04:20 22 Ноябр 2017
Эфир
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёевдан Марказий Осиё бўйича "олти дипломатия" таклифи

Sputnik / Рамиз Бахтияров
Сиёсат
Ҳавола олиш
Самарқанддаги Марказий Осиё минтақасига бағишланган халқаро анжуман (19)
109560

Самарқандда бўлиб ўтган халқаро анжуманда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг тараққий этиши ва гуллаб-яшнашига хизмат қилувчи олти муҳим вазифаларни санаб ўтди

ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Марказий Осиё давлатлари айнан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида энг долзарб ва муҳим масалаларда ўз салоҳиятини янада самарали амалга ошира олади. Ишончим комил, бундан барча — Марказий Осиё давлатлари қаторида бошқа мамлакатлар ҳам бирдек манфаат кўради, деди Самарқанддаги Марказий Осиё минтақасига бағишланган халқаро анжуманда сўзлаган нутқи давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев Марказий Осиёни яқин келажакда барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришга хизмат қиладиган олти таклифни илгари сурди.

Биринчи таклиф: Бизнес-дипломатия

Ўзбекистон раҳбари савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацияни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш кераклигини ва минтақавий иқтисодий форумни ташкил этиш бу йўналишдаги амалий қадам бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

"Минтақалараро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилиши лозим. Шу муносабат билан Марказий Осиё давлатларининг ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этишни таклиф қиламан. БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини берган бўлар эди. Ушбу механизмлар бутун Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаган ҳолда, мамлакатларимиз ҳудудларининг саноат, инвестиция ва интеллектуал соҳалардаги салоҳиятини тўла ишга солиш имконини беришига ишонаман", — деди президент.

Иккинчи таклиф: Транспорт дипломатияси

Мирзиёевга кўра, минтақанинг транзит-логистика салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ва транспорт инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш лозим.

Ўзбекистон раҳбари бу йўналишда минтақа мамлакатлари томонидан амалий қадамлар қўйилганини мамнуният билан қайд этди.

"Туркманистонлик дўстларимиз томонидан Амударёдан ўтадиган Туркманобод — Фороб янги темир ва автомобиль йўллари кўприклари ишга туширилди. У Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон транспорт-транзит йўналишининг муҳим тармоғидир.

Тез орада Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли қурилишини бошлаш бўйича келишувга эришилди, шунингдек, ушбу транспорт йўлаги бўйлаб синов тариқасидаги автопойга амалга оширилди.

Шу муносабат билан Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз".

Президент умумий ёндашувларни келишиб олиш учун 2018 йилда Тошкентда "Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар" мавзусида халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилаётганини айтиб, конференциянинг ишида барча шериклар фаол иштирок этишига умид билдирди.

Учинчи таклиф: "Превентив дипломатия"

Мирзиёев бугунги кунда минтақанинг барча мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келаётгани, ушбу таҳдидларга қарши самарали курашишни фақат биргаликда, минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик механизмлари доирасида таъминлаш мумкинлигини айтди.

"Хавфсизликка таҳдидларни "ўзиники ва ўзгаларники" деб ажратишдан воз кечиш, "яхлит хавфсизлик" тамойилига амалда риоя қилиш зарур, деган қатъий фикрдамиз", — алоҳида таъкидлади президент.

Мирзиёевга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минтақавий хавфсизлик муаммосини, аввало, превентив дипломатия усулларидан фойдаланган ҳолда ҳал қилишда муҳим ўрин тутиши лозим. Шунингдек, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар механизмлари доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур.

Шу ўринда Марказий Осиёда барқарор ва изчил тараққиётнинг истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон раҳбари биринчи галда Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашиш кераклиги ва бу дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ғоят муҳим ҳисса бўлиб қўшилишини қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистон бундан кейин ҳам бу қўшни мамлакатни иқтисодий жиҳатдан тиклаш, унинг транспорт ва энергетик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрлар тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этишини таъкидлади.

Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг устувор йўналиши — экстремистик ғояларга қарши қатъий курашишдан иборатдир. Кўпинча ҳаётга энди қадам қўяётган ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда.

Марказий Осиё — аҳолининг ёши бўйича энг "ёш" минтақалардан биридир: бу ерда аҳолининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади ва бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан анча юқоридир.

Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда Нью-Йоркда бўлиб ўтган сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.

"Ушбу ташаббусларни Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари қўллаб-қувватлагани ёшлар ўртасида радикал қарашлар тарқалишининг олдини олиш, тўғри йўлдан адашганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтаришга тайёрлигимизнинг амалдаги яққол ифодаси сифатида намоён бўлади.

Бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, биринчи галда ёшларни илм-маърифатга ўргатиш, уларга ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ислом маданиятининг асл қадриятларини етказиш экстремизмга қарши курашишнинг энг самарали воситаси ҳисобланади.

Бу борада биз Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этишга қарор қилдик", — қайд этди Мирзиёев.

Тўртинчи таклиф: "Чегара дипломатияси"

Мирзиёев давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш жараёнини тезда ва узил-кесил якунига етказиш керак, дея қайд этди.

"Биз чегараолди муаммоларини ҳал этиб, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлида мустаҳкам пойдевор яратамиз.

Биз давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги музокараларда юзага келадиган мураккаб масалаларни ҳал этиш бўйича изчил йўлга қўйилган ва биргаликда чуқур ўйлаб амалга ошираётган ишларимизни давом эттириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биз оқилона муроса ва ўзаро тенг алмашинув асосида, ўзаро манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, бу ўта долзарб муаммони тез орада ҳал этамиз, деб ишонаман", — деди президент.

Бешинчи таклиф: "сув дипломатияси"

Ўзбекистон президенти ўз нутқида минтақада сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш муаммосини имкон қадар тезроқ тартибга солиш лозимлигини таъкидлади.

"Ишончим комил, мазкур масалаларни ҳал этишда минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга оладиган халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида иш олиб бориш кутилган самарани беради.

Ўзбекистон БМТ томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Орол денгизининг экологик ҳалокати билан боғлиқ энг ўткир муаммоларни ҳал этиш ҳам саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни талаб этади. Орол муаммоси бизнинг нафақат умумий дардимиз, балки умумий вазифамиздир.

Минтақавий ва халқаро даражада сайъ-ҳаракатларимизни бирлаштирмасдан туриб, ушбу таҳдидларга қарши муносиб чоралар ишлаб чиқа олмаймиз.

Биз Оролбўйида юзага келган долзарб муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, ижтимоий муҳим аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга донорлик кўмагини жалб этиш мақсадида Марказий Осиё минтақасининг барча давлатлари фаолиятини янада фаоллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз".

Олтинчи таклиф: "Халқ дипломатияси"

"Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш лозим. Бу Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликни жадаллаштиришнинг асосий шартларидан биридир.

Шу нуқтаи назардан, биз фаол маданий-гуманитар мулоқотни давом эттириш, мамлакатларимизда маданият кунлари ва турли ижодий тадбирларни мунтазам ташкил этиш, таълим ва сайёҳлик соҳасидаги алмашувларни "халқ дипломатияси"нинг энг муҳим воситаси сифатида ривожлантириш тарафдоримиз", — деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, минтақада дўстлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлайдиган энг ишончли усули бу оддий ва очиқ инсоний мулоқотдир.

Мавзу:
Самарқанддаги Марказий Осиё минтақасига бағишланган халқаро анжуман (19)

Асосий мавзулар