19:27 07 Декабр 2016
Эфир
Ўзбек ҳарбийлари, архив сурат

Ўзбекистон суверенитетига раҳна солишга уринадиганларга қарши кескин зарба берилади

© ИА "Жахон"
Сиёсат
Ҳавола олиш
137230

Ўзбекистон Миллий армияси салоҳияти қай даражада? Ўзбекистон қуролли кучларидаги янги ташкилий-штат қандай афзалликларга эга? Бу саволларга қуйидаги мақоламизни ўқиб, жавоб олишингиз мумкин

ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Ўзбекистон суверенитети ва мустақиллигига рахна солишга уринадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига қарши кескин зарба берилади. Ушбу ғоя Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг  сайловолди дастурида ўз ифодасини топган.

Хабарда айтилишича, 1992 йил 14 январь куни Ўзбекистон ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмалар Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Туб ислоҳотлар натижаси­да замонавий, ихчам ва ҳа­ракатчан, яхши тайёрланган, мамлакат хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги, сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашга, ўзбек халқининг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал қилишга қодир Ўзбек миллий армияси шаклланган.

Эндиликда Ўзбекистон ўз армияси учун зарур кадрларни ўзида тайёрлаш салоҳиятига эга бўлиб, бугунги кунда Қуролли Кучлар академиясида 7 та, Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида 28 йўналиш ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали офицер кадрлар, сержантлар тайёрлаш мактабларида эса 26 йўналиш ҳамда мутахассисликлар бўйича сержантлар тайёрланмоқда.

"Замонавий талабларни, юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучларнинг ташкилий-штат тузилиши принципиал жиҳатдан ўзгартирилди, тезкор-стратегик бошқарув, оператив тайёргарлик ва қўшинларни жанговар қўллашнинг ҳақиқий марказига айланган самарали бошқариш тизими яратилди. 1998-2002 йилларни қамраб олган даврда ҳарбий округлар тузилди, Давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлашнинг замонавий талабларга жавоб берадиган тизими шакллантирилди, ҳарбий операциялар амалга ошириладиган энг муҳим йўналишларда ҳаракатчан, яхши таъминланган бўлинмалар, биринчи нав­батда, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва одамларимизнинг тинч-осойишта ҳаётини бузишга қаратилган ҳар қандай ёвуз кучларнинг тажовузкор хатти-ҳаракатларига қатъий зарба беришга қодир бўлган махсус бўлинмалар ташкил этилди", — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Қуролли Кучлар қурилиши борасидаги режаларга мувофиқ, қўшинларни модернизация қилиш ва энг янги қурол-яроғ ва техника, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва вертолётлар, бронетанк қуроллари, артиллерия тизимлари, алоқа воситалари, алоҳида ва гуруҳ бўлиб ҳимояланиш воситалари билан қайта қуроллантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилган.

Хабарга кўра, истиқлол йилларида ҳарбий хизматчилар учун замонавий турар-жойлар қуриш, мавжуд тураржой фондини таъмирлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчаларни қуриш ва реконструкция қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган.

Хусусан, 2007 – 2015 йилгача мўлжалланган давлат дастурига асосан 6 мингга яқин ҳарбий хизматчи уй-жой билан таъминланган бўлса, 2016 – 2025 йилгача мўлжалланган Давлат дастурига кўра, ҳарбий хизматчиларнинг барчасини турар-жой билан таъминлаш режалаштирилган.

"Айни чоғда халқаро муносабатлар таркибидаги ўзгаришлар, дунёда кескинлик, можароларнинг янги ўчоқлари пайдо бўлиши, Марказий Осиё минтақасида ва жаҳонда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шунинг учун ҳам партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида бир қатор ғоялар илгари сурилади", — дейилган партия хабарида.

Асосий мавзулар