16:54 08 Декабр 2016
Эфир
СИЗО

"Ҳақиқат қамоқдан чиқди" - Ўзбекистонда Самандар Қўқонов озод қилинди

© Sputnik/ Алексей Филиппов
Жамият
Ҳавола олиш
250584

Сиёсий маҳбус - Самандар Қўқоновнинг 23 йилдан сўнг қамоқдан чиққани ҳақидаги хабар жуда қисқа муддат ичида бутун дунёни айланиб чиқди, десак муболаға бўлмайди. Кимдир бу воқеага "Мирзиёевнинг яна бир жасорати" дея изоҳ берди, яна кимнингдир таърифи бўйича "Ҳақиқат қамоқдан чиқди"...

ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Сиёсий маҳбус Самандар Қўқоновнинг қамоқдан озод этилиши интернет оламини "ёриб" юборган янгиликлардан бири бўлди.

Самандар Қўқоновнинг озод этилгани ҳақидаги хабар жуда қисқа муддат ичида бутун дунёни айланиб чиқди, десак муболаға бўлмайди. Кимдир бу воқеага "Мирзиёевнинг яна бир жасорати" дея изоҳ берди, яна кимнингдир таърифи бўйича "Ҳақиқат қамоқдан чиқди"…

Самандар Қўқоновнинг озодликка чиққани ҳақида эшитган борки, бу янгиликни ўз яқинларига, дўстларига етказишга шошилди. Бу янгилик ростлигига ишонч ҳосил қилиш учун Қўқоновнинг қизлари Умида Қўқонова билан боғландик. Саломимизга жуда қуюқ алик олдилар — чексиз шоду-хуррамликлари, ҳатто, 4000 минг километр масофа узоқликда ҳам сезилди.

Самандар Куканов
23 йиллик қамоқдан озод этилган сиёсий маҳбус Самандар Қўқонов

"Ҳозирги ҳолатимни сизга сўз билан таърифлаб беролмайман. Жуда ҳам хурсандмиз. Ҳамма хурсанд: онамлар ҳам, опа-укаларим ҳам. Бир йиғлайман хурсандлигимдан, бир куламан. Биласизми, бизлар учун бу воқеа — ёзда ёққан қордай бўлди. Сабаби, 6 октябрда чиқишлари керак эди. "Ана чиқадилар, мана чиқадилар", деб тайёргарлик қилиб, Тошкент билан Навоийнинг ўртасида яшайман, биринчи бўлиб мен кўрар эканман деб хурсанд бўлиб, кутиб тургандим, бўлмади. Бизга отангизга яна 3 йилу 5 кун "срок" берилди деб айтишди. Буни эшитиб, ҳаммамизнинг "тарвузимиз қўлтиғимиздан тушганди". Шунинг учун озодликка чиқишларига охиригача ишонмаганман, қаранг, кириб келишди. Жуда ҳам хурсандмиз. Дадамларнинг келишларини охиригача ҳеч кимга айтмагандик. Тағин ёлғон бўлиб чиқмасин, деб. Аммо келишлари билан бир пасда уйимиз меҳмонга тўлиб кетди", — дея кўнглида кечаётган туйғулар билан бўлишди Умида Қўқонова.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, яқинлари ҳали ҳам Самандар Қўқоновнинг дийдорига тўя олганлари йўқ.

"Қаранг, дадам шунча йил ўтириб, 15 та неваранинг олдидан туролмадилар. Менинг беш нафар неварам бор, бирортасини кўрмаганлар. Иккитаси дадамнинг икки биқинига ёпишиб олди, болалардан ортмадилар. Биз катталар фақат меҳмон кутдик. Ҳали бемалол ўтириб, юзма-юз гаплашганимиз йўқ. Биласиз, 23 йил кам муддат эмас. Вақт барибир ўз таъсирини ўтказади. Дадамлар бир оз ўзларига келиб олишлари учун ҳозир у кишини санаторийга жойладик, ҳамма билан суҳбатни кейин ҳам давом эттираверасиз, дедик".

23 йиллик айрилиқдан кўнгилда нима қолди, деган саволимизга Умида Қўқонова қуйидагича жавоб берди: "Соғ-саломат кўришганимизнинг ўзи кўнгилдаги ғуборларни ювиб кетди. Одам ҳамма қийинчиликлар, айрилиқ-азобларни бир пасда унутар экан. Ҳар қандай қоронғиликнинг орқасида ёруғлик бор дейишади-ку. Бугунги дийдор ҳамма қоронғиликни бир пасда шундоқ суриб ташлади.

Мисол учун бир нарсани орзу қиласиз, лекин у орзуга етишиш қўлингиздан келмайди, чунки биргина сизга боғлиқ эмас у. Агар шу орзуга етишишга кимлардир сизга ёрдам берса, қанчалик хурсанд бўласиз! Беайб парвардигор, лекин дадамнинг озодликка чиқишлари — бизлар учун жуда катта яхшилик.  Мен 29 ёшда эдим дадам қамалганларида, бир кунда икки укам ҳам қамалган. Тўрт ярим йил 3та қамоққа қатнаганман. Қаҳратон бўладими, жазирама бўладими… Отамларга олиб бориш учун фарзандларимнинг қўлидан егуликни тортиб олган пайтларим бўлган. Бу кунлар унутилди. Мен ҳозирги ҳукуматимиздан жуда ҳам миннатдорман… "

Самандар Қўқоновнинг озодликка чиқарилишига Интернет фойдаланувчилари қандай муносабат билдиришмоқда?

"Собиқ депутат ва сиёсий маҳбус Самандар Қўқоновнинг озод этилгани ниҳоятда муҳим хабардир", — деб ёзган ўзининг facebookдаги саҳифасида Намоз Нормўмин.

"Самандар ака озодликда Шунинг ўзи мен учун катта байрам", — дея изоҳ қолдирган Жаббор Пиримович.

"Самандар аканинг бундан 25 йиллик олдинги телефонда гаплашаётган суратларини кўргандим. Энди… етмиш ёшдан ошган, қалбидаги барча орзу —умидлари йиллар ортида қолган, ҳаётга ҳорғинлик ва муҳаббат билан қараётган қария бир одамнинг расмини кўриб турибман. Минг шукур етти мучаси бут ва омон кўрганимизга…" — Саломат Вафо.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий кенгаши депутати, Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ бошлиғи Самандар Қўқоновга берилган сўнгги қамоқ жазоси жорий йилнинг 6 октябрь куни тугаган эди. Аммо у белгиланган муддатда озодликка чиқарилмаган. Самандар Қўқонов мустақил Ўзбекистон тарихида энг узоқ қамалган сиëсий маҳбусдир.

Асосий мавзулар