19:26 07 Декабр 2016
Эфир
Тошкент мода ҳафталиги

Тошкент мода ҳафталиги: олти кунда 956 либос намойиши

Пресс-служба
Жамият
Ҳавола олиш
95 0 0

Италия мода палатаси фахрий президенти Марио Бозелли қайд этганидек, бу йилги мода ҳафталиги ёқимли сюрпризларга тўла бўлди

ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Бу йилги Tashkent Fashion Week (TFW)да рекорд миқдордаги либослар намойиш этилди, 12 мамлакат — Эрон,  Италия, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Корея, Кувайт, Қирғизистон, Латвия, Польша, Россия, Тожикистон ва албатта Ўзбекистон вакиллари иштирок этдилар.

Ташкилотчилар ва хориж делегациялари ҳафталик натижаларини сарҳисоб қилиш учун Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона биносига йиғилдилар.

Ташкентская неделя моды
Пресс-служба
Тошкент мода ҳафталиги

"Бу жудаям бой ҳафталик бўлди. Тайёргарлик ишлари 11 ой мобайнида олиб борилди. Дизайнерлар ҳафталикда иштирок этиш учун 2016 йил январида ариза беришни бошлашганди.

Олти кун давомида омма эътиборига 956 дона либос намойиш этилди. Бу Тошкент мода ҳафталиги учун рекорд миқдор ҳисобланади. Ҳафталикдаги муҳим аҳамиятга эга воқеалардан яна бири унда Бухоро каштачилик мактаби усталарининг иштироки бўлди. Шунингдек, бу йил қоракўл ишлаб чиқарувчилар ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ҳам таклиф этилди. Ўзбекистоннинг жаҳонга намойиш этадиган маҳсулотлари кўп, бизда халқаро саҳна ва бозорларга чиқиш учун улкан салоҳият мавжуд", — деди Osiyo Ramzi Ўзбекистон дизайнерлар ассоциацияси раиси Холида Комилова.

Тошкент мода ҳафталиги

TFW доирасида тўққизта мастер-класс, олтита муаллифлик кўргазмаси, иккита #beyoung ёшлар дефилеси ўтказилди. Бундан ташқари, энг истеъдодли 25 нафар маҳаллий ва хорижий дизайнерлар иштирокида Tashkent Fashion Performance гала-намойиши ташкил этилди. Якуний ва узоқ кутилган "Миллий либослар" шоу-фестивалида 24 муаллиф 180 либосдан иборат 20та коллекцияни намойиш этди.

Италия мода палатаси фахрий президенти Марио Бозелли қайд этганидек, бу йилги мода ҳафталиги ёқимли сюрпризларга тўла бўлди. Таъкидлаш жоизки, Osiyo Ramzi ТFWни ташкил этиш ва ўтказиш борасида Италия мода палатаси билан  беш йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ташкентская неделя моды
Пресс-служба
Тошкент мода ҳафталиги

Ўзбек дизайнерлари Европа бозорида танилиши учун нима қилишлари лозим, деган саволга жавоб бераркан, у "Қуйидаги йўлдан бориш лозим: бу ерга халқаро байерларни (замонавий мода эксперлари) таклиф этиш керак; афсуски, Италия байерлар ассоциацияси раҳбари жаноб Марио Делл Ольо мен билан Тошкентга кела олмади. Ўзбек модасининг олдинга силжишида бу навбатдаги босқич бўлиши даркор. Бу ерга профессионал байерлар келишлари керак. Бундан ташқари, бу ерда қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида жаҳон жамоатчилигини хабардор қилиш учун халқаро матбуот қатнашиши муҳим. Навбатдаги қадам сифатида эса мен сизларнинг маҳсулотларингизни 800га яқин шоу-рум бўлган Миланда намойиш этувчи агентни топишни маслаҳат берардим ва у мижозларни ўзбек модаси билан таништирган бўларди. Унутмаслик шарт бўлган яна бир муҳим ва асосий жиҳат бу – халқаро бозорда қатнашиш жуда катта маблағ харажатини талаб қилиши", — деди Марио Бозелли.

Хитой делегацияси номидан либос савдоси бўйича Шанхай ассоциациясининг маркетинг ишлари бўйича директори Чжоу Лицзюан қатнашди. У мода ҳафталигида иштирок этган барча дизайнерларнинг истеъдоди ва салоҳиятини юқори баҳолади.

Ташкентская неделя моды
Пресс-служба
Тошкент мода ҳафталиги

"Тошкент ва Шанхай мода ҳамда таълим ва маданият соҳасида халқаро ҳамкорлик марказига айланади деб умид қиламан", — деди Чжоу Лицзюань.

Ташкилотчиларнинг айтишларича, TFW якунларига кўра Хитой билан таълим соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳаси бўйича ишлашда давом этилади. Хусусан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институти ва Хитойдаги олий ўқув даргоҳларидан бири билан ўзаро талаба алмашишни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Ҳафталикда илк марта тожикистонлик дизайнерлар ҳам иштирок этишди. fashion studio IMAMI collection бош дизайнери Бехруз Имомовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон дизайнерлар ассоциацияси нафақат Ўзбекистон, балки бутун ҳудуд бўйича мода саноатини ривожлантириш борасида улкан ишларни амалга оширмоқда. Буни Марказий Осиё мамлакатлари дизайнерларининг TFWда иштирок этишлари тасдиқлайди. Бундан ташқари, делегацияси вакиллари тожик ва ўзбек дизайнерлари ҳамда талабалари ўртасида малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурини яратиш масаласини кўтардилар. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти базасида шундай лойиҳани амалга ошириш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлашга келишиб олинди.

Ташкентская неделя моды
Пресс-служба
Тошкент мода ҳафталиги

Шунингдек, мазкур тадбирда илк марта кувайтлик дизайнер ҳам қатнашди. Ушбу мамлакат делегацияси номидан Россиянинг Кувайтдаги элчисининг турмуш ўртоғи Елена Соломатина иштирок этди.

"Кувайт мазкур йўналишда илк қадамларини ташламоқда. Шунинг учун бундай тадбирда қатнашиш биз учун жуда муҳим ва қимматли эди. Ўзбекистонга келиш ва мана шундай тадбирда иштирок этиш икки мамлакатнинг турли соҳалардаги ҳамкорлиги учун янги имкониятларни очиш демакдир. Шуни ҳам унутмаслик лозимки, Форс кўрфази давлатлари энг йирик харидорлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан делегациямиз ташрифи ўзбек дизайнерларининг ўз коллекцияларини танитишлари учун янги-янги имкониятлар беради", — деди Елена Соломатина.

TFW ташкилотчиларининг таъкидлашларича, мазкур мода ҳафталиги аввало дизайнерлар учун, уларнинг истеъдодлари, ижодий салоҳияти ва ривожланиши учун ташкил этилган. Холида Комилованинг айтишича, бир ойдан сўнг навбатдаги Тошкент мода ҳафталигида иштирок этиш учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ҳафталикка барча хоҳловчилар таклиф этилади. 

Асосий мавзулар