07:04 23 Январ 2018
Эфир
Олий Мажлис

Қонунчиликни халққа яқинлаштирадиган институт ўз фаолиятини бошлади

© Flickr
Сиёсат
Ҳавола олиш
22420

Институтнинг ҳар бир бўлими халқ билан, кенг жамоатчилик билан ишлайди. У ҳозирда билим, малака, савия ва тегишли хорижий тилларни билиш жиҳатидан ҳар томонлама етук амалиёчилар ва олимлар билан тўлдирилмоқда

ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди, деб хабар қилди мамлакат Қоунунчилик палатаси матбуот-хизмати.

Институт зиммасига бир неча йўналишдаги вазифалар юклатилган.

Институт биринчидан, қонунчилик муаммоларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини, яъни қонунларнинг ҳаётга қандай татбиқ этилаётганини ўрганади, Олий Мажлис палаталарининг фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлайди.

Иккинчидан, парламент палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди, уларнинг профессионаллик даражасини оширишга кўмаклашади. Жумладан, депутат ёки сенатор буюртмасига кўра бирор-бир соҳада кичик тадқиқот ўтказиб, тегишли муаммонинг ечимига қаратилган илмий асосланган маълумотномалар тайёрлаб беради. Ёки қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича берган таклифини амалга оширишда методик, амалий кўмак беради.

Учинчидан, ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказади, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепцияларини ишлаб чиқади.

Бугунги кунда жами 20 мингга яқин қонун ҳужжатлари мавжуд бўлиб, шундан атиги 2,1 фоизи қонунлар. Институт мазкур кўрсаткич салмоғини, қонунларнинг улушини ошириш, энг муҳими тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш борасида ташаббуслар билан чиқади.

Институт ўз зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш учун давлат ҳокимияти органларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, таълим ва илмий муассасалардан, бошқа ташкилотлардан зарур бўлган ҳужжатлар, материаллар ва маълумотларни сўраш ҳамда олиш ҳуқуқига эга. Бевосита давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органларидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганади.

Илмий, ахборот-таҳлилий материалларни, қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш, тадбирлар ўтказиш ҳамда институт ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни амалга ошириш учун олимлар, мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар тузади.

Институтнинг ҳар бир бўлими халқ билан, кенг жамоатчилик билан ишлайди, улар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг фикрларини олиб, тадқиқот ўтказади, мақсадга мувофиқ таклифларни қонунчиликда акс эттириш бўйича илмий-амалий таклифларни ишлаб чиқишга қодир, билим, малака, савия ва тегишли хорижий тилларни билиш жиҳатидан ҳар томонлама етук амалиёчилар ва олимлар билан тўлдирилмоқда.

Таъкидланишича, институтни шакллантириш жараёнида жаҳон тажрибасини, 50 дан ортиқ мамлакат амалиёти, яъни парламентга илмий-эксперт, таҳлил хизматини кўрсатадиган турли шаклдаги органлар иши ўрганилган.

Асосий мавзулар