Шавкат Мирзиёвнинг Наврўзни нишонлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинди

© Sputnik / /СтрингерНаврўз
Наврўз - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Қарорга кўра, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширишга эътибор қаратилади

ТОШКЕНТ, 1 март — Sputnik. Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг "2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.

"Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини инобатга олиб ҳамда бу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида 2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин", — дейилади қарорда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев бу йил Наврўз қандай нишонланишини айтди

Қарорга кўра, ташкилий қўмита Наврўз байрамини Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ўн кун муддатда ишлаб чиқиши ва амалга ошириши лозим.

Қарорда кўрсатилишича, тадбирлар режасини тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:

Наврўз кунларида инсоннинг табиат билан узвийлигини, ўзини унинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қиладиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;

барча шаҳар ва қишлоқларда бўлиб ўтадиган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одатлар, анъаналар ва қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;

Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида ўз аксини топган меҳр-мурувват, аҳиллик ва тотувлик, ёши улуғ инсонлар, табаррук отахон ва онахонларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш;

Наврўз байрамини нишонлаш - Sputnik Ўзбекистон
Наврўз ЮНЕСКО номоддий бойликлари рўйхатига киритилди

янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ва қишлоқларда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш.

Ҳужжатга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, дорбозлар, цирк артистлари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистлари кенг жалб этилади.

Шунингдек, сайил дастурларини тайёрлашда халқ ўйинлари, фольклор санъатининг энг яхши намуналарини, элу юртнинг дилидан чуқур жой олган, қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғуларни тараннум этадиган куй ва қўшиқлар, ўлан ва лапарларга кенг ўрин берилади.

Ўтказиладиган байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда жойлардаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан, Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланади.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов зиммасига юклатилган.

Янгиликлар лентаси
0