21:40 27 Апрел 2017
Эфир
Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи

Мирзиёев Самарқанд раҳбарларига зўр таклифлар киритди

© Пресс-служба президента Узбекистана
Сиёсат
Ҳавола олиш
71640

Шавкат Мирзиёев 14-15-апрел кунлари Самарқанд вилоятида бўлди. Бу ташрифдан сўнг вилоятнинг икки тумани ҳокими ишдан олинди. Хўш, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандда қандай ўзгаришлар рўй беради?

ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи давомида  жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишди ҳамда халқ билан мулоқотда бўлди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.

Улкан сайёҳлик салоҳиятига эга вилоят

Мирзиёев вилоятга ташрифининг иккинчи куни Самарқанд шаҳридаги "Алпомиш" масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.

Бу ерда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.  Туризмни ривожлантириш, сайёҳлик хизмати кўрсатиш сифатини ошириш ва йўналишларини кенгайтириш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бу борадаги салоҳиятни янада ошириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Самарқанд шаҳрида эркин туристик ҳудуд барпо этиш бўйича 2017-2019-йилларга мўлжалланган лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳаларга кўра шаҳарнинг Амир Темур кўчасида сайёҳлик-кўнгилочар меҳмонхона комплекси, Самарқанд эшкак эшиш канали бўйида қишки дам олиш маскани барпо этиш мўлжалланмоқда.

Мирзиёевга мазкур янги сайёҳлик марказларининг имкониятлари, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар, кўнгилочар масканларда халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларини намойиш этиш бўйича ташкил этиладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

5,5 минг янги иш ўринлари яратилади

Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари каби Самарқанд вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мирзиёевнинг шу йил 12-январдаги "Ургут", "Ғиждувон", "Қўқон" ва "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони соҳа учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ "Ургут" эркин иқтисодий зонасининг Ургут туманида "Ургут-1", Нуробод туманида "Ургут-2" ва Пастдарғом туманида "Ургут-3" ҳудудлари ташкил этилди. Ушбу ҳудудлар учун жами 816 гектар ер ажратилиб, уларни зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган.

Бугунги кунда "Ургут-1" ҳудудида енгил саноат, маиший техника, тиббиёт жиҳозлари, фармацевтика, чарм-поябзал, канцелария моллари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2017-2018-йилларга мўлжалланган 83 лойиҳа тайёрланган, уларнинг 20 таси жорий йилда ишга туширилади.

Президентдан зўр таклиф

Мирзиёев ушбу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиққан. Умумий қиймати 250 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳалар тижорат банклари кредити ва таъсисчиларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Натижада 5,5 минг янги иш ўрни ташкил этилади.

Президент ушбу стратегик ҳудудни ташкил этиш борасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Ҳудудга салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиш, хориждаги индустриал зоналар фаолиятини ўрганиш ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш лозимлиги, Ургут туманида муайян коллежни танлаб, иқтисодий зонада фаолият кўрсатадиган кадрлар тайёрлаш, бундай тажрибани "Қўқон", "Ғиждувон", "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зоналарига ҳам жорий этиш кераклиги қайд этилди.

Тадбиркорлар билан мулоқотда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиш, маҳсулотлар сифатини ошириш, экспорт фаолиятини ривожлантириш, ташқи бозорларни ўрганиш ва хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан тавсиялар берилди.

Эски бинолар кўчирилади

Президент Самарқанд шаҳрининг Даҳбед кўчасидан Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига олиб борувчи Нурафшон кўчасини ободонлаштириш лойиҳаси билан танишди.

Нурафшон кўчасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, атрофдаги эски ва бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган бинолар ўрнида шаҳарсозлик талаблари асосида замонавий турар жойлар, ижтимоий обектлар қурилади.

Давлат раҳбари шаҳарнинг Жомий кўчасидаги Ёшлар марказини реконструкция қилиш, ҳайвонот боғи қуриш лойиҳаларини кўздан кечирар экан, бу борадаги ишларни аҳолининг фикри ва таклифлари асосида амалга ошириш, миллий меъморлик ва замонавий архитектура анъаналарини ҳисобга олиш бўйича кўрсатмалар берди.

125та инвестицион лойиҳа

Самарқанд шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2017-2018-йилларда саноат соҳасида 125 инвестицион лойиҳа амалга оширилади.

Озиқ-овқат ва енгил саноат, чарм-пойабзал, фармацевтика, мебел ва қоғозни қайта ишлаш, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, нефт-кимё ва бошқа соҳаларда кўзда тутилаётган лойиҳалар вилоятни изчил ривожлантиришга, аҳолининг ҳаёт сифатини янада яхшилашга қаратилган. Мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши 6 минг 300 дан ортиқ кишининг ишли бўлишига хизмат қилади.

Вилоятда "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик жамияти томонидан 163 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Нуробод туманида "Навоий металлмаш" ва Хитойнинг "Gezhouba Group sement Co.LTD" корхоналари ҳамкорлигида цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Йилига 2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу корхонада 530 янги иш ўрни яратилади.

Пастдарғом туманида қуриладиган "Самарқанд Афросиёб цемент" корхонаси фойдаланишга топширилгач, 300 киши иш билан таъминланади. Корхонани 2018-йилда ишга тушириш мўлжалланган.

Маиший техника — турмуш даражаси кўрсаткичи

Шавкат Мирзиёев "Ургут" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида маиший техникалар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни кўздан кечирди.

"O‘zeltexsanoat" акциядорлик жамияти ва "Ideal Elektro Lyuks" масъулияти чекланган жамияти томонидан Туркиянинг "Odu" компанияси билан ҳамкорликда газ плиталар, электр духовка, кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати 7 миллион долларни ташкил этади. Товарларнинг маълум қисми экспорт қилинади.
"Coven Elektro" масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 30 минг дона замонавий чангютгич ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

Президент мазкур лойиҳалар билан танишар экан, аҳолининг маиший техникалар билан таъминлангани унинг турмуш даражасининг асосий кўрсаткичларидан бири эканини таъкидлади. Маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш, "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" брендини янада кенг оммалаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Халқ қабулхоналари иши назорат қилинди

Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди.

Самарқанд шаҳри, Даҳбед кўчаси, 32-уйда жойлашган ушбу қабулхонада фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун барча зарур шароит яратилган. Президент Халқ қабулхоналари халқ билан мулоқот учун эркинлик ва қулайлик яратгани, энди асосий эътиборни одамларни рози қилишга қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Мирзиёев трамвай йўловчиси бўлди

Шавкат Мирзиёев 2016-йил 5-октябр куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратди ва трамвай линияларини барпо этиш зарурлигини таъкидлади. Ўтган қисқа вақтда бу борада зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Шаҳар кўчаларида пўлат излар ётқизилди.

Президент 15-апрел куни Самарқанд шаҳрида Темир йўл вокзали – Сартепа йўналиши бўйича трамвай қатнови йўлга қўйилишига бағишланган тадбирда иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари бир гуруҳ самарқандликлар билан "Тарих музейи" бекатидан "Темир йўл вокзали" бекатигача трамвайда бирга келди. Самимий мулоқот чоғида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида сўз борди.

Икки томонлама қатновга мўлжалланган йўлда электр билан таъминловчи тўртта подстанция ва битта депо қурилди. Темир йўл вокзали билан Сартепа оралиғидаги 7,2 километрлик йўналишда 8 трамвай ҳаракатланади. Самарқанд шаҳрида тўртта йўналиш бўйича 20 трамвай қатнови йўлга қўйилиши белгиланган.

Шунинг билан Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.

Ушбу ташриф 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ижросининг амалий ифодаси бўлди.

Ташриф давомида белгилаб берилган кенг кўламли вазифалар, муҳокама қилинган йирик лойиҳалар вилоят тараққиётини янги босқичга кўтаради.

Одамлар билан самимий мулоқотлар вилоят аҳлига куч-қувват, катта хурсандчилик бағишлади.

Ўзбекистон ва жаҳондаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишни истасангиз, Sputnik Ўзбекистоннинг Telegram-каналига обуна бўлинг.

Асосий мавзулар