Сирдарё вилоятида олти нафар ҳоким ўзгарди

© Sputnik / Михаил ВоскресенскийПустое кресло
Пустое кресло - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Вилоятнинг тўрт тумани ва икки шаҳрига янги ҳоким тайинланди.

ТОШКЕНТ, 23 окт — Sputnik. 22 октябр шанба куни Сирдарё вилоятининг Гулистон ва Ширин шаҳарларида ҳамда Оқолтин, Сайхунобод, Сардоба ва Сирдарё туманларида халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиялари бўлиб ўтди. Унда депутатлар шаҳар ва туманларга янги ҳоким тайинлаш масаласини кўриб чиқдилар, вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабари асосида.

Сессияларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Даврон Абитович Назармуҳаммедов қатнашиб сўзга чиқди.

Вилоят ҳокими Ойбек Ашурматов ҳам туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича маърузалар қилди ва депутатларга бир неча туман ва шаҳарларга янги ҳокимлар тайинлашни тавсия берди. Мажлислар якунида депутатлар, вилоят ҳокими тавсиясига кўра қуйидаги шаҳар ва туманларга янги ҳокимлар тайинлашди.  

Гулистон шаҳрига Сирдарё вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Шухратуллаевич Исматуллаев;

Ширин шаҳрига "Ўзбекенерго" акциядорлик жамияти электростанциялардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илхомжон Махмуджонович Бегалиев;

Оқолтин туманига Жиззах вилояти Зомин тумани "Автосаноат-агро-Жиззах" масъулияти чекланган жамияти раиси Хамрабай Рахимович Раззоқов;

Сайхунобод туманига Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Носиржон Махмудович Эгамбердиев;

Сардоба туманига Сирдарё вилояти прокуратураси қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи Шукурулло Хўжамқулович Турсунов;

Сирдарё туманига "Сирдарёавтойўл" ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти директори Собиржон Назаровлар ҳоким этиб тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, сентябр ойининг охирида Сирдарё вилоятнинг Боёвут туманига ҳам янги ҳоким тайинланган эди. Шунингдек, 1 октябр куни Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташриф буюрган эди.

Янгиликлар лентаси
0