02:19 10 Декабр 2016
Эфир
Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси

Виртуал қабулхона: ҳар бир мурожаат қатъий назоратда

© Sputnik/
Жамият
Ҳавола олиш
130250

Мурожаатнинг зудлик билан кўриб чиқилиши ва муаммонинг тез фурсатларда ҳал этилиши барчани қувонтирмоқда

ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Виртуал қабулхонаси фаолияти 2016 йил 24 сентябр куни бошланганди. Қабулхонанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қайд этилишича, 11 октябр куни қабулхонага умумий мурожаатлар сони 31 мингдан ортди.

Қабулхонага фақатгина шикоят ёки аризалар билан эмас, балки муаммолари ҳал бўлганлиги, халқ дардига қулоқ тутилаётганлиги учун миннатдорлик хатлари, жамият ва ватан равнақига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг ҳаётий таклифлари ҳам келиб тушмоқда. Энг асосийси, мурожаатнинг зудлик билан кўриб чиқилиши ва муаммонинг тез фурсатларда ҳал этилиши барчани қувонтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати порталида "Биринчи Президентимиз бошлаган буюк ислоҳотлар ғайрат ва шижоат билан изчил давом эттирилмоқда" сарлавҳали мақолада қувонч ва миннатдорлик туйғулари акс этган ана шундай мактублардан мисоллар келтирилди.

"…Уларни ўқиркансиз, Соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги "Куч – адолатда" шиори барҳаёт ва бардавомлигига, Биринчи Президентимиз таъкидлаган "ирода – бу аслида мустаҳкам ишонч" ҳикмати нақадар ҳаётий ҳақиқат эканига яна бир бор амин бўласиз", — дейилади порталда эълон қилинган мақолада.

Мақолада ёзилишича, янгийўллик Алишер Турсунов шу йил бошида туман Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссияси ўтказган танловда ғолиб бўлиб, 38 гектар ерда «Бахт Камол Эрки» фермер хўжалигини ташкил этган. Фермернинг айтишича, бу йил ғалла шартномасини 110 фоизга бажариб, ғалланинг пулига кичикроқ бир трактор сотиб олиш ниятида эди. Бироқ "Ўздонмаҳсулот" АК таркибидаги "Ғалла-Алтег" акциядорлик жамияти фермер хўжалигининг 50 миллион сўм пулини бермай, тадбиркорни уч ой сарсон қилган.

Фермер шу уч ой ичида деярли барча ваколатли ташкилотларнинг "Ишонч телефони"га қўнғироқ қилади, лекин фойдаси бўлмайди, ерни ҳайдаб берган тракторчилар кунора унинг уйига келиб пулини қистайди.

"Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига мурожаатимдан сўнг уч ойда битмаган ишимни уч кунда ҳал қилиб беришди: кўнглим тоғдай кўтарилиб кетди, тракторчилардан ҳам қарзимни уздим. Бу виртуал қабулхона биз, тадбиркорлар учун суянч тоғи бўлмоқда, бу бизни янада катта куч-ғайрат билан ишлашга ундамоқда", — дейди А.Турсунов.

Республиканинг чекка ҳудудлари, қишлоқ жойлардаги ечимини кутаётган муаммолар ҳам Виртуал қабулхона фаолияти натижасида тез фурсатларда ҳал бўлмоқда. Масалан, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидан Гулихон Вафоева 6 октябрда жўнатган хатида шундай ёзади: "Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси Бош вазири. Сизга уч масала бўйича амалий ёрдам сўраб, ариза ташлагандим: оилавий, қишлоқ шароити ва "Ucell" компаниясида мобил алоқа яхши эмаслиги ҳақида. Мутасаддилар келиб, оилавий ва қишлоқ хўжалиги масалаларини ҳал қилиб беришди. "Ucell" компанияси вакиллари қишлоғимизга антенна ўрнатиш бўйича ишларни бошлаб юборди. Қишлоқда яшаётган биздек оддий фуқароларнинг дардига қулоқ тутиб, масалаларимизни ҳал этиб бераётганингиз мисолида сизнинг Биринчи Президентимиз ғояларига нақадар содиқ эканингизга амин бўлдик".

Яна бир мисол: Бухоро вилояти Олот туманида истиқомат қилувчи Норжон Сафарова яқинда дўкондан икки қоп ун сотиб олади. Айтишича, аввало, пластик карточка орқали савдо қилгани учун унга унни қимматроқ сотишади. Боз устига биринчи нав деб берилган ун анча сифатсиз бўлиб чиқади. Н.Сафарова дўкондор билан келишолмагач, адолат излаб туман солиқ идорасига боради. У ерда аёлга Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг "Ишонч телефони"га мурожаат қилишни айтишади. Қўмитанинг ҳудудий бошқармасидан Норжон опани Олот тумани давлат санитария-эпидемиология назорати марказига юборишади. Бу ерда Н.Сафарова сифатсиз унни лаборатория текширувидан ўтказиб, шу хулоса асосида судга мурожаат этиши керак эди. Шунча даҳмазадан боши гангиган аёл "икки қоп унга куйдим-да", деб шалвираб уйига қайтаркан, телевидение орқали Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси ҳақида эшитиб қолади.

– Дарҳол 10-00 қисқа рақамига мурожаат қилдим, масала тезда ҳал бўлди, – дейди Н.Сафарова. – Ишим-ку битди, лекин ўйлайман-да: одам ҳатто айтишга хижолат бўладиган шундай кичик масалани Бош вазир даражасигача олиб бориш керакми? Шуларни туман доирасида ҳал қилса бўлмайдими? Бунга нима халал беради? Дарҳақиқат, ҳаммага маълум гап: қуйи бўғинлардаги айрим раҳбару ходимлар қоғозда гўё ҳамма масалани ҳал қилаверар, бу муаммолар аслида ҳаётда ечилмай ёки аҳвол ўзгаришсиз қолаверарди. Энди ҳеч ким бундай қилолмайди. Чунки Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси барча жойдаги асл вазиятни ойнадай кўрсатиб бермоқда.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги "Texygen" МЧЖ Россияга ип-калава маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартнома имзолаган. Шу йил 1 октябрда “Агробанк”нинг Марғилон шаҳар филиали ва Фарғона вилояти божхона бошқармаси уланган ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимида юз берган носозлик туфайли экспорт тўхтаб қолади. “6 октябрда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эдик. Банк ва божхона ходимларининг хизматлари туфайли 7 октябрда корхонамиздан 42 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорти амалга оширилди. Тезда амалий ёрдам кўрсатиб, хорижий ҳамкорлар олдида юзимизни ёруғ қилгани учун Ўзбекистон Бош вазиридан миннатдормиз”, дейилади “Texygen” МЧЖ директор ўринбосари Авазхон Мўминовнинг pm.gov.uz манзилига жўнатган хатида.

Ҳа, адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Кўлами, моҳият-эътиборидан қатъи назар, ҳар бир инсон ҳаётида лоақал битта масала ечилса ҳам, шу шахснинг давлат ҳокимиятига, жамиятга, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланади.

"Маҳалламизда цемент қоплаш ишлари бажарилаётгани оқибатида зарарли чангдан ён-атрофдаги 40-50 хонадон аҳли, айниқса, фарзандларимизнинг тез-тез аллергия бўлишидан азият чекаётган эдик. Бир йил давомида жавобсиз қолган аризамизни беш кунда ҳал қилиб бергани учун барчамиз Бош вазиримиз Шавкат Мирзиёевдан миннатдормиз. Экология соҳаси ходимлари келиб, бу муаммога чек қўйишди", дея хат йўллаган Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи Музаффар Абдураҳмонов. "2014 йилдан бери ҳовлимнинг кадастр ҳужжатини қилолмаётган эдим. Виртуал қабулхонага мурожаатимдан бир кун ўтиб, уйимга туман кадастр хизмати ходимлари келиб, ҳовлимнинг кадастр ҳужжати тайёр эканини айтишди. Бу портал – чин маънода халқ минбари, муаммолар ва уларнинг ечими акс этадиган кўзгу бўлмоқда. Бунга ўз ҳаётимда амин бўлдим", дея миннатдорлик хати йўллаган Тошкент шаҳри Миробод туманида истиқомат қилувчи Саида Содиқова.

Чирчиқ шаҳридан Темур Киндус шундай ёзади: "4 октябрда "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ Чилонзор филиали ходимларининг миллий валютани хорижий валютага конвертация қилиш бўйича берган рад жавоби юзасидан қилган мурожаатим эртаси куниёқ ҳал бўлди. Муаммоларга шундай тез суръат билан самарали ечим топишга хизмат қилаётган виртуал қабулхонага раҳмат айтаман". Навоий шаҳридан Бахтиёр Усеинов ҳам ўз хатида pm.gov.uz манзилига мурожаатдан сўнг “қисқа вақтда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки 500 АҚШ долларини конвертация қилиб берган"ини ёзган.

Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига коммунал соҳадаги муаммолар ҳал этилгани боис кўплаб миннатдорлик хатлари келмоқда. Хусусан, мурожаатдан сўнг Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи Дилшод Абдувалиев, Миробод туманида истиқомат қилувчи Ойтўла Солиҳова хонадонларида газ таъминотидан нотўғри ҳисобланган катта миқдордаги қарздорлик бекор қилинди. Олмазор туманида яшовчи Марваридхон Ибрагимова "Катта раҳмат, прокуратура ходимлари электр таъминотини тиклашга ёрдам беришди. Ҳар қандай мурожаат ниҳоятда тезкорлик билан ўрганилиб, муаммолар бартараф этилмоқда", деб ёзса,"Бундай тезкорлик ва ҳозиржавобликка қойилмиз! Шикоятимиз дарҳол ўрганилиб, муаммо барҳам топди: ҳовли саҳни тоза, озода, ҳамма ахлат олиб ташланиб, ён-атроф тартибга келтирилибди. Барчаси учун катта раҳмат!”, дея раҳмат йўллаган чилонзорлик Анастасия Ли.

Турли масалаларда ёрдам ва кўмак сўраб қилинаётган мурожаатлар ҳам ўз вақтида ҳал бўлмоқда. Бухоро тумани “Шергирон” қишлоқ фуқаролар йиғинидан Нигинабону Бақоева шу йил 25 сентябрда юборган мурожаати асосида иш билан таъминланди. Фарғона шаҳридан Рўзматжон Аҳмедов “мурожаатимдан сўнг мени Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонасига чақиришиб, яқин кунларда иш берилишини айтишди. Ишга киришимдан ҳам кўра, Бош вазиримизнинг биздай оддий фуқароларнинг мурожаатига шундай юксак эътиборидан беҳад қувондим", деб ёзади. Хоразм вилояти Урганч туманидан Ойбек Эрназаров ҳам ёрдам сўраб ёзган мурожаати эътиборга олингани учун бир умр миннатдор эканини ўз хатида таъкидлаган: “Бугун уйимизга ҳокимиятдан мутасаддилар келиб, синглимни тез орада Тошкентга юбориб, жарроҳлик амалиёти ўтказишда ёрдам беражакларини айтиб кетишди. Бу яхшиликларни ҳеч қачон унутмаймиз". Виртуал қабулхонага мурожаатидан сўнг Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшовчи Шаҳрибону Ахтамовани Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигига чақириб, санъатда ўз йўлини топишига ёрдам кўрсатишга ваъда беришди.

Термиз шаҳридан Отабек Нормуродов, Навоий вилояти Кармана туманидан Дилбар Мугинова каби тадбиркорлар Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевга шу йил 5 октябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулк ҳимояси, унинг дахлсизлиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлик ривожидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилишини айтиб, самимий миннатдорлик изҳор қилишган.

Виртуал қабулхонага ёшлардан ҳам кўплаб хатлар келиб тушмоқда. Чилонзорлик "Камолот" ЁИҲ фаоли Диляра Мелдебекова республиканинг қатор шаҳарларида янги кўп қаватли турар-жойлар барпо этиш борасидаги хайрли ташаббус, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг С.Сирожиддинов номидаги академик лицейи ўқувчиси Тўра Тўраев лицей ёшлари номидан ҳукуматнинг навқирон авлод камолотига кўрсатаётган юксак эътибори ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирган. Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 44-мактабнинг 5-синфида ўқиётган Эмир-Асан Боқиев шундай ёзади: "Бугун Сизнинг Сергели туманидаги мактаблардан бирига борганингизни эшитиб, синфдошларим билан шу хатни ёзишга келишдик. Барчамиз Сизнинг мактабимизга келишингизни жуда хоҳлардик. Мен сурат чизишга жуда қизиқаман. Сентябрда “Самарқанд” картинасини чиздим. Агар мактабимизга келсангиз, шу суратни Сизга совға қилмоқчи эдим".

Бу мисоллар Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бўлаётган ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олинганидан, уларда кўтарилган масалалар тезда ечим топаётганидан далолат. Бунда мурожаат қилувчилар ўз шикоят-аризалари Бош вазир даражасида кўрилаётганини чуқур англаб етишлари лозим. Чунки барча шикоятчи ҳам ҳақ бўлавермайди: кимдир шошиб ё адашиб, масаланинг туб мазмунига етиб-етмай, ҳатто нотўғри маълумотлар билан ҳам арз қилади. Бироқ шикоят қилувчи буни ўз вақтида англаб етиб, тан олса – бу ҳам маданият ва маънавий етукликнинг бир ифодаси. Мазкур виртуал қабулхонага келаётган мурожаатларда ҳам буни кузатиш мумкин. Жумладан, Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидан Ринат Аброров ўз хатида шундай ёзади: “2016 йил 29 сентябрда дадамнинг умумий аҳволи ва уни мунтазам даволаб келган врачлар ҳақида ёзганман. Мурожаатим текширилганда, билдимки, Хоразм вилояти онкология диспансерида ҳақиқатдан ҳам кимёвий препаратлар таъминоти 30-35 фоизни ташкил этар экан. Бу препаратлар диспансерда бор пайтида дадамга тўлиқ берилган, қолган вақти ўзим сотиб олганман. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 191-буйруғи билан таниш бўлмаганим сабабли врачлар ҳақида нотўғри фикрга борган эканман. Кимёвий препарат тақсимоти бўйича қонунбузарлик бўлмаганини англадим”. Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Сувсултон қишлоғидан Лочин Жўраев ҳам виртуал қабулхонага мурожаат қилиб, "адашиб, нотўғри хабар ёзгани учун" кечирим сўраган: "Ўзим Тошкентда яшайман, қишлоғимда газ таъминоти етарлича йўлга қўйилган экан. Менга келган нотўғри хабарга асосланиб, Сизга илтимоснома ёзгандим. Мурожаатимни кўриб чиққанингиз учун раҳмат, англашмовчилик учун узр сўрайман".

Юқоридаги мисоллардан бир хулосага келиш мумкин: Бош вазирнинг Виртуал қабулхонаси ҳақиқатан ҳам халқ дардига малҳам бўлиб, жамият ҳаётининг узвий бўлагига айланиб бормоқда. Турли иллат ва камчиликларга ўз вақтида барҳам берувчи восита сифатида аҳолининг ишончига сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов "Юксак маънавият – енгилмас куч" китобида шундай деган эди: “Бу ҳаётда одам баъзан ўзини йўқотиб қўядиган ғоят мураккаб муаммоларга дуч келади. Кескин вазиятдан чиқишнинг иложи йўқдек туюладиган ҳолатлар бор. Шундай пайтда, ишда ва ҳаётда, жамиятда оғир савдоларга дуч келганда ким ўзининг йўлини йўқотмаслиги мумкин? Ўйлайманки, биринчи навбатда ўз кучига ишонган, руҳий дунёси, маънавий олами бақувват бўлган одамгина бундай вазиятдан ёруғ юз билан чиқа олади. Маънавий бойлик шундай пайтда одамга катта куч ва мадад беради".

"Истагимиз – ўз кучига ишонган, руҳий дунёси, маънавий олами бой одамларимиз кўпаяверсин. Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси бу йўлда уларга мададкордир", дея якунланади мақола.

Асосий мавзулар

  • Игорь Николайчук

    Марказий Осиё республикасида ҳукумат алмашинуви ташқи аралашувларсиз ўтиши лозим ва шундай бўлади, деб ишонади РСТИ эксперти Игорь Николайчук

    547
  • Ўзбекистон МСК мажлиси, архив сурат

    Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 9 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилди

    262
  • Ўзбекистонда Президент сайловларидан кейинги ҳолат, воқеа жойида олинган сурат

    Хитой халқаро радиосининг веб-саҳифасида мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайлови мавзусига багъишланган мақола эълон қилинди. Мақолада Ўзбекистонда Президент сайловининг муваффақиятли ўтгани Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликнинг муҳим кафолати ҳисобланиши қайд этилган

    392