19:22 07 Декабр 2016
Эфир
Лола Каримова, архив сурат

Лола Каримова "Сен ёлғиз эмассан" фондининг 14 йиллик фаолияти ҳақида ҳисобот берди

© Facebook / Lola Karimova-Tillyaeva
Жамият
Ҳавола олиш
44720

Ушбу хайрия ташкилотига 2002 йилда асос солинган бўлиб, унинг асосий вазифаси етим ва имконияти чекланган болаларга ҳар томонлама ёрдам беришдир

ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. "Сен ёлғиз эмассан" Фонди ўз фаолиятини бошлаганига шу ҳафта 14 йил бўлди, деб хабар қилмоқда Лола Каримова-Тиллаева ўзининг facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Ушбу хайрия ташкилотига 2002 йилда асос солинган бўлиб, унинг асосий вазифаси етим ва имконияти чекланган болаларга ҳар томонлама ёрдам беришдир.

"Хайрия ташкилотимиз Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган оила фарзандлари ва имконияти чекланган болаларни сифатли тиббий ёрдам билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратади. Фонд оғир хасталиклар билан оғриган болаларнинг Ўзбекистон ва чет элнинг илғор клиникаларидаги даволаниш ва жарроҳлик операцияларини молиялаштиради.

Шу кунга қадар "Сен ёлғиз эмассан" Фонди Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан ҳамкорликда 15000дан ортиқ болажонларнинг даволанишида ёрдам берди. Улар орасида даволаниши ойлар ва ҳаттоки йилларни талаб этган жуда оғир хасталиклар билан касал бўлган болажонлар бор.

Шунингдек, "Сен ёлғиз эмассан" Фонди Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида ёрдам олувчи имконияти чекланган болажонлар учун аравачалар, турли протез ва эшитиш аппаратларини харид қилади.

Фонд томонидан қуриб битказилган ва қайта таъмирланган Меҳрибонлик уйларида халқаро стандартлар асосида жиҳозланган тиббий блоклар ташкил этилиб, уларда болаларга юқори малакали тиббий ходимлар томонидан профилактик ва терапевтик ёрдам кўрсатилади.

Хайрия ташкилотимиз Ўзбекистоннинг тиббий муассасаларига ҳам ёрдам бериб келади. Жумладан, Республика Перинатал маркази, В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази ҳамда Гематология ва қон қуйиш институти бўлимларининг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиши Фондимиз томонидан молиялаштирилди.

"Сен ёлғиз эмассан" Фонди бизнинг яна бир хайрия ташкилотимиз Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан ҳамкорликда фаолият юритади. Марказда имконияти чекланган болажонларга ташхис, даволаш ва реабилитация бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади. Бу ерда тиббий мутаҳассислар, педагог ва реабилитологлар марказга қатновчи ҳар бир бола учун индивидуал ишлаб чиқилган дастур асосида иш юритадилар.

Ўз фаолиятимизда биз Ўзбекистондаги Меҳрибонлик уйларида яшаш шароитларини яхшилашга, у ерда тарбияланаётган болаларнинг таълим олиши учун барча керакли имкониятларни яратишга алоҳида эътибор қаратамиз, мақсадимиз — болажонлар келажакда мустақил, ўқимишли, иродали инсонлар бўлиб вояга етишларидир. Фонд томонидан Ўзбекистондаги бир қатор Меҳрибонлик уйларининг капитал таъмирланиши ва жиҳозланиши молиялаштирилди. Тошкент шаҳридаги Гўдаклар уйи, Самарқанд шаҳридаги 10-Меҳрибонлик уйи, Чирчиқдаги 14-Меҳрибонлик уйи, 1-сонли Мурувват уйи, 30- ва 14-Меҳрибонлик уйларининг ёзги оромгоҳлари шулар жумласидандир.

Шунингдек Фондимиз томонидан Тошкент шаҳридаги 23-сонли ва Самарқанд шаҳридаги 6-Меҳрибонлик уйларининг янги масканлари бунёд этилди ҳамда замонавий мебел ва ускуналар билан жиҳозланди.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги ихтисослаштирилган Гўдаклар уйи ҳам Фонд томонидан барча зарур жиҳоз ва анжомлар билан таъминланди.

Болалар таълими эътиборимиз марказида турувчи йўналишлардан биридир. 2003 йилдан бери Фонд қошида Ўқув маркази фаолият юритади. Унинг мақсади болаларни ўқишга қизиқтириш, ижодий салоҳияти ва иқтидорини ривожлантириш, шунингдек, уларни лицей, коллеж ва университетларга тайёрлашдир. Бу ерда бир қатор гуманитар ва аник фанлардан дарслар ўтилади, шунингдек, болаларга ҳаётий кўникмалардан, уй-рўзғор юритишдан сабоқ берувчи ижтимоий мослашувга оид амалий машғулотлар ҳам юритилади. Ўқув маркази фаолияти мобайнида унда 2600 нафардан зиёд бола — Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, имконияти чекланган болалар ва кам таъминланган оила фарзандлари — қўшимча таълим олдилар. Ўқув марказининг 250дан зиёд битирувчилари Ўзбекистоннинг олий ўқув юртлари талабалари бўлишга муваффақ бўлдилар.

Жамоамиз ўзининг фидокорона ва жонкуяр меҳнати ила қийин аҳволда қолган кўплаб болаларнинг ҳаётини яхшилашда салмоқли натижаларга эришгани билан фахрланаман. Бизнинг келажакдаги режаларимиз бисёр. Ўзбекистондаги ота-она меҳридан бебаҳра қолган ва имконияти чекланган ҳар бир бола ёлғиз эмаслигини, биз унинг камол топиши ва бахту-саодати йўлида қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимизни билишини астойдил истайман", — деб ёзган ўз саҳифасида Лола Каримова.

Асосий мавзулар