10:33 24 Январ 2018
Эфир
Калькулятор

Ўзбекистонда солиққа тортиш тизими ўзгариши мумкин

© Flickr/ Ken Teegardin
Жамият
Ҳавола олиш
Ўзбекистонда президент сайлови (124)
26612

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов кичик корхоналарнинг йириклашишини рағбатлантирувчи солиқ сиёсатини юритиш, корхоналарнинг таснифида "ўрта корхона" тушунчасини киритиш лозим деб ҳисоблайди

ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов амалдаги солиққа тортиш тизимини ўзгартиришни таклиф этди, деб хабар беради Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Кетмоновнинг сўзларига кўра, бугунги кунда кичик корхоналарнинг йириклашишини рағбатлантирувчи солиқ сиёсатини юритиш, корхоналарнинг таснифида "ўрта корхона" тушунчасини киритиш лозим.

Солиқлар тизимининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, дейди номзод, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ва давлат бюджетини шакллантиришдаги иштироки катта фарқ қилади.

Масалан, йирик корхоналар томонидан ялпи ички маҳсулотнинг 44% ишлаб чиқилиб, улардан 89,8% солиқ ва тўловлар ундирилган бўлса, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,1%ни ташкил этиб, солиқ ва тўловлари 10,2%ни ташкил этмоқда. Кичик корхоналар томонидан ишчиларга тўланадиган иш ҳақлари ҳам йирик корхоналар тўлаётганидан 2 бараваригача пастдир.

Кетмоновнинг фикрича, ҳозирги солиқлар ва имтиёзлар тизими кичик корхоналарнинг йириклашишига халақит қилмоқда.

"Мазкур масалаларни тартибга солишда даставвал соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, хусусан, кичик корхоналар йириклашиш жараёнида катта солиқ юкламасига тушиб қолишини олдини олиш мақсадида “ўрта корхона” тушунчасини киритиш, яъни йирик, ўрта ва кичик корхоналари мезонларини белгилаш; кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш лозим", — таъкидлади у.

Бундан ташқари, номзод турли хил имтиёзларни бериш йўллари орқали иш берувчи ва ходим ўртасидаги норасмий меҳнат муносабатларини қонун доирасига киритиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузганлик учун тадбиркорларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини ошириш кераклигини билдирди. Шу билан бир вақтда, давлат томонидан қаттиқ назорат ўрнатиш ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Ўзбекистонда Президентлик сайловлари 4 декабр куни бўлиб ўтади. Президентликка номзодлар тўрт нафарни ташкил этади. ЎзЛиДеП Шавкат Мирзиёев, "Миллий тикланиш" Сарвар Отамуратов, "Адолат" Наримон Умаров номзодини илгари сурган. Ўзбекистон ХДП Ҳотамжон Кетмонов номзодини тасдиқлаган.

Мавзу:
Ўзбекистонда президент сайлови (124)

Асосий мавзулар