16:24 11 Декабр 2017
Эфир
Ўзбекистон ҳукумати биноси

Вазирлар ҳисобот берди: Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мажлиси бўлиб ўтди

© Flickr/ Stefan Munder
Сиёсат
Ҳавола олиш
73541

Республика Ҳукуматининг мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича 2017-йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан мавжуд захираларни сафарбар этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган тегишли қарорлар қабул қилинди

ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. 2017-йил 18-апрелда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг I чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 14-январида республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2017-йилги иқтисодий дастурнинг устувор вазифалари бажарилишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.

Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий иқтисодий кўрсаткичлари, тармоқлар ва ҳудудларни янада комплекс ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш корхоналари ва минтақаларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилган дастурий чоралар ҳар томонлама ва муфассал кўриб чиқилди.

Қайд этиб ўтилдики, қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тизимли амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилиши, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатиши "Инсон манфаати – ҳар нарсадан улуғ" деган эзгу ғоянинг ҳаётга изчил ва самарали жорий этилишини таъминлади.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж.Раматов, Ғ.И.Ибрагимов, Р.С.Азимов, У.У.Розукулов, Т.К.Нарбаеванинг, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва вилоятлар ҳокимларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017-йил 14-январда Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ҳамда жорий йилнинг январ-апрелида Қорақалпоғистон Республикасига, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларига ташрифлари давомида берилган топшириқларни амалга ошириш бўйича ҳисоботлари эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматовнинг, Давархитектқурилиш қўмитаси раиси Б.И.Закировнинг, "Ўзбекенерго" акциядорлик жамияти раиси Ф.И.Саломовнинг, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти раиси Б.К.Зариповнинг, Тошкент вилояти ҳокими Ш.Х.Бобоевнинг эътибори ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тасдиқланган ўртача муддатли дастурларини, шу жумладан, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани, қишлоқ жойларда ва шаҳарларда арзон уйлар қуришни жадаллаштиришни сўзсиз таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўришнинг зарурлигига қаратилди.

Давархитектқурилиш қўмитаси раиси Б.И.Закировга шаҳарсозликдаги эскирган нормативларни тубдан қайта кўриб чиқишни ва капитал қурилишдаги номутаносибликларни бартараф этишни назарда тутган ҳолда қўмитанинг бутун тизимини тубдан қайта ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар туркуми пакетини ишлаб чиқишни тугаллашни тезлаштириш ва тасдиқлаш учун киритиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Мамлакат Президентининг шу йил 12-апрелда пойтахтнинг Чилонзор туманига ташрифи давомида аниқланган меъморий қиёфани, йўл-транспорт тизимини ва уй-жой-коммунал инфратузилмани яхшилаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари иши самарадорлигини ошириш билан боғлиқ камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Энг аввало, хорижий инвестициялар жалб этилган инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида ишлаб чиқишни таъминлаш, шунингдек, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида йирик стратегик инвестиция лойиҳалари бўйича ишлаб чиқариш обектларини белгиланган муддатларда сўзсиз ишга тушириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И.Ибрагимовнинг, "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси раиси А.С.Султановнинг, "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси раиси Э.Р.Шоисматовнинг ва "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти раиси А.А.Абдуллаевнинг ҳисоботлари эшитилди. Муҳокамалар давомида мамлакат Президентининг Туркманистон, Қозоғистон ва Россия Федерациясига яқиндаги давлат ташрифлари давомида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича имзоланган битимлар ва контрактларни ўз вақтида бажаришни таъминлашга доир қўшимча амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимовнинг, молия вазири Б.А.Хўжаевнинг, иқтисодиёт вазири Г.К.Саидованинг, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари С.С.Ходжаевнинг, шунингдек, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари ҳокимлари З.Ш.Рўзиев ва Х.Х.Бозоровнинг ҳисоботлари эшитилди.

Улар олдига ҳудудий, молия-бюджет ва солиқ режалаштирилишини такомиллаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини ошириш амалий чора-тадбирларини бажариш, туманлар ва шаҳарларнинг субвенсия даражасини пасайтириш ва уларни субвенсиядан чиқариш, нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш ҳисобига макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлашни таъминлайдиган кечиктириб бўлмайдиган комплекс чора-тадбирлар кўриш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосарларининг шахсий масъулияти алоҳида қайд этиб ўтилди. Уларнинг ишлари самарадорлиги аниқ мезонлари бўйича баҳоланади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.К.Шараповнинг эътибори туризм соҳасини ривожлантиришнинг яхлит концепциясини изчил амалга ошириш, туризм индустрияси субектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, туризмни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган барча тўсиқлар ва ғовларни олиб ташлаш, туризм хизматлари бозорида рақобатни ташкил этишга йўналтирилган дастурий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни тезлаштириш зарурлигига қаратилди.

Мажлисда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш ва сафарбар қилишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалда рўёбга чиқаришни таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У.Розукуловнинг, ташқи савдо вазири Э.М.Ғаниевнинг, Жиззах ва Бухоро вилоятлари ҳокимлари У.Й.Узоқов ва Ў.И.Барноевнинг, шунингдек, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг иши натижадорлиги батафсил таҳлил қилинди.

Маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кўпайтиришни таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар учун “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси раиси О.Б.Рустамовга, “Ўзагротехсаноатхолдинг” компанияси раиси Н.С.Отажоновга, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган Олтинкўл (Каримов), Булоқбоши (Махсудов), Қўрғонтепа (Эргашев), Хўжаобод (Исмаилов), Бухоро (Эсонов), Вобкент (Жаводов), Бахмал (Сафаров), Сариосиё (Жўраев), Сирдарё (Назаров) ва Қува (Раҳмонов) туманлари ҳокимларига шахсий баҳо берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У.Розукуловга, ташқи савдо вазири Э.М.Ғаниевга, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси раиси О.Б.Рустамовга, "Ўзагроэкспорт" компанияси раиси Ж.А.Холмухамедовга, барча даражалардаги ҳокимликларга логистиканинг замонавий тизимини ривожлантиришни жадаллаштириш, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини, шу жумладан, Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси ўтказилиши давомида тузилган шартномалар доирасида экспортга етказиб беришнинг кафолатланган ҳажмларини таъминлаш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Нарбаева, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Ш.С.Жавлонов ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари олдига оилаларда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида уларни ҳар хил ҳалокатли таҳдидлардан, ёт диний ва экстремистик таъсирлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, хотин-қизларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик соҳасида оқилона машғул бўлишини таъминлаш мақсадида маънавий-ахлоқий ва тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

Мажлисда 2017-йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларини ҳамда тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг тасдиқланган мақсадли параметрларини муваффақиятли бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича мамлакат президентининг жорий йил 11-апрелдаги қарори талаблари амалда рўёбга чиқарилишини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Республика Ҳукуматининг мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича 2017-йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан мавжуд захираларни сафарбар этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон ва жаҳондаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишни истасангиз, Sputnik Ўзбекистоннинг Telegram-каналига обуна бўлинг.

Асосий мавзулар