Бу йил ҳаж ва умрага аввал бормаганлар боришади

© Sputnik / Михаил Воскресенский / Медиабанкка ўтишМакка шаҳри
Макка шаҳри - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ҳаж ва умра ибодатларини адо этмаган фуқароларга кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида мана шундай қарор қабул қилинди

ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Бу йил умра ва ҳаж сафарига илгари ушбу амалларни бажармаган фуқароларни юбориш тартиби жорий этилади. Ҳаж ва умра ибодатларини адо этмаган фуқароларга кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида мана шундай қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" фонди таклифларига биноан ҳамда ўзбек халқининг бағрикенг ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, жорий йилда мазкур кенгаш томонидан бир ва ундан ортиқ маротаба ҳаж ва умра сафарларига борган шахсларнинг муборак зиёратларга боришлари кечиктириб турилиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Мазкур қарорнинг қабул қилинишида республика миқёсида умра ва ҳаж сафарларига бориш истагини билдирган фуқаролар сонининг тез суръатларда ортиб бориши, мустақиллик йилларида фуқаролар турмуш даражасининг юксалиши, аҳоли сонининг ўсиши, улар томонидан ҳаж ва умра сафарларига бориш истагида амалий ёрдам сўраб кўплаб мурожаатлар қилиниши ҳам эътиборга олинган.

"Айни пайтда таъкидлаш жоизки, ислом дини таълимотларига кўра ҳар бир инсонга умрида бир марта ҳаж зиёратини амалга ошириш (ҳаж сафари давомида умра зиёрати ҳам бажарилади) фарз қилинган. Бунда албатта унинг соғлом ва иқтисодий жиҳатдан яхши таъминланган бўлиши белгиланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам Арабистон ярим оролида яшаган бўлсаларда умрларида бир марта ҳаж амалини бажарганликлари тарихдан маълум.

Аксарият мусулмон мамлакатларида, жумладан, Саудия Арабистони Подшоҳлигида ҳам ўз фуқароларига 5 йилда бир марта ҳаж қилишлари мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Умид қиламизки, юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этмаган фуқароларга кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида Жамоатчилик кенгашининг умра ва ҳаж сафарларини ташкил этиш билан боғлиқ бу йилги қарорини тўғри тушунадилар", дейилади хабарда.

Шу ўринда айтиш жоизки, сўнгги йилларда ҳаж зиёратига бориш истагини билдирганларнинг сони ошиб бораётганини эътиборга олиб, 2017 йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланди (илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди).

Янгиликлар лентаси
0