04:18 22 Ноябр 2017
Эфир
Оқбўтаев Ҳиммат Қўчқорович

Масъулиятсизликда айбланиб, ишдан олинган Оқбўтаев яна раҳбарлик вазифасига қайтарилди

© Qalampir
Сиёсат
Ҳавола олиш
304351

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 5 ойлик синовдан кейин 2017 йил 10 ноябрь куни Самарқанд вилояти этиб тасдиқланган Туробжон Жўраев президент ишончини йўқотган собиқ ҳокимни яна раҳбарлик лавозимига қайтарди. Оқбўтаевга яна бир имкон берилди

ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев Халқ депутатлари Каттақўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари 24 сессиясида Ҳиммат Қўчқорович Оқбўтаевни Қўшработ туманига ҳоким этиб тасдиқлади.

Илгарироқ Қўшработ тумани ҳокими соғлиғи туфайли вазифасидан озод этилгани ҳақида хабар қилган эдик.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев жорий йилнинг 12 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил биринчи ярмида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши давомида эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.

Жорий йил 10 июнь куни Самарқанд вилоятида бўлган Мирзиёев ҳудудларни ривожлантириш борасида давлат органларининг ўрни ва масъулияти ҳақида сўз юритар экан, айрим раҳбарларнинг бефарқлиги ва ҳаракатсизлиги оқибатида бу ҳудудда жуда кўплаб жиддий муаммолар тўпланиб қолгани маълум бўлганини қаттиқ танқид қилган эди.

Айниқса, вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, вилоят идоралари раҳбарлари ўртасида амалий ва соғлом муносабатга путур етгани — Самарқанднинг бугунги тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётганини алоҳида қайд этган эди.

"Вилоят ҳокимининг жамоатчилик ва раҳбарлар фикрини инобатга олмасдан иш тутиши, ижрочилар олдига саёз ўйланган вазифа ва топшириқларни қўйиши, унда журъат ва ташаббускорлик, масъулиятни дадиллик билан ўзига олиш фазилатлари етишмаслиги ҳозирги вақтда вилоятда ўта жиддий ва долзарб вазифаларни ҳал этиш имконини бермаяпти. Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот мавжуд эмас, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларда узилиш пайдо бўлган", — дея қайд этган эди президент.

2016 йил 23 декабрдан Самарқанд вилоят ҳокими лавозимида фаолият кўрсатиб келган Ҳиммат Оқбўтаев бош вазир ўринбосари ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимига тайинланган Зойир Мирзаев ўрнини эгаллаган эди.

Яқинда бўлиб ўтган Марказий Осиёга бағишланган халқаро анжуман олдидан Самарқандга сафар уюштирган президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги айрим натижаларни қисқача таҳлил қилиб, Самарқанд вилоятига янги ҳокимни тасдиқлаш олдидан, яна собиқ ҳоким Оқбўтаевнинг камчиликларига тўхталиб ўтган эди.

"Афсуски, вилоят собиқ раҳбарининг мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар қилишга қурби етмади, вилоят аҳлини жипслаштириш ва унга бошчилик қилишни эпламади, ўзини масъулиятли ишлардан четга олди. Шу сабабли жорий йил июнь ойида Ҳ.Оқбўтаевни вазифасидан озод қилиб, Туробжон Жўраевни вилоятга вақтинча раҳбар этиб тайинладик…", — деди президент.

Мирзиёев, шунингдек, вилоятга ҳоким тайинлаш олдидан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги сиёсий партиялар гуруҳлари билан, вилоят фаоллари ва оқсоқоллари билан атрофлича маслаҳатлашганини маълум қилди.

"Шу асосда мен катта тажрибага эга бўлган, бир неча йиллар давомида вазир, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳоким бўлиб ишлаган, бугунги кунда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Туробжон Икромович Жўраев номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этаман", — деди Мирзиёев.

Туробжон Жўраев 1966 йилда туғилган. Ўз фаолияти давомида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида дарс берган, Молия вазирлигида бошқарма бошлиғи, вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Кейин халқ таълими вазири, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокими лавозимларида фаолият кўрсатган.

2017 йилда Бекобод тумани ҳокими, июнь ойидан буён эса Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига ўра, Туробжон Жўраев иқтисодчи олим, катта амалий тажрибага эга раҳбар сифатида ўтган 5 ой мобайнида Самарқанд вилоятининг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасининг ичига кириб бора олди, одамлар билан яқиндан мулоқот қилиб, уларнинг ишончини қозонди.

Мирзиёев Самарқанд вилоятининг ҳозирги ҳокимига катта ишонч билдирди.

"У бундан буён ҳам зиммасидаги улкан масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис қилган ҳолда, Самарқанд аҳли билан тил топишиб, бу кўпни кўрган, мард ва олижаноб элга муносиб бўлиб иш олиб боради, деб ишонаман", — деган эди президент.

Асосий мавзулар