14:26 17 Октябр 2017
Эфир
Наркотик таъсирга эга таблеткалар

Ўзбекистонда таблетка гиёҳвандлигига ружу қўйганлар кўпаймоқда

© Flickr/ Alex Dodd
Жамият
Ҳавола олиш
58951

Наркотиклар - тўғри жарлик сари элтадиган йўллиги ҳеч кимга сир эмас. Ёвуз қарамликнинг ўткир чангали инсонни ажал оғушида маҳкам ушлаб туради. Аммо гиёҳванд шахслар қатори янги туйғулар "овчилари" билан кенгайиб бормоқда. Нима қилмоқ керак? Ота-оналар нимадан сергак тортишлари лозим? Врач-нарколог билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз

ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Бир ой олдин ёшлар орасида гиёҳванд воситалар тарқатилишига қарши курашиш ойлиги бугун якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази хабарига кўра, ойлик давомида Ўзбекистондаги барча таълим масканлари, ёшлар фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларда ички ишлар ходимлари томонидан гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган профилактика чора-тадбирлари амалга оширилди.

Бугун республикада гиёҳвандлик ҳолати қай даражада, ота-оналар нималардан сергак тортишлари керак ва бошқа саволлар билан Республика наркология маркази раҳбар ўринбосари, нарколог-врач Ёқубжон Сариковга мурожаат қилдик.

- Ёқубжон Ҳамроқулович, айтингчи, Ўзбекистондаги ўқув масканларида тушунтиришлар қай тарзда олиб борилди? Наркотик модда истеъмол қилинишини ҳолатини аниқлаш учун ўқув даргоҳларида тестдан ўтказиш чоралари қўлланиладими?

— Йўқ, асло, биз тестдан ўтказмаймиз. Чунки тест ўтказиш ҳар бир шахс хоҳиши билан амалга оширилади. Мажбурий тарзда кимнидир тестдан ўтказишга ҳаққимиз йўқ. Тушунтириш ишлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар олий даргоҳлар, коллеж ва лицейларда олиб борилди. Шу иш билан шуғулланадиган ходимларимиз бориб маъруза ўқишди, тушунтириш ишлари олиб боришди. Олдиндан ишланган видеолавҳаларимиз бор, ёшларга шуларни қўйиб берамиз. Жараён давомида қанақадир саволлар туғилса, саволларга жавоб берамиз.

- Ёшларда наркотик моддалар қабул қилиниши белгиларини қай тарзда аниқлаш мумкин? Ота-оналар биринчи галда нимадан сергак тортишлари лозим?

— Биринчи белги бу — "гиёҳванд шахс" пайдо бўлиши — яъни ёлғончилик, кейин авторитетларнинг йўқолиши. Яъни ҳар бир бола учун авторитет бу ота-она, устози, қариндош-уруғ авторитет(ҳурматга сазовор инсон) ҳисобланади. Наркотик истеъмол қиладиган ёшларда бу нарса йўқолади. Шунингдек, ота-онага бўлган ҳурмат ҳам йўқолади. Гиёҳванд шахс учун унинг ўз атрофидаги гиёҳванд моддани истеъмол қиладиган ўртоқлари, шериклари у учун "авторитет шахс"га айланади. Айтиш жоизки, гиёҳванд истеъмол қиладиган ўсмирларда агрессивлик белгилари юқори кечаяпти ва жуда қисқа муддат ичида яққол намоён бўляпти. Сабаби улар — ўсмир, ёшлар.

Ёшларимизни ҳимоя қилиш учун нима қилишимиз керак? Биринчи навбатда бола мактабда ўқиётган бўлса бесабаб дарс қолдиришлари, бесабаб дарс вақтида йўқ бўлиб қолиши — дейлик эрталаб дарсга келиб дарслар оралиғида бир-икки соатга "йўқолиб" қолиши ва яна дарс охирида пайдо бўлиши — боланинг ўзини тутиши, кийиниши, муомаласига жуда эътиборли бўлишимиз керак.

Ўқишдан кейин фарзандни ота-оналар назоратга олишлари керак. Дейлик, мактабдан чиққан бўлса, нега уйга вақтида келмагани, мана шундай ҳолатларни кузатиш керак. Кейин ҳар бир ота-она ўз боласи билан савол-жавоб, яъни мулоқот қилиши лозим.

Бола ўзгариб қолган, масалан характерида ўзгариш юз берган бўлса, бунинг сабабини(нега бунақа бўляпти) суриштириши керак. Бизлар кўпинча мана шундай оддий нарсаларга амал қилмаяпмиз. "Балоғат ёшида", "ўтиш даври-да" деймизда, бунга эътибор бермаймиз. Ўтиш даври билан наркотик модда истеъмол қилишдаги ўзгариш катта фарққа эга.

Ҳаракатда қўполликлар пайдо бўлиши, ўқишга қизиқиши йўқолиши, ўсмир тобора одамови бўлиб қолгани, атрофда юз бераётган ҳодисаларга бефарқлиги — мана шуларга ўта эътиборли бўлиш керак.

- Бугунги кунда Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларнинг энг кенг тарқалган тури қайси?

— Ҳозир гиёҳвандликнинг янги тури — таблетка гиёҳвандлиги пайдо бўлган.

Таркибида наркотик сақловчи таблеткалар кучли қарамликка олиб келади. Кейин спайс моддаси пайдо бўлган — бу чекиш орқали истеъмол қилинади. Бундан ташқари, булочкаларни устига безак беришда, яъни озиқ-овқатда ишлатиладиган маданийлаштирилган кўкнор(мак) уруғи дейилади, шундан кимёвий йўл билан наркотик тайёрлаб истеъмол қиладиганлар ҳам учраб турибди.

- Ўзбекистонда гиёҳвандлик ҳолати ўтган йилларга нисбатан қай даражада?

- Героин ва қора дориларни оладиган бўлсак, уларни истеъмол қиладиган беморлар сони кескин камайган. Лекин таблетка кўринишида — ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.

Асосан коллеж ва лицейларда ўқийдиган ёшлар орасида кўп учраяпти.

- Ўз фарзандида гиёҳвандлик асоратларини пайқаган ота-оналар қаерга мурожаат қилишлари лозим?

— Бундай ҳолатларда ота-оналар нарколог врачларга мурожаат қилишлари керак. Ҳар бир туман поликлиникасида нарколог кабинети бор. Даволанишга келадиган бўлсак — бунинг учун наркология диспансери бор. Келиб бемалол мурожаат қилиб, ётиб даволанишлари мумкин.

Ота-оналар ҳавотир олмаслиги керак, чунки барча мурожаатларда махфийлик сақланади.

Теглар:
гиёҳванд моддалар, наркотик

Асосий мавзулар