11:10 23 Август 2017
Эфир
Гулмурод Ҳалимов тасвирланган видеолавҳа. Архив сурат

Террорчи тарихи: ҳарбийликдан ИД раҳбарлигигача

Sputnik
Жамият
Ҳавола олиш
143110

Тожикистон милициясининг махсус аҳамиятга эга бўлинмаси (ОМОН) собиқ командири Гулмурод Ҳалимов “Ислом давлати” террорчилик гуруҳида иккинчи шахсга айланди.

ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ал-Тожикий номи билан танилган Гулмурод Ҳалимов шу йилнинг июлида йўқ қилинган Тархан Батирашвили (Умар аш-Шишани)нинг ўрнини эгаллади, дейилади Sputnik Тожикистон чоп этган мақолада.

У бу лавозимга расман ўтирмади, ОАВнинг айтишича, гуруҳдагилар Ҳалимовга нисбатан аёвсиз ов эълон қилиниши ва унинг бошига ҳам илгариги ҳарбий етакчисининг тақдири тушишидан хавотирда.

Ироқнинг Найнаво вилояти хавфсизлик хизматидаги манбанинг айтишича, ҳарбий раҳбар лавозимини эгаллаган Ҳалимов Абу Бакр ал-Бағдодийдан кейинги иккинчи шахсга айланди. Маълумотларга қараганда, унинг бир йил ичида бу мавқега эришишига Ҳалимовнинг ҳарбий тайёргарлиги ва Марказий Осиё, хусусан Тожикистондан ёшларни ўз сафига жалб эта олишдаги маҳорати сабаб бўлган.

Хавфсизлик хизматининг нўноқлиги

Тожикистон ОМОНи раҳбарининг ИД сафига қўшилганлиги ҳақидаги хабар бутун мамлакатни карахт аҳволга солиб қўйди. 2015 йилнинг 23 апрелида Ҳалимов ишга чиқмади, қариндошлари унинг тез орада қайтишини айтиб қаергадир кетганини билдиришди. 27 май куни эса ижтимоий тармоқларда полковник ўзининг ИД сафига қўшилганлиги ҳақидаги видеотасвирни жойлаштирди.

Бундай юқори мартабали ҳарбийнинг ИДга қандай қилиб қўшилиб қолганлиги, мамлакатда терроризмга қарши кураш кучайиб бораётган бир пайтда хавфсизлик хизматининг бу қадар нўноқлик қилгани кўплаб эътирозларга сабаб бўлди.
Республика ИИВ аввалига анчагача ушбу видеотасвирга изоҳ бермади, кейин эса Ҳалимов ҳақиқатан ҳам мамлакатни тарк этгани ва Сурияда эканлигини тан олди.

28 май куни Тожикистон бош прокуратураси Ҳалимовга нисбатан жиноят кодексининг учта:  давлатга хиёнат, жиноий тузилмада қатнашиш ва бошқа мамлакат ҳудудидаги ҳарбий низо ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш моддалари бўйича жиноят иши қўзғади.

Ўтган йилнинг 25 июлида ИИВ раҳбари Рамазон Раҳимзода матбуот анжуманида Гулмурод Ҳалимов қилган ишидан пушаймон эканлигини, мамлакатга қайтиб қонун олдида жавоб бермоқчилигини билдирди. "Лекин жосус, ўз отаси, фарзандлари, ватанини сотган хоинга шафқат йўқ. Унинг тақдири унинг муаммоси", — деди вазир.

2015 йил декабрда тожик ОАВда номаълум манба маълумотига кўра Ҳалимов жиддий яралангани ва энди ногирон бўлиб хўжайинларига керак бўлмай қолганлиги ҳафқида хабар тарқалди. Ушбу маълумотни тожик куч тузилмаларига Суриядан Тожикистонга ўз ихтиёри билан қайтган жангари айтганлиги рўкач қилинди.

Июнда Интерпол Ҳалимовни қидирувдаги ва Тожикистонга экстрадиция қилинувчи шахслар рўйхатига киритди. Сентябрда АҚШ ҳукумати уни террорчилар рўйхатига қўшди, 2016 йил февралида эса у БМТнинг санкцион рўйхатига киритилди.

Кейин эса Ҳалимов ҳақида унутилди. Кимдир унинг тузалиб ИД сафига қайтганини, яна кимдир у аллақачон ўлганлигини айтди. У ҳақда ҳеч қандай расмий хабар берилмади. Яқинда, ғалати тасодифга кўра Вашингтон Ҳалимовнинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун уч миллион доллар мукофот эълон қилганидан бир неча кун ўтгач у раҳбарлик лавозимини эгаллаганлиги ҳақида хабар тарқалди.

Тахминлар

Қандай қилиб юқори лавозимли амалдор ҳеч кимнинг шубҳаси остига тушмасдан Сурияга осонгина қочиб кетди? У қандай қилиб аэропортда чегарани рухсатсиз кесиб ўтди? Аслида юқори лавозимли амалдорлар республикани фақат давлат раҳбарининг рухсати билангина тарк этишлари мумкин-ку.

Яна бир савол. У нима учун бу йўлга кирди? Нафақат Тожикистонда, балки АҚШ ва Россияда ҳам кўплаб йиллик тайёрловдан ўтган ҳарбий бундай қадам ташлади?

Бу борада бир нечта тахминлар мавжуд.

Норозилик

Ишониш мумкин бўлган тахминлардан бирини Гулмурод Ҳалимовнинг ўзи айтган. У тарқатган видеотасвирида Тожикистон ИИВнинг иш услуби, намоз ўқиш ва мусулмонлар кийимида юришнинг тақиқланишига қарши эканлигини шу тарзда ифодалаётганини изоҳлаган. У шунингдек Тожикистон ҳукумати сиёсатини, Душанбенинг Россия ва АҚШ билан алоқаларини танқид қилган.

Диндорлик

Яна бир сабаб сифатида эса унинг халифалик тузиш заруриятига ишониши келтирилади. Қайсидир даражада у бу фикрни тасдиқлайди. Айтишича, у 2001 йилдан буён намоз ўқиб келади. У Тожикистон ва ислом дини тарихини билгани боис ИД сафига кирганини таъкидлайди. Унинг қариндошлари, ҳамкасблари эса Ҳалимов ҳеч қачон художўй бўлмагани ва намоз ўқимаганини бир овоздан таъкидлашади.

Пул учун

Айримлар Ҳалимов Сурияга мўмай пул илинжида кетган деб ҳисоблашади. Лекин бу тахминга ҳеч ким жиддий эътибор қаратмади. ОАВнинг маълумотига кўра Суриядаги ёлланма аскарлар ойига 600дан 1000 долларгача олишади. Агар жангари хотини ва боласи билан келган бўлса мос равишда қўшимча 50 ва 35 доллар пул олади.

Дарвоқе, Ҳалимовнинг оиласи, аниқроғи унинг иккинчи хотини ва тўрт нафар фарзанди 2016 йилнинг февралида Сурияга кетишган. Ҳеч қандай тўсқинликларсиз…. Янада қизиғи, 43 ёшли Ҳумайро Мирова божхона хизмати матбуот марказининг бошлиғи лавозимида ишлаган. У капитан унвонига эга бўлган, божхонага ўтгунига қадар Тожикистон ИИВ матбуот хизматида ишлаган ва шу ерда Ҳалимов билан танишган.

"Ҳарбий синдром"

Айрим экспертларнинг фикрича, Ҳалимовнинг қочиб кетишига "ҳарбий синдром" сабаб бўлган. Ҳалимов Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида президент гвардиясида хизмат қилган. Сўнгра Тожикистон ИИВ тизимида сержантликдан полковникликкача эришган, Рашт ва Хоруғдаги қуролли тўдаларга қарши операцияларда иштирок этган. У нафақат урушни, балки урушдан кейинги низоларни ҳам кўрган. Ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш эса ҳар доим ўз таъсирини кўрсатади.

Жароҳатдан кейинги руҳий зўриқиш синдроми одатда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган кишиларда учрайди. Ҳар бир беморда касаллик турлича кечади: кимдир ўта қўрқоқ бўлиб қолса кимдир хаёлан урушга қайтади ва тажовузкор бўлиб қолади. Тиббиётчиларнинг айтишларича, уруш ҳам ўзига хос гиёҳвандликдир. Шунинг учун аксарият ҳарбийлар хизматни ўтаб бўлганидан ёки урушдан кейин дунёнинг ҳар қандай “қайноқ нуқтаси”да ёлланма аскар сифатида ишлашга кетиб қолади.

Асосий мавзулар