05:37 23 Октябр 2017
Эфир
Британия байроғи

Британия Ўзбекистонга ислоҳотлар учун 500 минг доллардан ортиқ маблағ ажратади

© AFP / Fabrice Coffrini
Жамият
Ҳавола олиш
16011

Маблағлар Ўзбекистон ҳукуматини иқтисодий ҳамда жиноий судлов соҳасида ислоҳотлар ўтказишда қўллаб-қувватлашга йўналтирилади

ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Буюк Британия жорий йилда Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 500 минг доллардан ортиқ маблағ ажратади деб маълум қилди Тошкентдаги матбуот анжуманида элчи Кристофер Аллан.

Бу маблағлар Ўзбекистон ҳукуматини иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, уларнинг шаффофлиги ва жавобгарлигини таъминлаш ҳамда жиноий судловни ислоҳ қилишда қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

"Биз президент Мирзиёевнинг кенг миқёсли ислоҳотлар дастури Ўзбекистон учун ажойиб имкониятлар эшигини очади, деган фикрдамиз. Ташқи ишлар вазири ўринбосари сэр Алан Дункан президент билан декабрдаги учрашуви чоғида Буюк Британия бу борадаги ҳаракатларни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирганди. Биз Ўзбекистоннинг бизнес муҳитни яхшилаш, коррупцияга барҳам бериш ва хорижий инвестицияларни жалб этишга бўлган ҳаракатларини муҳим ва ижобий деб ҳисоблаймиз", — деди британиялик дипломат.

Бунда, унинг фикрича, республика ҳукумати халқ билан интернет портал ва бошқа воситалар орқали мулоқотга киришиш орқали сезиларли ўзгаришлар қилишга муваффақ бўлди ва бу ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Кристофер Аллан ўз чиқишида инсон ҳуқуқлари мавзусига алоҳида тўхталиб ўтди. У бугунги кунда Буюк Британия ҳам Ўзбекистон каби инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб халқаро конвенциялар иштирокчиси эканлигини қайд этди. Шу сабабли, элчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон президентининг жиноий судлов соҳасини такомиллаштиришга бўлган интилиши ўта муҳим ташаббусдир. Британия шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг миллий ҳаракатлар режаси ва БМТнинг охирги даврий маълумотномасида берилган тавсияларни қабул қилиш борасидаги олға силжишини олқишлайди.

"Инсон ҳуқуқларига оид масалалар муҳокамаси Буюк Британиянинг бутун дунёдаги мамлакатлар билан муносабатларининг муҳим қисмидир. Бизнингча, ҳар бир мамлакатда, Буюк Британияда ҳам, ривожланиш учун имкониятлар мавжуд ва бу борада тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли биз инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича Ўзбекистондаги ҳукумат ва нодавлат ташкилотлари билан узвий ҳамкорлик қилишда давом этамиз", — деди дипломат.

Буюк Британия тажриба ва билимлари ёки Ўзбекистон муассасалари салоҳиятини оширишни молиявий таъминлаш орқали мазкур ислоҳотларни ўз имконият доирасида қўллаб-қувватлашдан мамнун бўлади, деб қўшиб қўйди Кристофер Аллан.

Асосий мавзулар