Корея журнали Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида мақола чоп этди

© fotoliaАдолат ва қонун рамзи
Адолат ва қонун рамзи - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Мақолада Ўзбекистонда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини инсонпарварлаштириш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам юқори баҳо берилади

ТОШКЕНТ, 28 сен – Sputnik. Кореяда чиқадиган The Korea Post журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган туб ислоҳотларга бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар беради "Жаҳон" ахборот агентлиги.

Мақолада ҳуқуқий демократик давлатнинг асосини фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи кучли ва одил суд-ҳуқуқ тизими ташкил этиши, бу эса ўз навбатида мамлакат фаровонлиги ва ривожи учун шароит яратиши эътироф этилган.

Қонун ва ҳуқуқ рамзи - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда қабул қилинаётган янги қонунлар анти-коррупцион экспертизадан ўтказилади

"Ўзбекистонда миллий хусусиятлар ва илғор халқаро тажриба ҳисобга олинган ҳолда ҳуқуқ тизими ва иқтисодиётнинг либераллаштирилиши, давлатнинг демократлашуви ва замонавийлашуви босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ислоҳотларнинг биринчи босқичида судловнинг, чин маънода мустақил, алоҳида суд тизимининг қонуний асослари яратилди, хусусан, айбсизлик презумпцияси, ҳимояланиш ҳуқуқи, суд жараёнининг холис ва ошкора ўтиши каби умумэътироф этилган тамойиллар мустаҳкамланди ва ривожланди", – дейилади нашрда.

The Korea Post муштарийларни Ўзбекистонда қонунчилик ва ижро ҳокимиятининг ҳужжатлари Асосий Қонунга мувофиқ келишини таъминловчи Конституцион суд ҳамда хўжалик ва умумий юрисдикция судлари тизими ташкил этилганлигидан хабардор қилади.

Суд соҳасининг либераллаштирилишида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳот қилиш борасида мустақиллик йиллари давомида тўпланган тажриба асосида юзага келган янги таҳрирдаги "Судлар ҳақида"ги Қонуннинг қадам қабул қилиниши муҳим қадам бўлганлиги таъкидланади.

"Ушбу ҳужжатга мувофиқ ҳокимият ва судларнинг бир-биридан ажратилиши, суд тизимининг ижрочи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан буткул чиқишини таъминлашнинг самарали механизмлари яратилди. Шу билан бирга судларнинг жиноий, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослашуви ҳамда ишларни кўришнинг апелляцион тартиби жорий этилди ва кассацион инстанция ислоҳ қилинди", – дейилади мақолада.

Бинокль тутган эркак - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда шахсий ҳаёт дахлсизлиги қонун билан ҳимояланди

Мақолада Ўзбекистонда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини инсонпарварлаштириш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам юқори баҳо берилади. Хусусан, ўзбек халқининг менталитетини акс эттирувчи ва ўзбек миллатига хос бағрикенглик, меҳр-мурувват ва кечиримлилик хусусиятларини ифодаловчи ярашув институтининг самарали татбиқ этилганлиги таъкидланади.

"Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш Концепцияси орқали Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўлиқ ва ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш янги босқичга кўтарилди. Ушбу дастуриламалда "Хабеас корпус" институтининг жорий этилиш соҳасини кенгайтириш, судларнинг мустақиллиги, холислиги ва бетарафлигини таъминлаш механизмларини янада ривожлантириш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилди", –деб ёзади нашр.

Умуман олганда, Ўзбекистондаги гуманизм ғояси билан йўғрилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ёш мустақил давлатнинг пойдеворини мустаҳкамлади. Бу эса тинчлик ва барқарорлик, энг асосийси, республикада истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг фаровонлиги ва бахти гаровига айланди, деб ёзади The Korea Post.

Янгиликлар лентаси
0