20:51 23 Август 2017
Эфир
Мактаблардаги хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус тактик ўқув-машғулотлар, архив сурат

Қўриқлаш хизмати болалар хавфсизлигини таъминлашга шай, бироқ...

© Sputnik/ Михаил Фомичев
Жамият
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
109652

Мактаблардаги тартиб-интизомни навбатчи синфлар таъминлайдиган вақтлар олис-олисларда қолиб кетди. Ҳозирги кунда хавфсизлик - долзарб масалаларнинг бирига айланди. Шу боис, ўқув муассасаларидаги "Мактаб қўриқланади" деган ёзув "мода" эмас, балки зарурат туфайли пайдо бўлмоқда

ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Қўриқлаш бирлашмаси мактаблар хавфсизлигини қай тариқа амалга оширади? Ўзбекистондаги мактабларнинг ҳаммаси ҳам "ташвиш" тугмаси билан таъминлана оладими? Хавфсизлик хизмати баҳоси қанча? Sputnik Ўзбекистон шу ва бошқа саволларга аниқлик киритишга ҳаракат қилди.

Хавфсизлик

Ҳар бир мактаб — ушбу муассаса жойлашган ҳудуднинг фахри. Агар у кучли билим берса, чиройли ва замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган бўлса — нур аъло нур. Аммо мана шундай мактабга ҳам назорат талаб этилади, яъни уни қўриқлаш зарур.

Мактаб нега қўриқланиши керак, деган саволга жавоблар кўплаб топилади.

Биринчидан: мактабларда кириб-чиқишни назорат қилиш ва мактаб ҳудудига бегона шахсларни киритмаслик учун.

Иккинчидан: мактабдаги моддий товар бойликларининг ишончли қўриғини таъминлаш учун

Учинчидан: мактаб худудида жамоат тартибини сақлаш ва турли безориликларнинг олдини олиш учун…

Тасаввур қилинг, мактаб раҳбариятнинг, қолаверса, ота-оналар кўнглининг ҳотиржам бўлиши биргина "ташвиш" тугмаси ўрнатилишига боғлиқ.

Школьные будни
Хавфсизлик - осойишталик гарови

Ўзбекистон Республикаси Қўриқлаш бирлашмаси ўқув муассасалари, боғчалар, касалхоналар хавфсизлигини таъминлаши мумкин ва Бирлашма бу соҳада энг илғор замонавий қўриқлаш техника ва технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Статистика

"Ўзбекистондаги барча мактаблар, лицейлар ва коллежлар 2017-йилда "ташвиш" тугмалари билан таъминланади" деб таъкидлади Республика ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш Бош Бирлашмаси раҳбари Тоҳириддин Нажимов яқинда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот-анжуманида.

Маълумотларга кўра, республикада 7 мингдан ортиқ мактабларда видеокузатувлар ўрнатилган. 2016-йилнинг 9 ойи ҳолатига кўра, ушбу кўрсаткич касб-ҳунар коллежларида 67%ни, лицейларда 83%ни, олий ўқув юртларида эса 100%ни ташкил қилган.

Нажимовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 532 мактабдан 489тасида "ташвиш" тугмалари ўрнатилган. 2017-йилда ушбу хизмат тури республиканинг барча мактабларини қамраб олиш режалаштирилган.

Аммо рақамлар ҳамиша ҳам амалга оширилган ишлар билан мос тушмаслиги рост. Нега дейсизми? Бу саволга қуйида жавоб топасиз.

"Ташвиш" тугмаси нега барча мактабларга ўрнатилмайди?

Киноларда кўрган бўлсангиз керак, банкка босқинчилар (ўғрилар) томонидан ҳужум уюштирилса, банк ходими секингина яширин жойда жойлашган кичкина тугмачани босиб қўяди ва кўп вақт ўтмай ҳодиса жойига полициячилар етиб келишади.

Аммо бундай тугмалар фақат банкларгагина мажбуран ўрнатилади. Мактабларда эса бу — ихтиёрий.

Республика Қўриқлаш Бирлашмасидаги манбанинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда мавжуд технологиялар бўйича мактаблар фақат стационар телефони бўйича қўриқлаш хизматидан фойдалана олади.

Республикада шу кечаю-кундузда жорий этилаётгн қўриқлаш технологиялари симсиз алоқа орқали қўриқлаш имконини беради. Шу билан бирга, афсуски, Ўзбекистондаги мактабларни 100% "ташвиш" тугмаси билан қамраб олишнинг ҳам ҳозирча иложи йўқ.

"Бунинг сабаби стационар телефони йўқ мактабларнинг мавжудлигида. Бундан ташқари қўриқлаш пунктларимиз 3-5 дақиқада етиб бора олмайдиган ҳудудда жойлашган мактаблар ҳам борлигини инобатга олиш керак", — дейди суҳбатдош.

Манбанинг сўзларига кўра, Қўриқлаш бошқармасига чекка ҳудудларда жойлашган мактаблардан "ташвиш" сигналлари ҳаво орқали юборилган тақдирда ҳам, мактабга етиб бориш учун 1-2 соат вақт талаб этилади. Мана шундай мактаблар "ташвиш" тугмаси билан таъминлана олмайди.

"Мажбуриятни олгандан кейин жавоб бера олмайдиган бўлсак, қўриқлаш гуруҳи бир соатдан кейин етиб борадиган бўлса, бундай ҳолатда хавфсизликни тўлиқ таъминлаб беролмаймиз, демак тугманинг бунда кераги йўқ", — деб таъкидлайди суҳбатдош.

Хавфсизлик чоралари қай тарзда амалга оширилади?

Қўриқлаш хизмати қай тарзда йўлга қўйилади?

Бунда қўриқлаш бирлашмаси бўлинмалари у ёки бу мактабга ўз хизматини таклиф қилади ва мактаб бу таклифни қабул қилади; ёхуд мактабнинг ўзи қўриқлаш хизматига хат билан мурожаат қилади.

Мана шундан сўнг махсус комиссия ташкил этилади: бунда қўриқлаш хизмати ва мактабдан вакиллар қатнашадилар. Комиссия томонидан ўқув муассаси биноси кўрикдан ўтказилади. Яъни мактабнинг техник мустаҳкамлик ҳолати ўрганиб чиқилади: деворлар, деразалар, эшиклар… Қўриқлаш талаблари бўйича агар деворлар паст бўлса, уларни баланд қилиш талаб этилади ёки дейлик, деразаларга панжара ўрнатиш керак бўлади. Хуллас, қўриқлашнинг техник талаблари бажарилган бўлиши керак. Мана шу меъёрлар бажарилгандан кейин жисмоний қўриқлашни ташкиллаштириш бўйича шартнома тузилади.

Айтиш жоизки, 2016 йил ҳолатига кўра, "ташвиш" тугмасининг бир соатлик нархи 1207 сўмни ташкил қилади.

Бирон ҳодиса рўй берадиган бўлса, тугма босилиши билан 3-5 дақиқа ичида қўриқлаш ходимлари ўша ҳудудга етиб боришади.

Қўриқлаш турлари ҳақида: хоҳланг милиция, хоҳланг пульт!

Қўриқлаш турлари ҳар хил бўлади: милиция қўриғи (хизмат нархи жиҳатдан энг қиммат); қоровул қўриғи бор (мактаблар учун ўтган йилда тарифлар 15%га арзонлаштирилган); техник қўриқлаш (бино пультга улаб қўриқланади, бундай қўриқлаш тури асосан пул сақланадиган жойлар, дейлик, кассаларда кенг қўлланилади).

Қўриқлашнинг энг арзон тури — бу шаҳодатланмаган қоровуллар томонидан амалга ошириладиган қўриқлашдир. Бунда иш тартиби шартномада келишилади. Яъни агар мактаб раҳбари мактаб 24 соат давомида қўриқланиши керак, деб айтса, демак, бино куну-тун қўриқланади ва ҳоказо.

Ўзбекистон Республикаси Қўриқлаш Бошқармаси ходими сўзларига кўра, шу кунда мактабларда техник қўриқлаш кўпроқ фойдаланилмоқда(!). Қоровул қўриғидан ҳам фойдаланётган мактаблар мавжуд, милиция қўриғидан эса(нархи туфайли) жуда кам фойдаланишади.

Бошқа давлатларда қандай?

Мактаблар хавфсизлигини таъминлаш — фақатгина Ўзбекистонга тааллуқли масала эмас. Мисол учун, Исроилда бу ўта долзарб масала ҳисобланади. Нега деганда, давлат армияси террорчилардан барча фуқаролик объектларини ҳимоя қилишга қодир бўлмагани туфайли, ўқувчиларнинг ота-оналари ушбу ташаббусни ўз зиммасига олишган.

Исроил ОАВлари бу турдаги янги "жанговор таркиб"ни ҳазил тариқасида "ота-оналар коммандоси" дея номлашга ҳам улгуришди.

Сотрудник американской полиции
© Fotolia/
Сотрудник американской полиции

АҚШда эса мактаб полициячилари институти мавжуд.

Буюк Британия Таълим вазирлиги мактаб хавфсизлиги тизимига ўқитувчиларни жалб қилган. Яъни, британиялик мураббийлар ўқувчи қўйнида шубҳали предмет борлигини сезиб қолса, уни кўрикдан ўтказиш ҳуқуқига эга.

Германияда эса айни вақтда "мактаб шерифлари" институти"ни ташкил қилиш устида иш олиб борилмоқда.

Фақат, шу ерда бир ҳолатни таъқидлаб ўтиш жоиз, дунёдаги аксарият давлатлар мактабларида рўй бераётган ҳодисалардан фарқли ўлароқ, шукрки, Ўзбекистон мактабларида фавқулодда ҳолатлар йўқ.

Сўнг сўз ўрнида

Айтиш жоизки, мактаблар хавфсизлигини таъминлаш Республика Қўриқлаш Бирлашмаси ваколатига кирмайди. Бирлашма ўқувчиларнинг хавфсизлигини ўйлаган ҳолда ўз хизматларини таклиф қилади ва ташвиқот ўтказади. Мактаб хавфсизлигини таъминлаш эса ўқув муассаси раҳбарлари ўйлаб кўриши керак бўлган масаладир.

ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш бирлашмаси республикадаги ҳар бир мактаб хавфсизлигини таъминлаш учун техник имкониятларга эга бўлгани билан бу ҳолат мактабларнинг молиявий имкониятлари билан мос тушмаса…

Ушбу вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун нима қилмоқ керак?..

Афсуски, ҳозирча бу саволга жавоб йўқ. Демак, масала очиқлигича қолади…

Теглар:
ташвиш тугмаси, Қўриқлаш, ИИБ

Асосий мавзулар