06:24 13 Декабр 2017
Эфир
Конференция по обеспечению безопасности и устойчивого развития в Центральной Азии

Самарқанд анжумани ва Мирзиёев доктринаси – холис назар

Sputnik / Рамиз Бахтияров
Сиёсат
Ҳавола олиш
Игорь Николайчук
74850

Самарқандда 10-11 ноябр кунлари "Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik, Игорь Николайчук. Самарқанд анжуманида жаҳоннинг 20 дан ортиқ мамлакатларидан келган сиёсатчилар, дипломатлар ва экспертлар Марказий Осиёда бугунги кунда тўқнаш келаёган муаммоларни ва таҳдидларни, шунингдек, минтақада ва унинг ташқарисидаги келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилишди.

Ушбу ҳодисага менинг муносабатим шундай тадбир жуда қизиқарли ва муҳим, лекин Россия хавфсизлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунинг учун, холис назар. Бефарқлик ёки бир чеккадан туриб қараш эмас.

Шундан бошлаш мумкинки, бугунги кунда Ўзбекистон кучли дипломат кадрларига эга. Мен ҳеч кимни ҳафа қилишни истамаяпман, лекин на маданият арбоблари, на иқтисодчилар ҳаттоки ҳарбийлар ҳам ҳозирча бунчалик кўзга кўринишмаяпти. Дипломатлар эса яққол кўзга ташланишмоқда. Улар бунга лойиқ.

Хусусан мен ўзим, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ходимларини жуда яхши кўриб қолдим. Улар ўсиб бораётган мукаммал коллективга айланган. ТИВ ва унга яқин бошқа тузилмалар ҳам илдам қадамлар ташламоқда. Уларнинг олдига ҳар қандай кенг кўламли жиддий вазифалар қўйса ҳам бўлади. Масалан, Марказий Осиё геосиёсатнинг мустақил ва яхлит бирлиги — деган сиёсий тамойилни жорий қилиш.

Шу билан бир вақтда, шуни англаш керак-ки, Марказий Осиё халқлари ривожланиш, маданият, иқтисод, геосиёсат нуқтаи назаридан ягона бирликни ташкил қилади. Ҳудуд хавфсизлик муаммолари ҳам умумийдир. Бу мавзуда эса, муҳокама қиладиган нарса кўп ва шунинг учун ҳам у муҳимдир. Буни "Мирзиёев доктринаси" ёки "Марказийосиёчилик" деса ҳам бўлади.

Бу доктринани (сиёсий нуқтаи назарни) маълум дипломатик босқичлар натижасида амалга ошириш мумкин. Дастлаб давлат томонидан олий даражада жаҳон саҳнасида уни эълон қилиш керак. Бу Мирзиёев томонидан БМТ минбаридан туриб амалга оширилди. Президент сўзлаган нутқи кучли ва муҳим бўлгани ҳақида мен олдин ҳам айтиб ўтган эдим. Бу муваффақиятли қадам бўлган эди. кейинги босқичда эса, муваффақиятни мустаҳкамлаб олиш учун — турли мамлакатлар экспертлари ёрдамида муҳокама қиладиган халқаро анжуман ўтказиш керак эди. Бу ҳам амалга оширилди, 20та мамлакатдан экспертлар келди. Бу жуда яхши.

Бошида анжуман БМТ шафелигида ўтказилади дейилган эди, лекин аслида эса БМТ жуда суст ҳаракат қилди. Тўғри БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатияси бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман минтақада давлатлар ўртасида яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича халқаро анжуман тарихий моҳиятга эга эканини эътироф этди. Шунингдек, БМТнинг Марказий Осиёда наркотиклар ва жиноятчилик бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал бу халқаро анжуман яна бир бор минтақадаги давлатларнинг наркотрафикка, одам савдоси қарши курашиш, барқарорликни таъминлаш якдил қарашларни намоён қилганлиги ҳақида гапириб ўтди.

Шунингдек, Миттал конференцияда билдирилган таклифлар ва ташаббуслар келгуси музокаралар учун асос сифатида хизмат қилиши ва БМТнинг барча тузилмалари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Тўғрисини айтиш керак, буни жуда катта ваъда деб бўлмайди. Шу сабабдан бўлса керак, ўзбек ОАВларидан бошқа ОАВлар Самарқанд конференцияси "БМТ шафелиги" остида ўтказилганига унчалик катта урғу бериб ўтишмади.

Анжуманда иштирок этган америкаликлар сўзлаган нутқларига кўра, АҚШнинг Марказий Осиёга муносабатини бефарқроқ деса ҳам бўлади. Улар айтишига қараганда, АҚШнинг ушбу ҳудудга диққатини жамлаш истаги йўқ. Оддий сўз билан айтганда, ушбу ҳудуд мамлакатлари билан умумий (ҳудудий)асосда эмас, яккама-якка тартибда белгиланади. Албатта, АҚШ учун Марказий Осиё раҳбарлари билан Афғонистон борасида музокаралар олиб бориш муҳим, лекин АҚШ Давлат Департаменти учун "С5+1" кўринишдаги музокаралар ушбу ҳудудда сиёсат олиб боришнинг ягона услуби эмасга ўхшайди. Хусусан, АҚШ учун бу ерда янада "қизиқроқ" имкониятлар бўлиши мумкин. Масалан, Афғонистон муаммосини Ҳиндистонга топшириб, шундай йўл билан уни Хитой ва Покистон зарбаси остига қўйиш. Афғонистон ҳукуматига эса бугунги кунда фақат бир нарса керак — пул, хавфсизлик эмас!

Ушбу ҳудуднинг сиёсий ягона бўлиш режаларини икки қўли билан қўллаб-қувватловчи куч бу — Европа Иттифоқи бўлиши мумкин. Охирги вақтларда ЕИ дунёда иқтисодий "йиртқичга" айланиб бормоқда. Марказий Осиёдаги 70 миллионли истеъмолчилар бозори унинг учун яхшигина совға бўлиши мумкин. ЕИ учун ушбу миллионларни, албатта, беш бўлакка бўлиб эмас, ёппасига олган маъқул. ЕИ хавфизлик сиёсати бўйича комиссари Федерика Могерини ўз нутқини ўлган шерни бир тепиб ўтиш билан бошлади. Хусусан, у Марказий Осиё халқлари собиқ Иттифоқ таркибида бир неча ўн йилллар давомида бўлишига қарамасдан Марказий Осиё халқлари ўз маданияти ва урф-одатларини йўқотмаганлигини айтиб ўтди.

Мен ўша вақтларнинг тирик гувоҳи сифатида, Могерини хонимга эътироз билдиришим мумкин. Ўша вақтларда Москва кўчаларида дўппи кийган ўзбек эркаклар ёки чиройли атлас кўлакли ўзбек қизлар жуда мос кўринар эди, чунки СССРда ҳар қандай миллий ўзига хослик қўллаб-қувватланар эди. Бугун ҳам Москва кўчаларида ўзбекистонлик меҳмонлар жуда кўп. Лекин уларнинг асосий "маданияти" арзон европа спорт кийимлари-ю хитой курткалари билан белгиланадиган бўлиб қолган. Чиройли миллий чопонлар эса бозорларда қизиқ совға сифатида сотилмоқда. Мен буни шунчаки гап ўрнида айтаяпман, холос.

Федерика Могерини буни очиқчасига айтди ҳам. Унинг сўзларига кўра, ЕИ Марказий Осиё билан савдо-сотиқ соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор, бу уларга 70 миллионли бозорга чиқиш имконини беради. Лекин бунинг учун МО ҳудудида иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар олиб бориш керак. Ушбу ишлар айнан ҳозир фаоллик билан олиб борилмоқда деса ҳам бўлади.

Самарқандда аъло даражада ташкиллаштирилган анжуман яна бир муҳим ҳолатни намойиш қилди. Ўзбекистон раҳбарияти дунёдаги вазиятни яхши англаб тушунган ва ўз ташаббусига эга. Улар ўзининг ижобий сиёсий ниятларини ҳам намойиш қилмоқда.Шунингдек, яхшигина дипломатик ресурслар ҳам бор. Қўшни мамлакатларнинг ушбу ташаббусга бўлган ҳамжиҳатлиги ҳозирча номаълум бўлсада, лекин бу катта йўлнинг боши. Хўш, нима ҳам дердик, қимирлаган қир ошар. Ҳамроҳлар эса эртами кечми йўлда учрайди ёки қўшилади. Ушбу йўлда нафақат қайси томонга бориш, балким ким билан бориш ҳам муҳимдир.

Асосий мавзулар