11:01 23 Август 2017
Эфир
Уяли алоқа телефонларидан фойдаланаётган ўсмирлар

Бу васваса эмас: Ўзбекистон ИИВ ўлимга чорловчи ўйинлар ҳақида ахборот берди

© Foto: pixabay.com / terimakasih0
Жамият
Ҳавола олиш
38530

Ўзбекистон фуқароларнинг аксарияти "ўлим гуруҳлари" - бу оммавий васваса, дея фикр билдиришди. Аммо статистикага мувофиқ, 2016 йил ичида дунёнинг турли бурчакларида 720 нафарга яқин болалар ўлимга чорловчи ғоялар қурбонига айланишган

ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Охири ўлим билан якун топувчи "Кўк кит" ўйини Ўзбекистонга икки ой олдин кириб келган, дея расман хабар қилди Ўзбекистон ИИВ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси.

"Фуқароларимизнинг аксарияти в Контактедаги ўлим гуруҳлари ҳақида кўп ва хўб эшитдилар. Ўлимга чорловчи "Кўк кит" ўйини бугунги кунла турлича номлар билан кенг тарқалган: "Тинч уй", "Мени 4:20да уйғот" ва "Бойвачча ўзбек аёли" каби. Ушбу ўйинларнинг оммавийлигидан ҳам кўра, у ишлаётган схеманинг ниҳоятда нозиклиги ҳайратланарлидир", — дейилади ИИВ чоп этган хабарда.

ИИВ матбуот-хизмати маълум қилишича, ўзбекистонликларнинг аксарияти ўлим гуруҳлари ҳақидаги хабарларга оммавий васваса, дея жиддий эътибор беришмаган.

"Фуқароларнинг аксарияти бу оммавий васваса, дея фикр билдиришди. Аммо статистикага мувофиқ, 2016 йил ичида дунёнинг турли бурчакларида 720 нафарга яқин болалар ўлимга чорловчи ғоялар қурбонига айланишган. Мана шу рақамлардан келиб чиққан ҳолда, бу ўйиннинг ваҳшиёна кўринишига эҳтиёткорлик билан ёндашишга тўғри келади", — дейилган хабарда.

Вазирлик ўйин нега айнан "Кўк кит" дея номланишига ҳам тўхталиб ўтган.

"Бунинг сабаби шундаки, ўлишдан олдин китлар ўзларини қирғоққа отадилар, яъни ўз жонига шу тариқа қасд қиладилар. Ўйин моҳияти жуда оддий. Киши қандайдир даъватни ёзади ва ўз ёзганларига шунга мос хэштегни илова қилади. Шундан сўнг "Кўк кит" ўйинини юритувчилар теглар асосида ўйинга иштиёқмандларни излаб топиб, унга ўйинни бошлашни таклиф қилишади.

"Ўйиннинг биринчи шартлари фавқулодда даражада оддий: иштирокчидан қўлига китнинг расмини чизиш сўралади. Шундан сўнг ўлжага турли топшириқлар берилади, бундай вазифалар сони  50та бўлади. Энг сўнгги топшириқ ниҳоятда шавқатсизлиги билан ажралиб туради: боладан ўз жонига қасд қилишни талаб қилишади.

Юртдошларимиз бу каби ўлимга етакловчи ўйинларга икки ой олдин қизиқа бошлаганлар.

Ўзбекистон ўсмирлари орасида Инстаграмм саҳифаларида ана шу ўйин хэштеглари пайдо бўлгач, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари зудлик билан ишга киришган", — дейилади хабарда.

Хабарга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари мактаблар, лицейлар ва коллежлар ҳамкорлигида ота-оналар мажлисини ўтказиб, барча ота-оналарни ўқувчиларнинг бу ўйинга қизиқишлари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришган. 

ИИВ ахборотига кўра, "ўлим гуруҳлари"га кирувчи ўсмиларнинг ҳар бирига профессионал руҳшунослар бириктирилган.

"Зурриёдингизни "ўлим гуруҳлари"дан асраб қолиш учун улар ҳаёти билан тинимсиз қизиқиб боринг, улар ким билан дўст, ким билан мулоқотда, билинг. Фарзандингизга қиммат телефон олиб берманг, у билан тўғри мулоқотни йўлга қўйинг", — деб тавсия берган ИИВ.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилаётган профилактик тадбирлар туфайли бугунги кунда Ўзбекистонда ўсмирлар орасида "Кўк кит" туфайли ўз жонига қасд қилган ҳолатлар қайд этилмаган.

Аммо ота-оналарга айтар гапимиз шу-ки, ўғил ёки қизингизнинг хавфсизлиги биринчи навбатда сизнинг қўлингизда. Дилбандингиз ҳаётида қанчалик фаол иштирок этсангиз, болангизнинг дунёқарашини кенгайтирадиган шароитларни яратиб берсангиз, у ҳеч қачон носоғлом руҳиятга эга кимсалар томонидан берилаётган топшириқларни бажармайди.

Асосий мавзулар