03:35 14 Декабр 2017
Эфир
Автосалон, архив сурат

"Номерла бор, номерла!" - интернет олами "золотой" номерлар савдосини муҳокама қилмоқда

© Sputnik/ Михаил Мордасов
Жамият
Ҳавола олиш
179820

Интернет фойдаланувчилари томонидан "платинум", "олтин", "кумуш" ва "бронза" автомобил рақамлари неча пул туриши кўрсатилган ҳужжат эълон қилинди

ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган маълумотларга кўра, тез орада Ўзбекистон республикаси ички ишлар органлари томонидан энг сара автомобил рақамлари савдоси ташкиллаштирилиши мумкин. Бу ҳақда интернетда бир йўла бир нечта ўзбек гуруҳлари маълумот тарқатган, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.

Интернет-фойдаланувчилари ушбу хабарнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун  "платина", "олтин", "кумуш" ва "бронза"га бўлинган автомобил рақамлари баҳоси кўрсатиб ўтилган ҳужжат суратини илова қилишган.

Ҳужжатга кўра, биринчи тоифадаги рақамга эгалик қилмоқчи бўлганлар — энг кам иш ҳақининг 200 баравари миқдорида (яъни тахминан 29,9 миллион сўм), "олтин" рақам учун — энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида (яъни, тахминан 14,9 миллион сўм), "кумуш" рақам учун — энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида (ёки 7,4 миллион сўм), "бронза" рақам учун эса — энг кам иш ҳақининг 20 баравари миқдорида (2,9 миллион сўм) маблағни "қуртдай" санаб беришлари керак бўлади.

Золотой рақамлар нархи
Facebook / Водители Ташкента
"Золотой" рақамлар нархи

Энг қизиғи, ушбу хабарни қизғин муҳокама қилаётган интернет фойдаланувчилари икки гуруҳга бўлиндилар: биринчи томон бу хабар ҳақиқат эканлигини таъкидласа, иккинчи томон эълон қилинган ҳужжат — ёлғондан бошқа нарсамаслигини айтиб, барчани бунга ишонмасликка чақирмоқда.

Изоҳ қолдирганларнинг аксарияти, айни вақтда автомобилнинг "золотой" рақами фақатгина пора эвазига сотилаётганини ва юқоридаги янгилик рост бўлса, янада яхши бўлишини айтишган. "Ва ниҳоят, энди пуллар эгри қўлли мансабдорлар чўнтагига эмас, балки давлат ғазнасига тушар экан, шуниси ҳам маъқул", — дея фикр билдирган аксарият интернет фойдаланувчилари.

Ўзбекистонликларнинг аксарияти эса ушбу хабарни юмор ила қабул қилмоқда.

"Аввалдан шундай қилиш керак эди, чунки шу пайтгача, давлат эмас, балки ДАН ходимлари даромад олган бундан. Энди ДАН ходимлари "шапка" киритса керак, ёки ДАН олдида "Номерла бор, номерла" деб бақириб турадиганлар пайдо бўлса ҳам, ажабмас", — деб ёзган фойдаланувчилардан бири.

Бошқа томондан, агар ушбу ташаббус амалга оширилган тақдирда, у бутун Ўзбекистон бўйлаб ўз мухлисларини топиши ҳам шубҳасиз. Ахир, 24 миллион сўмга уяли алоқа операторларидан телефон рақамини харид қилган бойвуччалар, салкам 30 миллионга автомобил рақамини харид қилмайди, деб ўйлайсизми?

Афсуски, Давлат Йўл ҳаракати хизмати бошқармасидаги Спутникнинг ўз манбаси ушбу хабарни рад ҳам этмади ва тасдиқламади ҳам. Ички ишлар органлари ходимлари тез орада бу борада расмий баёнот билан чиқиш қилишларига умид билдириб қоламиз.

Асосий мавзулар