ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Ўзбекистон республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2016 йил 21 май кунги 205-рақамли "Ўқув жараёни графигига ўзгартириш киритиш тўғрисида" буйруғига кўра Ўзбекистон пойтахти ва бир қатор вилоятлардаги Олий таълим муассасаларида жорий ўқув мавсуми ўз муддатидан эртароқ якунланади, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот-хизмати.
Тошкент шаҳридаги олий ўқув масканларида таҳсил олаётган талабаларнинг сўзларига қараганда, ҳозирда айрим олий ўқув масканларида ўқиш икки сменада амалга оширилмоқда.
"Ўқиш мавсуми 10-июнда тугаши ҳақида шанба куни огоҳлантирилдик. Ўқитувчилар календар режасига киритилган мавзулар биз талабаларга етказиб берилиши учун ҳозирда икки смена ўқияпмиз. Бу бир томондан яхши, албатта. Айниқса, ўқишни хоҳлайдиган талабалар бу хабардан хурсанд бўлишди. Буйруқ қандай бажарилаётганини эса проректорларнинг ўзлари шахсан назорат қилишмоқда", — деди Спутник мухбирига пойтахтдаги ОТМ талабаларидан бири.