12:38 28 Феврал 2017
Эфир
Сув

Ўзбекистон ва Қозоғистон ичимлик суви бўйича мега-лойиҳани муҳокама қилмоқда

© Sputnik/ Максим Богодвид
Жамият
Ҳавола олиш
27230

Музокаралар ижобий якунланган тақдирда 2020-2030 йилларда 1 миллионга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича мега-лойиҳа амалга оширилади

ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жонсаид Туймебаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги оқин сувлар масаласи бўйича давлатлараро ишчи гуруҳ вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ишчи гуруҳлари Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувга асосан тузилган бўлиб, гуруҳлар фаолияти икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни такомиллаштириш ва оқин сувлар муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган.

Учрашув давомида Туймебаев икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш зарурлигини билдирди.

"Биз савдо-иқтисодий, гуманитар муносабатларни мустаҳкамлашимиз даркор. Ҳар икки томоннинг ҳамкорликка қизиқиш билдириши мени қувонтирмоқда. Биргаликда ҳал қиладиган муаммоларимиз анчагина. Ишчи гуруҳлари сув, оқин сув ва тоза ичимлик суви ресурсларини ўзлаштириш бўйича муҳокама қилаётган масалалар ижобий ечим топишига ишонаман", — деди ҳоким.

Ўз навбатида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари вазири ўринбосари Шавкат Ҳамроев ҳар икки давлатни Сирдарё бирлаштириб туришини, мазкур учрашув муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

"Оқин сувларни ўзлаштириш ҳамда сув тошқинлари ҳар икки томоннинг умумий муаммосидир. Бу муаммоларни биргаликда ҳал қилишнинг барча имкониятларидан фойдаланиш лозим. Бугунги учрашув муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бундан буён ҳам ривожланиб боришига ишончим комил", — деди Ш.Ҳамроев.

Учрашувда ишчи гуруҳ вакиллари аҳолини трансчегаравий ҳудудда жойлашган Угом дарёсидан олинадиган тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг кўламли лойиҳани муҳокама қилди.

Музокаралар ижобий якунланган тақдирда 2020-2030 йилларда 1 миллионга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича мега-лойиҳа амалга оширилади.

Ишчи гуруҳининг ўтган йил декабрда Ўзбекистонда бўлиб ўтган биринчи йиғилишида трансчегаравий дарё ва каналлардан ўзаро манфаатли фойдаланиш масалалари кўриб чиқилган.

Йиғилишда томонлар сув ҳажмидан келиб чиқиб, "Достик", "Зах", "Хоним", СТК, ВТК каналлари, уларнинг ёқаларидаги суғориладиган ерлардаги барча сувларни тенг тақсимлаш ҳақида келишиб олган.