17:27 18 Август 2017
Эфир
АҚШ доллари

Ўзбекистонда пул жўнатмаларини олиш тартиби ўзгармади

© Sputnik/ Максим Богодвид
Жамият
Ҳавола олиш
362 0 0

Чет элдан юборилган пул жўнатмаларини олишда маълум муаммоларга дуч келган фуқароларга Марказий Банк ўз расмий сайтида кўрсатилган ишонч телефонига қўнғироқ қилишни тавсия этмоқда

ТОШКЕНТ, 1 окт — Sputnik. Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги айрим банк бўлинмаларида чет элдан пул жўнатмаларини олишга келган фуқаролардан жўнатувчининг паспорт нусхаси талаб этилиши ҳолати ижтимоий тармоқларнинг энг мунозарали мавзуларидан бирига айланди, деб хабар қилади "Новости Узбекистана".

Интернет фойдаланувчилари бу баҳсларда Ўзбекистонда чет элдан юборилган валютани олиш тартиби ўзгартирилгани, янги қоидалар киритилгани ҳақида таъкидлаганлар. Одамлар айрим банк бўлинмаларида улардан жўнатувчининг паспорт нусхасини талаб этишгани ҳақида ҳикоя қилганлар.

Техника тараққий этган бир даврда бир парчагина қоғозни интернет орқали юбориш, уни чиқариб олиш муаммосиз кўринса-да, аммо катта ёшдаги кишилар учун — бу анчагина катта муаммо ҳисобланиши айни ҳақиқат.

Капитал банкнинг бош офисида паспорт нусхаси умуман олганда, керак эмаслигини айтишди. Аммо чет элдаги пул жўнатувчи ўзи ҳақида батафсил маълумот (паспорт серияси ва рақами, фамилияси, исм-шарифи, шунингдек туғилган санаси) қолдириши шарт экан. Банк вакилининг сўзларига кўра, 500 доллардан кўп пул жўнатмасини қабул қилиб олишда ҳам худди шундай "батафсил маълумот" керак бўлиб қолиши мумкин.

Қишлоқ қурилиш банкида эса, бунинг учун пул жўнатувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда унинг туғилган санаси ҳақида маълумотга эга бўлиш кифоя, дея таъкидладилар. "Траст банк" ходимаси эса уларда пул жўнатмаларини олиш қоидалари ўзгармаганини, киши аввалгидек пул жўнатмаларини олиши ёки юбориши мумкинлигини таъкидлади. "Бунинг учун биргина паспортнинг ўзи етарли", деб таъкидлади у.

Нашр мухбири энг охирида Марказий Банкнинг ишонч телефонига сим қоққан. Валюта-иқтисод бўлими мутахассиси хориждан пул жўнатмаларини қабул қилиш қоидалари ўзгартирилмагани ҳақида тушунтириб ўтган. Фуқаро ўзига тегишли паспорт ҳамда жўнатма рақамини банк ходимига ҳавола қилган ҳолда исталган ҳеч қандай муаммосиз пул жўнатмаларини олиши мумкинлиги таъкидланган.

Шу тариқа, юқоридаги сингари муаммоларга дуч келган фуқароларга Марказий Банк ўз расмий сайтида кўрсатиб ўтилган ишонч телефонларига қўнғироқ қилишни тавсия этмоқда.

Асосий мавзулар