23:17 22 Июн 2017
Эфир
Ёнғоқ дарахтларидан ҳосил йиғиштириш жараёни, архив сурат

Ўзбекистондаги тоғолди ҳудудларда ёнғоқ плантациялари ташкил этилади

AFP / PHILIPPE DESMAZES
Жамият
Ҳавола олиш
52821

2016 йилнинг 6-12 декабрь кунлари Самарқанд вилоятидаги олимлар, тадбиркорлар ва фермерлардан иборат делегация Туркиянинг Истанбул, Анқара, Бурса, Ялова вилоятлари тоғолди ҳудудларида ёнғоқ плантациялари ташкил этиш тажрибасини ўрганиб қайтди

ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 5 октябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрганида Ургут тумани ерларидан унумли фойдаланиш, хусусан, адирли ерларга ёнғоқ, бодом, ток, унаби каби экинлар экиш лозимлигини айтган эди.

Шундан сўнг, 2016 йилнинг 6-12 декабрь кунлари Самарқанд вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассислари, ер ресурслари ва давлат кадастри идораси вакиллари, олимлар, тадбиркор ва фермерлар Туркиянинг Истанбул, Анқара, Бурса, Ялова вилоятлари тоғолди ҳудудларида ёнғоқ плантациялари ташкил этиш тажрибасини ўрганиб қайтишди, деб хабар қилди Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Туркияда бўлган М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд филиали директори Жамшид Аҳмаджоновнинг айтишича ёнғоқ дарахти ер танламайди, сувга чидамли, тоғда ҳам, даштда ҳам ўсаверади.

"Ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, Туркиянинг тоғли ҳудудларида бўлган пайтимизда ёнғоқзорлар агротехнологиясини ўрганиб, иқлим шароитимизга мос навларни танладик. Ўрганишларимиз натижасига кўра, улар орасида "Чантлер" нави вилоятимиз иқлими, ҳаво, сув, ер шароитига мос экан. Энг асосийси, бу навли ёнғоқнинг меваси йирик, юқа пўчоқ ва оқ мағизли. Бу эса бугунги бозор талабига мос", — деди Аҳмаджонов.

Ушбу ёнғоқ навининг иқтисодий фойдаси ҳақида гапирар экан, Аҳмаджонов қуйидагиларни қўшимча қилган: "Бу навли ёнғоқ тоғли ҳудудларга 8х4 метр ўлчамда экилади. Шунда гектарига 200 туп жойлашади. Икки йиллик кўчат экилгач, у уч йилдан сўнг ҳосилга киради. 8 йиллик ёнғоқ ўртача 40 килограмм ҳосил беради. Шунда 1 гектар майдондаги ёнғоқзордан 8 тонна сара ҳосил олиш имконияти яратилади.

Бу ҳозирда ёнғоқ нархининг ўртача 10 минг сўм эканини инобатга олсак, шу пайтгача самарасиз фойдаланиб келинган тоғолди ҳудуддаги 1 гектар майдондан 80 миллион сўм даромад олиш дегани. 15-20 ёшли бир туп ёнғоқ эса 180-200 килограммгача маҳсулот беради".

Шуни алоҳида айтиш лозимки, Туркияда етиштирилаётган бир туп ёнғоқ кўчатининг нархи 7 АҚШ долларига тенг. Агар Ўзбекистонга келтирилишигача бўлган йўл харажатини ҳисобласак, бир туп кўчат 8 АҚШ долларига тушади.

"Бу боғбон-у фермер учун албатта, қиммат. Шуни инобатга олиб, яқинда республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистонда ёнғоқ ва ёнғоқ мевали ўсимликлар кўчатларини етиштириш, плантациялар барпо қилиш мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда четдан қиммат нархда ёнғоқ кўчатлари келтириш ўрнига алоҳида майдонларга ўзимизнинг маҳаллий навли ёнғоқ уруғини экиб, бир йилдан сўнг Туркия ва бошқа давлатлардан унинг новдасини келтириб, унга юқори сифатда пайванд қилиш агротехникаси ўргатилди. Табиийки, бу иқтисодий самара беради. Яъни, фермер учун бир дона кўчат 8-10 минг сўмга тушиши билан бирга ушбу навли ёнғоқнинг ўсиш ва ривожланиши иқлим шароитимизга мослашиб, мевасининг сифат кўрсаткичлари ва ҳосилдорлиги ошади", — деб таъкидлади Аҳмаджонов.

Суҳбатдошга кўра, айни кунда филиалнинг 2 гектар майдонида ёнғоқ кўчати етиштириш учун ерни сифатли тайёрладик. Келгуси йилда уни Ургут туманининг 4,5 минг гектар тоғолди ва дашт ҳудудига экиш кўзда тутилган.

Айни кунларда махсус дастур асосида нафақат ушбу ер майдонлари, балки туманда ёнғоқдан ташқари бодом, ток, унаби каби экинларни экишга мўлжалланган 10 минг 200 гектар ва Жомбой туманининг 300 гектар тоғолди ҳудудидаги майдонлар ҳам бу мевалар плантацияларини ташкил этиш учун ўзлаштирилмоқда.

Асосий мавзулар