15:04 21 Ноябр 2017
Эфир
Первый секретарь ЦК КП Узбекистана Ш.Р.Рашидов

СамДУда Шароф Рашидовга ёдгорлик лавҳаси очилди

© Sputnik/ Пенсон
Сиёсат
Ҳавола олиш
Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи (19)
444 0 0

Атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов 1937-1941 йилларда Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган

ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Шароф Рашидов таҳсил олган бош биноси пештоқига ўрнатилган ёдгорлик лавҳаси очилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумати портали.

Атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов 1937-1941 йилларда Самарқандда Ўзбек давлат университети (ҳозирги Самарқанд давлат университети)нинг филология факультетида таҳсил олган. Талабалигидаёқ университет ҳаётида фаол иштирок этган Шароф Рашидов филология факультети қошидаги адабий тўгаракнинг истеъдодли аъзоларидан бири бўлган.

Шароф Рашидов кейинчалик вилоят, республика идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган пайтларида ҳам қадрдон университетига тез-тез келиб турган. Устозлари, дўстларини йўқлаган, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатган.

Самарқанд давлат университетида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда ўзбек халқининг севимли фарзанди ана шундай хотиралар билан ёдга олинди.

Вилоят жамоатчилиги вакиллари, пойтахт ва Жиззах вилоятидан келган меҳмонлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон президентининг 2017 йил 27 мартдаги "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорига кўра мамлакатда ушбу сана муносабати билан кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани таъкидланди.

Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов, профессорлар М.Жўрақулов, Ҳ.Умуров, "Жиззах овози" газетаси бош муҳаррири А.Иномов ва бошқалар Шароф Рашидовнинг ибратли ҳаёт йўли ва серқирра ижоди, Самарқандга меҳри туфайли бу ерда амалга оширган бунёдкорлик ишлари, университет билан алоқаси ҳақида сўз юритди.

"Самарқандда Шароф Рашидов бормаган, бу инсоннинг эътибори билан обод этилмаган маҳалла, қишлоқ йўқ, десак, муболаға бўлмайди, — дейди "Нуроний" жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳ.Нормуродов. — Айниқса, у киши олис қишлоқларда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, одамларнинг оғирини енгил қилишга алоҳида эътибор қаратган. Вилоятимиздаги кўплаб чекка қишлоқларда у кишининг ташаббуси билан замонавий турар жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари бунёд этилган".

Тадбирда Шароф Рашидовнинг қизи, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси институти директори, академик Сайёра Рашидова отаси хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг бошида турган Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдирган.

Мавзу:
Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи (19)

Асосий мавзулар