15:14 24 Март 2017
Эфир
Шавкат Мирзиёев

Ўзгаришлар остонасидаги Ўзбекистон

© Facebook
Жамият
Ҳавола олиш
149870

Sputnik ўзбекистон мухбири Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ички ва ташқи сиёсатда қандай йўл тутиши мумкинлиги ҳақида экспертларнинг фикрлари билан қизиқди

ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik, Курилкин Антон. Sputnik  мухбири экспертлар билан Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дастлабки қадамлари ҳақида суҳбатлашди

Дастлабки қадамлар

Сентябр ойи бошида Бош вазир Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Президенти вазифасини бажариш топширилди. Сайловгача бўлган муддат ичида у кўплаб масалаларни ҳал қилишга эришди: Қирғизистон билан чегараларни делимитация қилиш бошланди, Тожикистон билан муносабатлар яхшиланиши томон қадам ташланди.

Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитининг ўтказилиши доирасида Ислом тараққиёт банки томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига киритиладиган 1,4 миллиард доллар миқдоридаги инвестициялар бўйича келишувларга эришилди.

Текстил саноати ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмалари ўтказилиши давомида Россия билан кўплаб савдо ва ҳамкорлик шартномалари имзоланди, сайловдан бир ҳафта олдин эса Россия ва Ўзбекистон ҳарбий-техник ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Ички сиёсатда ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди — бир неча ой ичида юз минглаб фуқаролар мурожаат қилган виртуал қабулхона ташкил этилди. Расмий статистикага кўра, виртуал қабулхонага қилинган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Ва яна бир энг муҳим янгилик — қатор иқтисодий муаммоларни ҳал қилувчи ва экспорт чекловларини бартараф қилувчи Президентнинг "Валюта сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида"ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Халқ орасида мазкур қонун лойиҳаси "валюта" ислоҳоти дея аталмоқда — чунки мазкур лойиҳанинг асосий мақсади валютани эркин алмаштиришга рухсат бериш ва сўм курсини бозор кўрсаткичлари асосида ўрнатишга ўтишдир.

Ташқи сиёсат: ҳамкорлик йўли

РФА шарқшунослик институти директори,  МДХМИ профессори Сергей Лузяниннинг Sputnik Ўзбекистонга айтишича, сайланган Президентнинг биринчи навбатдаги вазифаси кадрлар масаласини ҳал қилишдан иборат бўлади. Бу ташқи сиёсатда ҳам акс этади.

Жамоани шакллантириш якунлангач, деди Лузянин, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида бошқа давлатлар билан муносабатлар ҳамда халқаро ташкилотлар – масалан, КХШТ билан ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратади. Россия ва Хитой билан муносабатлар жуда муҳим ўрин тутади.

"Россия-Ўзбекистон стратегик ҳамкорлиги сақланиб қолади. Пекин ҳам муҳим ҳамкор ҳисобланади, айниқса иқтисодий ва инвестицион соҳада. АҚШ ва ЕИ борасида эса мураккаброқ", — деди эксперт.

Лузяниннинг айтишича, Москва билан муносабатларда асосий мавзу хавфсизлик масаласи ва Ўзбекистоннинг собиқ совет маконидаги интеграцион жараёнлар — КХШТдаги иштироки бўлади. Пекин билан муносабатларда эса, экспертнинг фикрича, биринчи ўринда иқтисодий ва инвестицион лойиҳалар туради.

Қўшнилар билан муносабатлар яхшиланиши ҳам давом этади. Кун тартибида сув-экология масаласи туради ва экспертнинг фикрига кўра, мазкур масала ҳал этилади.

Сув муаммоларини ҳал этишда жамоавий шаклдаги тадбирлар – масалан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти муҳим рол ўйнаши мумкин, деб ҳисоблайди Лузянин. Сув масаласида Тожикистонда Роғун ГЭСининг қурилиши бошланиши муҳим ўрин тутади.

Лузяниннинг фикрича, бу масалада Тошкентнинг ён беришини кутиш мумкин. Экспертнинг изоҳлашича, Шавкат Мирзиёев бу масала билан Бош вазирлик лавозимида узоқ йиллар шуғулланган ва мазкур лойиҳани ипидан-игнасигача билади ҳамда унинг барча жиҳатларини ўрганиб чиққан.

"Мирзиёев Раҳмон билан муносабатларни яхшилаб боради. Бу терроризм ва Афғонистондаги тожик толибларига қарши кураш учун керак", — деди эксперт.

Ички сиёсат: иқтисодий ислоҳотлар устуворлиги

Мустақил эксперт Юлий Юсуповнинг Sputnik Ўзбекистонга билдиришича, бошланган валюта ислоҳоти иқтисодиётдаги улкан ислоҳотларнинг бошланишини англатади. Иқтисодчининг айтишича, валюта курсини либераллаштириш ортидан ташқи савдо ва банк фаолияти либераллаштирилишини кутиш мумкин. Бизнес юритиш борасидаги маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш давом этади.

Сайланган Президентнинг сайловолди дастуридан ҳам ана шу масалалар ўрин олганди. Юсуповнинг фикрича, ислоҳотлар ҳозирча умумлаштирилган ҳолда бўлиб, меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёни бормоқда.

"Тизимли ислоҳотлар ҳозирча умумий кўринишда белгиланган. Улар қандай тарзда ўтказилиши ҳозирча ноаниқ. Ҳарҳолда, ислоҳотлар билан боғлиқ меъёрий ҳужжатлар декабр-январ ойларида пайдо бўлса керак", — деди эксперт.

МДҲ институти Марказий Осиё ва Қозоғистон бўлими мудири Андрей Грозин ҳам тез орада иқтисодий ислоҳотлар ўтказилишини билдирди.

"Дастлаб мамлакатнинг иқтисодиётини яхшилашга киришилади, зеро Мирзиёевнинг сайловолди пойгасида айнан мана шу устувор вазифа этиб белгиланганди. 15 йил давомида иқтисодиёт билан шуғулланиб келган инсон бу вазифани уддалай олади, деб ўйлайман", — деди Грозин.

Ҳақиқатан ҳам Президент вазифасини бажариш даврида Шавкат Мирзиёев ўз иқтисодий дастурининг аксарият бандларини амалга оширишни бошлади.

Шу билан бирга унинг сайловолди дастурида суд тизимини ислоҳот қилиш ҳамда демократия ва туризмни ривожлантириш бандлари ҳам ўрин олган.

Ва Президентнинг куни кеча "Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони сайланган Президент дарҳол сўздан амалий ишга ўтганини кўрсатмоқда.

Асосий мавзулар