01:04 23 Ноябр 2017
Эфир
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев учрашуви

"Ўртамизда чегара эмас, дўстлик дарвозалари бўлади" - икки президентдан ваъда

Официальный сайт президента КР
Сиёсат
Ҳавола олиш
Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи (14)
270591

Атамбаев ва Мирзиёев учрашуви - президентлар нима ҳақда гаплашдилар ва қандай ваъдаларни бердилар? Ўзбекистон президентининг айтишича, Атамбаев билан учрашув давомида кўплаб нозик масалалар ҳал этилган

ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. 5-6 сентябр кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифини уюштирди.

Шу бугун икки мамлакат президентлари тор доирада учрашдилар ва учрашувдан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилдилар, деб хабар берди Спутник Қирғизистон нашри.

Ташриф буюрганларга юзланар экан, Алмазбек Атамбаев "сизлар бугун тарихий воқеанинг шоҳиди бўлиб турибсизлар", деган.

"Бугун биз чегаранинг 85 %и белгилаб олингани ҳақида келишув имзоладик, 15 %гина келишилмаган қисми қолди, холос. Асосийси сиёсий ирода, хоҳиш-истак бор экан ҳар борада келишиш мумкинлигига амин бўлдик", — деб таъкидлаган Қирғизистон президенти.

Шавкат Мирзиёев бу ҳақиқатда тарихий кун бўлганини тасдиқлаган.

"Тасаввур қиляпсизми, 25 йил ичида чегаранинг бир километри ҳам белгиланмаган, бир йилдан қисқа муддат ичида 85%и борасида келишишга муваффақ бўлинди", — деган Мирзиёев.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги чегаралар орқали эркин ҳаракатланиш имкони тўғрисида масала кўтарилган. Атамбаев чегарани кесиб ўтишдаги қийинчиликлар Фарғона водийси аҳолиси учун кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда, дея таъкидлаган.

"Музокаралар чоғида барча масалалар бўйича фикрларимиз мос тушди. Ўзбекистонга уюштирадиган сафаримгача бўлган муддат ичида, ўйлайманки октябр ойида у бўлиб ўтади, бугунги келишувларни рўёбга чиқаришни режалаштирмоқдамиз. Барча чегара пунктлари максимал даражада очиқ бўлиб, одамлар улар орқали эркин ҳаракатланишларига эришамиз, деб умид қиламан. Чегаралар муаммолар манбаи эмас, балки дўстлик ва яхши қўшничилик дарвозаси бўлмоғи лозим", — деб айтган Қирғизистон президенти.

Мирзиёев гулдурос қарсаклар остида йиғилганларга бу борада ҳаммаси бўлишини маълум қилган.

Шунингдек, Атамбаев ва Мирзиёев ГЭС масаласини муҳокама қилганлар.

Илгарироқ Ўзбекистон томон Норин дарёсида ГЭС қурилишига қарши эди.

"Бугун биз сув масалалари ва ГЭС қурилиши борасида келишувга бора олдик. Алмазбек Шаршенович биронта ҳам станция Ўзбекистон иштирокисиз қурилмаслигини маълум қилди", — деб қайд этган Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ушбу лойиҳаларни амалга оширишда ўз давлати Қирғизистонни молиявий томондан ҳамда ресурслар билан қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

"Биз биргаликда Қамбар-ота" ГЭСини қурамиз, у бизга зарур", — деб таъкидлаган президент.

Икки давлат президентлари бир-бирини бир неча маротаба "дўст" ва "биродар" деб аташган ва бир-бирларидан яхши гапларни аямаганлар.

Хусусан, Атамбаев қўшни мамлакатда сўнгги бир йил ичида кескин ўзгаришлар юз берганини, позитив ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётганини эътироф этган. Шулар ўлароқ Ўзбекистон нафақат жўғрофий, балки сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан минтақа марказига айланишига ишонч билдирган.

"Сиз сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистон ва Қирғизистон кутган прогрессив етакчисиз. Мен сиёсий донишмандлигингиз учун сизга яна бир бор ташаккур билдирмоқчиман", — деган Атамбаев Мирзиёевга юзланиб.

Мирзиёев ўз навбатида қисқа давр ичида Атамбаев раҳбарлиги остида Қирғизистонда вазиятни барқарорлаштириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилганини эътироф этган. Қирғизистон ютуқлари Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларни фақат хурсанд этишини қўшимча қилган.

Мавзу:
Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи (14)

Асосий мавзулар