиғи 190 минг сўмни ташкил қилган. Таклиф этилаётган тартиб бўйича ушбу хонадоннинг 2018 йилга ҳисобланадиган мол-мулк солиғи суммаси 227,3 минг сўмни ташкил этиб, 2017 йилдагига нисбатан 1,2 баробарга ўсиши кутилмоқда", — мисол келтирди вазир.

Вазир шунингдек, мол-мулк солиғи ставкаси камайтирилишини — у 1,7%дан 0,2 %га туширилганини маълум қилди.

"Фуқаролар тўлайдиган солиқ миқдори 20%дан ошмайди", — деб ишонтирди Қўчқоров.

Вазир шунингдек, алоҳида шахслар учун мол-мулк солиғи миқдори 30%га камайтирилиши ёки оширилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Бу кўрсаткич маҳаллий ҳокимият органлари томонидан белгиланиши маълум қилинди.

Мажлисда қайд этилишича,  ҳозирда бу борада махсус тартиб ишлаб чиқилган. Вазирлар Маҳкамаси ишлаб чиқилган тартибни тасдиқлагач, бу борада тўлиқ ахборот солиқ тўловчиларга етказилади. Янги тартиб 2018 йилнинг январ ойидан кейин амалиётга киритилиши мўлжалланган.

Янгиликлар лентаси
0