Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасига солиқ ва божхона имтиёзлари берилди

Oбуна бўлиш
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарига 2020 йилнинг 1 январига қадар солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилди

ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Ўзбекистонда 2017 йил 1 январдан бошлаб тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари экспортидан олинган хорижий валютадаги тушумнинг бир қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотиш бекор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги "2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорида кўрсатилди.

Қарорга мувофиқ, 2017 — 2019 йилларда пахта толаси ва ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида юқори қўшилган қийматли, ташқи бозорларда талаб қилинадиган тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш топшириғи ҳамда 2016 — 2019 йилларда пахта толаси ва ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида юқори қўшилган қийматли тайёр, экспортга йўналтирилган тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланди.

Ўзбекистон матолари - Sputnik Ўзбекистон
Тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун махсус компания тузилди

Республикада ишлаб чиқарилмайдиган, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича республика ҳудудига четдан келтириладиган тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ўрнатилган технологик ускуналарига эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учун 2020 йил 1 январгача божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) озод қилинди.

Шунингдек, тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарига 2020 йилнинг 1 январига қадар солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилди.

Ҳужжат келгусида иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни давом эттириш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини модернизациялаш, диверсификациялаш ва жадал ривожлантиришни таъминлаш, пахта толаси ва ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш йўли билан экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтиришга йўналтирилган.

Янгиликлар лентаси
0