13:14 28 Март 2017
Эфир
Туркманистон байроғи

Шавкат Мирзиёев Туркманбоши билан телефонлашди

© Sputnik/ Стрингер
Сиёсат
Ҳавола олиш
15712

2017-йил 14-феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 14 — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Президенти сайловидаги юксак ғалабаси билан самимий табриклаб, давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади, дейилади Ўзбекистон ТИВ сайтида берилган хабарда.

Хабарга кўра, мулоқотда сайлов натижалари Туркманистонда халқ фаровонлигини юксалтириш, мамлакатни изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чуқур ўйланган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларга туркман халқи юксак ишонч билдираётгани ва уларни тўлиқ қўллаб-қувватлаётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлгани қайд этилган.

Давлатлар раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишларини муҳокама этиб, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашганлар. Туркманистон фаол ташқи сиёсат юритаётгани ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ташаббуслари халқаро майдонда муваффақиятли амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланган.

Давлат раҳбарлари икки қардош мамлакат ўртасида амалий ва очиқ мулоқотни жадал ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлаб, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар самарадорлигини янада ошириш учун мавжуд улкан салоҳиятни тўла ишга солишга тайёр эканини билдирганлар.

Мулоқот якунида Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлат раҳбари лавозимида улкан ютуқлар, Туркманистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Асосий мавзулар