17:35 25 Июл 2017
Эфир
Врач

Мирзиёев: Соғлиқни сақлаш тизимини мутлақо ўзгартириш - давр талаби

© flickr.com
Жамият
Ҳавола олиш
Тиббиёт соҳаси танқид остида (23)
1779121

Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида атрофлича тўхталди

ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда ҳукумат аъзолари, сенаторлар, вилоят ҳокимлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари, соғлиқни сақлаш тизими масъул ходимлари иштирок этди.

"Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир", — деди президент сўзи аввалида.

"Бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир", дея сўзида давом этди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувларида халқнинг ичига кириб, уларнинг дарди, муаммолари, таклифларини эшитиш лозимлигини алоҳида қайд этганди.

Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келган мурожаатларнинг 7 мингдан зиёди айнан тиббиёт соҳасига тегишли экани ҳам мазкур соҳада муайян муаммолар йиғилиб қолганлигини кўрсатмоқда. Аҳолининг мурожаатлари, фикр-мулоҳазалари ва таклифлари соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.

Шундан сўнг у тиббиёт соҳасида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида атрофлича тўхталди.

"Бугунги кунда ҚВПлар бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани аҳоли учун қулайлик яратмоқда. Лекин тиббий ускуналарни ишлатадиган малакали мутахассислар етарли даражада эмас. Баъзи чекка ҳудудларда оддий қон топшириш учун туман марказига ёки шаҳарга боришга тўғри келаётганини ҳам инкор эта олмаймиз.Айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилмоқда. Чекка ҳудудларда малакали мутахассислар етишмаётгани кадрлар масаласида қилинадиган ишлар кўплигини англатади", деб фикрини давом эттирди президент.

Президентнинг фикрига кўра, "аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини юксалтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Лекин бугун халқ бу хизмат сифатидан рози, дея олмаймиз. Тизимни мутлақо ўзгартириш — давр талаби".

"Аёлларимиз иболи, ҳаёли. Баъзи масалаларда шифокорга бориб дардини бемалол айтавермайди. Шу боис хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилишимиз керак, — деди давлат раҳбари. — Токи улар бориб ўзини қийнаётган масалада бемалол фикрлашсин. Чунки эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ".

Мирзиёев ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар кўплигини таъкидлади.

"Мавжуд марказларнинг ҳаммаси Тошкент шаҳрида жойлашган. Бу, айниқса, қишлоқ аҳолисига муайян ноқулайликлар туғдираётир. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари жойларга чиқиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоғи, жарроҳлик амалиётларини ўтказмоғи лозим», деди президент.

Тадбирда мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Мавзу:
Тиббиёт соҳаси танқид остида (23)

Асосий мавзулар