15:39 19 Октябр 2017
Эфир
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев дин уламолари билан учрашувда Трамп сўзларидан иқтибос келтирди

Пресс-служба президента Узбекистана
Сиёсат
Ҳавола олиш
94201

Яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмасдан, эгри қадам босадиган, эл-юртимизга иснод келтирадиган кимсалар билан бошқача иш олиб борамиз Буюк шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек, "Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса, жазо топқусидур", деди Ўзбекистон президенти

ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат диний уламолари олдида чиқиш қилар экан АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида айтилган сўзлардан иқтибос келтирди. 

АҚШ президенти ўзининг Саудия Арабистонига сафари олдидан бу тушриф терроризмга қарши кураш учун тамал тоши бўлишини айтиб ўтган эди.

Мирзиёевга кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп борада аниқ ва конструктив таклифларни илгари сурган. Шундан сўнг Мирзиёев Трамп чиқишининг бир қисмини такрорлаб ўтган:

"Мен Президент сифатида Америка халқи ва ўз номимдан кафолат бераман, биз терроризм ва экстремизмга қарши қаттиқ кураш олиб борамиз, бу йўлда, қайси дин вакили бўлишимиздан қатъи назар, барчамиз бирлашишимиз зарур. Ер юзида тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифамиз бўлиши керак, деди АҚШ Президенти".

"Саммит минбаридан янграган бундай гаплар албатта бизга ҳам маъқул бўлди. Шу нуқтаи назардан қараганда, биз бугунги кунда ижтимоий-маънавий ҳаётимизни ривожлантириш борасида амалга ошираётган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз, бунинг учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятларини сафарбар этишимиз шарт. Чунки ҳозирги вақтда дунё миқёсида ҳукм сураётган таҳликали вазият, сиёсий ва иқтисодий инқирозлардан ташвишга тушмаётган бирорта давлат ёки жамият йўқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Айниқса, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммолар, айрим минтақаларда иқтисодий ночорлик, ишсизлик, қашшоқлик кучайиб бораётгани бутун инсониятни қаттиқ хавотирга солмоқда.

Ана шундай ўта мураккаб ва қалтис шароитда қандай йўл тутиш, қандай қилиб тинчлик ва осойишталикни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш мумкин, деган савол барчамизни жиддий ўйлантириши зарур.

Айниқса, кейинги пайтда турли мамлакатларда содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг ижрочилари қаторида миллатимизга мансуб кимсалар ҳам борлиги халқимизда афсус ва надомат уйғотмоқда.

Тинчлик ва осойишталикни, инсонийликни ҳамма нарсадан устун қўядиган халқимиз бундай шахсларни, уларнинг қилмишларини кескин қоралайди. Уларни ўзбек деган номга номуносиб деб ҳисоблайди.

Ҳозирги вақтда ёшлар, айниқса, чет элда ишлаб, ҳалол меҳнат билан даромад топаман, деб юрган фуқароларимиз терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолмаслиги учун биз барча чораларни кўряпмиз.

Авваламбор, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият беряпмиз. Бизнинг мақсадимиз улар билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, умумий муаммоларни биргаликда ечишдан иборат.

Шу мақсадда, мана, Туркманистон ва Қозоғистон Республикасига қисқа муддатда икки марта ташриф билан бордик. Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистонига ташрифларимиз ҳам самарали бўлди.

Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида меҳнат миграцияси бўйича муҳим келишувга эришдик. Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ: одам қаерда бўлса ҳам ишлаши, оиласи, бола-чақасини боқиши керак. Лекин у ҳалол меҳнат қилиши, қонуний йўл билан даромад топиши лозим. Бунинг учун давлатимиз барча шароитларни яратиб беришга тайёр.

Аммо яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмасдан, эгри қадам босадиган, эл-юртимизга иснод келтирадиган кимсалар — уларни нонкўр десак, тўғри бўлади — бундай шахслар билан бошқача иш олиб борамиз. Буюк шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек, "Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса, жазо топқусидур".

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар