03:41 14 Декабр 2017
Эфир
Встреча Шавката Мирзиёева и Ашрафа Гани

"Навоийдан бир байт": Афғонистон президенти ўз нутқини ўзбек тилида бошлади

© Пресс-служба президента Узбекистана
Сиёсат
Ҳавола олиш
Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи (17)
134851

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ОАВ вакиллари билан учрашуви чоғида Шавкат Мирзиёевга "биродарим" дея мурожаат қилди ва бутун афғон халқи номидан ўзбек халқига самимий салом ва тилакларни етказди

ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Кўксаройда ўтган музокаралар якунида ОАВ вакиллари билан учрашуви чоғида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ўз нутқини ўзбек тилида бошлади.

Ашраф Ғани ўзбек тилидаги нутқи чоғида ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари заиф бўлганлигини айтди ва ушбу тарихий ташриф эндиликда мамлакатларнинг ўзаро алоқасига янгича мазмун беришини таъкидлади.

"Биз ўзаро алоқаларни тиклагани келганмиз", — деди ўзбек тилида Афғонистон президенти.

Ашраф Ғани, шунингдек, Афғонистондаги учинчи расмий тил — ўзбек тили эканлигини ва бундан афғон халқи ниҳоятда ифтихор қилишини қўшимча қилди.

Афғонистон президенти, шунингдек буюк мутафаккир Алишер Навоий ижодидан бир байт ўқиб берди. 

Афғонистон президентининг ўзбек тилидаги нутқи учрашув иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ашраф Ғанининг ўзбек тилидаги нутқини олқишлаб, бу икки халқнинг тарихи, тили, маданияти яқинлигидан далолат эканлигини қайд этди.

"Кеча ярим соат гаплашганимиздан сўнг бизга таржимон керак бўлмай қолди", — деди Мирзиёев.

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Мавзу:
Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи (17)

Асосий мавзулар