10:58 23 Август 2017
Эфир
Геймеры

Тожикистонда ёшларга кеч соат 6дан сўнг интернет-кафеларга кириш тақиқланди

© Sputnik/ Евгений Биятов
Жамият
Ҳавола олиш
12833

Ушбу тақиқни бузганларнинг ота-оналари жавобгарликка тортилади. Интернет-кафелар, ресторанлар ва букмекерлик конторалари тақиқланган масканлар рўйхатига киритилди

ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Тожикистон ички ишлар вазирлиги 20 ёшга тўлмаганларнинг соат 18:00дан сўнг кўнгилочар масканларга кириши тақиқлангани ҳақида огоҳлантириш эълон қилди.

Ушбу тақиқни бузганларнинг ота-оналари жавобгарликка тортилади. Интернет-кафелар, ресторанлар ва букмекерлик конторалари тақиқланган масканлар рўйхатига киритилди.

"Ёшингиз 19дан ўтган бўлса ва интернет-кафега киришингиз жудаям зарур бўлса, таваккал қилманг, яхшиси ота-онангиз билан бирга киринг", — дейди юрист Абдураҳмон Шарипов Sputnik Тожикистонга берган интервьюсида.

Унинг айтишича, бундай жойларга паспорт ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан бориш лозим. Шунингдек, интернет-кафега боришдан олдин 20 ёшга тўлмаганлар ота-онасини огоҳлантириб қўйишгани маъқул.

"Интернет-кафелардаги профилактик текширувлар чоғида тартиб посбонлари ўз ваколатларини суиистеъмол қилишлари мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун ёшлар ёнларида доимо ҳужжат олиб юришлари ва телефон орқали милиция ходимини ота-оналари билан суҳбатлашишини таъминлашлари керак. Акс ҳолда унинг шахсини тасдиқлаш учун участка бўлимига олиб кетишади", — дейди юрист.

Шарипов шунингдек, ёшлар текширувлар чоғида ваҳимага тушмасликлари ёки жанжал кўтармасликлари кераклигини айтади, акс ҳолда улар милиция участкасида рўйхатга тушишлари мумкин.

Юристнинг айтишича, ИИВнинг бундай қарори бежизга чиқарилмаган — кейинги йилларда Тожикистонда ёшларнинг жиноят содир этиш ҳоллари кўпайган.

Расмий маълумотларга кўра, кейинги 5 йилда ёшлар томонидан 3,5 мингта жиноят содир этилган бўлиб, энг кўпи 2015 йилда — 772 марта жиноятга қўл урилган.

"Бундан ташқари, ёшларнинг назорат қилиб бўлмайдиган тармоқлар орқали турли экстремистик ва террорчилик гуруҳларига қўшилиб кетаётганлиги ҳам қаттиқ ташвишга солмоқда. Шунинг учун қонун доирасидаги бундай назоратни оқлаш мумкин", — дейди Шарипов.

ИИВ мазкур чеклов Тожикистон Республикасининг "Ота-оналарнинг фарзанд тарбияси ва ўқиши учун жавобгарлиги ҳақида"ги қонунининг 8-моддаси 1-қисми 9-бандида кўрсатиб ўтилганлигини маълум қилган.

Асосий мавзулар