МСКга яна икки партия номзодларини рўйхатга олиш учун ҳужжат топширди

© Sputnik / Игорь МасловСайлов қутиси
Сайлов қутиси - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради

ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Ўзбекистон халқ демократик партияси ва "Адолат" социал демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларини рўйхатга олиш учун зарур ҳужжатларни тақдим қилди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази вакили.

"Яна икки партия — Ўзбекистон ХДП ва "Адолат" партиялари бугун Президентликка кўрсатилган номзодларини рўйхатга олиш учун зарур ҳужжатларни топширди", — деди МСК вакили.

Унинг сўзларига кўра, Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Ўзбекистон ХДПнинг 14 октябр кунги йиғилишида партия марказий кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмоновни Президентликка номзод этиб тасдиқлаганди. Бир кундан сўнг "Адолат" СДП йиғилишида партия етакчиси Наримон Умаров Президентликка номзод сифатида тасдиқланди.

Сарвар Отамуродов - Sputnik Ўзбекистон
"Миллий тикланиш" Президентликка номзод ҳужжатларини тақдим этди

Илгарироқ "Миллий тикланиш" демократик партияси МСКга ўз номзоди – парламент қуйи палатаси спикери Сарвар Отамуродов номзодини рўйхатга олиш учун керакли ҳужжатларни тақдим қилган эди.

Сайлов қонунчилигига мувофиқ, номзод рўйхатга олиниши учун сиёсий партия жами сайловчилар умумий сонининг 1 фоизи (214 минг 350 нафар сайловчи) имзоси қўйилган имзо варақаларини тақдим этиши керак. Президентликка номзодларни рўйхатга олиш 30 октябрда якунланади.

Жорий йилнинг 23 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мамлакатда рўйхатдан ўтган тўртта сиёсий партияга президентлик сайловида иштирок этиш учун рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилди. Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан ташқари Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Наримон Умаров Президентликка номзод этиб тасдиқланишган.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2 сентябр куни 78 ёшида вафот этди. Бош вазир Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Президентлик сайловлари 4 декабр куни бўлиб ўтади.

Янгиликлар лентаси
0