07:53 21 Август 2017
Эфир
Самарқанд шаҳри, архив сурат

Дув-дув гап: Каттақўрғон Исломобод этиб ўзгартириладими?

Sputnik / Стрингер
Жамият
Ҳавола олиш
136550

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида айни кунларда кенг кўламли қурилиш ва қайта таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳар аҳолиси бу сингари ўзгаришлар бежизга эмас, Каттақўрғон - Исломобод этиб ўзгартирилиши мумкин, деган фикрда

ТОШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. "Каттақўрғонда ўтган ҳафтадан буён шаҳар тез орада Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов шарафига Исломобод номини олармиш деган дув-дув гап юрибди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.

Бир каттақўрғонликнинг айтишича, айни вақтда шаҳарда кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Жумладан, йўллар асфальт қилинмоқда, гуллар экилмоқда, бинолар таъмирдан чиқарилмоқда, ҳаттоки бир неча йиллардан буён битказилмаётган иншоотлар қурилиши тезлаштирилган.

Асосий эътибор эса драмтеатр биносига қаратилган: анча йиллардан буён ачинарли аҳволда бўлган бинода жиддий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, барча ишлар ниҳоясига етказилгач, драма театри биносида йирик учврашувлар, ҳатто олий даражадаги учрашувлар ўтказилармиш.

"Ҳамманинг оғзида бир гап: ишлар қандай бораётганини шахсан назорат қилиш учун шаҳримизга ўнинчи числоларда  Мирзиёев келармиш. Айни вақтда вилоят ҳокимининг ўзи қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши жараёнига шахсан бош-қош бўлиб турибди. Вилоят бўйича, Ислом Каримовнинг она шаҳри — Самарқанддан кейин Каттақўрғон туради. Шу боис, бу миш-мишлар шунчаки эмасми, деган фикрга боряпман-да", — деб ўз фикри билан бўлишди каттақўрғонлик суҳбатдош.

Шаҳар аҳолиси орасида болалаб кетган гапларда қанчалик жон борлигини вақт кўрсатади. Ҳозирча эса таъмирлаш ишлари қизғин паллада эканлиги айни ҳақиқат.

Шу билан бирга, Каттақўрғон шаҳрининг номи ўзгартирилиши ёхуд республика харитасида Исломобод номли янги объект пайдо бўлиши тўғрисида расман ҳеч қаерда маълум қилингани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев сайловолди кампанияси доирасида республика вилоятлари бўйлаб сафарларни бошлаб юборган эди. У бир нечта регионларда, шу жумладан Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида ҳам бўлди. Ҳукмрон партиядан президентликка номзод шунчаки ташвиқот ўтказиш учун ҳам Каттақўрғонга ташриф уюштиришни режалаштирган бўлиши ҳам мумкин.

Нима бўлган тақдирда ҳам Спутник Ўзбекистон воқеа ривожини кузатиб боради ва биринчилардан бўлиб бу ҳақда хабардо қилади.

Асосий мавзулар