00:12 29 Июн 2017
Эфир
Ўзбек аёллари

Интернетда кўп хотинли "бойлар" мавзуси қизғин муҳокама қилинмоқда

© Flickr/ stefan_fotos
Жамият
Ҳавола олиш
6600183

Бутун бир миллатнинг шаъни-орисиз, деб куйлаган эди Озодбек Назарбеков аёллар ҳақида. Бугун биз ўз шаънимизни, оримизни қанчалик қадрлай оляпмиз?

ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири Умида Азиз интернет фойдаланувчиларига "расмий никоҳи бекор бўлмай туриб, икки-уч болани хор қилиб, бошқа аёлга уйланиб олган эркаклар хусусида мулоҳазангиз?", деган савол билан мурожаат қилди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги вақтларда Ўзбекистонда бу сингари ҳолатлар кўп қайд қилинмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи давомида бу ҳақда сўз очган эди.

"Агар биз аёлларнинг мавқеини яхшиласак, жамиятдаги аҳвол ўзгаради. Келин ким? Келин — бизнинг қизимиз. Биз мана шу қизимиз учун яхши шароитларни яратиб беришимиз керак. Қайноналар келинни қизим, деб аташларини хоҳлайман. Ахир уларнинг ҳам қизлари бир кун келин бўлади. Сизлар нима учун аксарият ҳолларда ёш аёллар керакли шарт-шароитларни топа олмайдилар, дея савол беришингиз мумкин: чунки қайнонасидан яхши гап эшитмайди, эри ёмон муомала қилади. Натижада эр-хотин ажрашади, қайнона эса орадан олти ой ўтиб уйга янги келин олиб келади. Бу бизлар учун уят бўлиши керак. Шунинг учун ҳам мен бу мавзуни кўтардим, балки энди одамларга тушунарли бўлар", — деган эди президент.

Умида Азиз ўртага ташлаган саволга интернет фойдаланувчилари жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

"Эркак осонликча аёлини, оиласини, болаларини тарк этмайди. Ишни шу ҳолатга боришига аёлларнинг ўзи сабабчи. Эрнинг кўнглини овлашни эплашолмайди. Кейин "дод" солиб юришади", — деган Ҳусан Тангриев.

"Шўринг қурғур аёл: эрни кўнглини овла, қайнона-қайнотанинг кўнглини овла, қайин бўйинни кўнглини овла, болага, ош-овқатга қара, уй юмушларини эпла, ишлаб пул ҳам топ, ўзингга қарашга ҳам вақт топ. Танбал ёки пулдор эринг юриб кетса сен айбдор. Эркак қачон аёлини кўнглини олади…

Эркакни юришига бекорчилиги айбдор.

Мен бирор чет давлатларда (ўзим борган юртларда) бизнинг аёлларга юклатилган ва аёл шунга масъул деган ишларни кўрмадим. Ҳурматли эркаклар, ҳеч қайси давлатнинг аёллари бизнинг аёллардек матонатли ва меҳнаткаш эмас…", — деб Ҳусанга жавоб қайтрган Гулбаҳор Умарова.

"Китобларда ўқиганмиз, қадимда аёллар эрларини кўчага кузатиб: "Ҳой фалончини боласи, бизга ҳалол ризқ топиб келинг. Дунёни очлигига чидаймиз. Охиратни азобини кўтаролмаймиз", дейишаркан. Ҳозирги аёллар-чи? Кузатиб туриб, қўлимизга "списка" тутқазишади. Топиб кел, тамом", — деган Нурмуҳаммад Одилов.

"Аёлларни айбдор қиляпмиз-а? Лекин айни мавзуда мендан тўртта аёл ёрдам сўради, тўрталаси ҳам "Эрим бошқа жойда уйланиб яшасаям майли, мен билан болаларини ташлаб қўймаса бўлгани, мен эрдан чиққан аёл номини кўтариб юролмайман", деб жавраяпти. Анави (эркак деб эркакларни ҳақорат қилгим келмаяпти) бола кўр қилгур хотин қўйгичлар эса ажрим олишим керак, деб қонуний рафиқасига зуғум қилиб юрибди…

Қизлар жуда беқадр бўлиб кетди. Бир марта хотин қўйган ҳам, икки, уч, ҳатто тўрт марта хотин қўйган ҳам бокира қизга уйланаяпти. Бунисиям майлику, ота-оналар сўраб суриштирмай, қонуний никоҳи бекор қилинмаган эркакка қизини сарпо-суруғ, рўзғор жиҳозлари билан узатишяпти. Бундоқ сўраш йўқ, суриштириш йўқ, нега ажарашган, нечта боласи бор? Боласини таъминлайдими, хотинига уй-жой қилиб берганми, ажрашишига жиддий сабаб борми-йўқми…

Ёлғондан кўчасидан совчи ўтса, ёқасидан ушлаб олиб қизини тутқазиб қўйяпти. Оқибатда тирик етим кўпайяпти, фоҳиша кўпайяпти, аёллар билан боғлиқ бошқа жиноятлар урчияпти. Бир пайтлар бизни Бухоро томонларда ажрашиш жуда уятли, шармандали ҳолат эди! Ўғли ё қизи ажрашган оилаларга одамлар нафрат билан қарашарди.

Ҳозир бировнинг биров билан иши йўқ. Афсуски, айримлар болага ИНСОН деб қарамайди! Бемеҳр, шафқатсиз, кўнгли ярим, ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналадиган одамлар кечаги, болалигида кўнгли синган, меҳрга тўймаган, болалиги кемтик ўтганлар эмасми? Ўртоқлар, бу жудаям жиддий мавзу! биз ҳали аёлни айблаяпмиз, оилани сақлаб қолсин деб, ҳали эркакни айблаяпмиз. Лекин бу нарсага бутун жамият, сизу биз ҳам бирдек айбдор эмасмизми? Тўғри, бизда эр-хотиннинг орасига эсини еган тушади, деган гап бор. Лекин бир болага етти маҳалла ота-она деган гап ҳам ўзимиздан чиққан-да…", — деб ёзган Умида Азизнинг ўзи.

"Эскиларда гап бор: отасини кўриб қизингни бер, онасини кўриб қизини ол. Бу гаплар бежиз эмас. Хозир ҳаммамиз ақллимиз, бир биримизга ақл ўргатишдан нарига ўтмаймиз. Ота-боболаримизни дунё бойлигила ҳам топиб бўлмайдиган панд-насиҳатларини битта "лайк" босишга ҳам олмаймиз. Мен зўрман деб кўкракка муштлашдан бошқасини билмаймиз. Биз мактабда устоздан калтак есак, ота-онамизнинг билиб қолишидан қўрқар эдик. Чунки ота-онамиз хабар топса яна калтак ер эдик, сабаби ё дўстларинг билан уришгансан ё уй вазифасини бажармагансан, деб. Хозир ота-оналар — "сен туғиб қўйибсанми, бешигини тебратиб қўйибсанми"дан бошлайди. Ўқитувчи бечора бошини қаёққа уришни билмайди. Талабалигимда бир ўқитувчимиз 1915-1917 йил ўзбек маданиятига етишимиз учун яна 300 йил керак экан деган эди, балки энди 3000 йил керак бўлар, яна билмадим", деган Муҳаммад Умар Аҳмедов.

"Бир томонни тўлиқ айблаб ёки оқлаб бўлмайди. Масала эҳтирос ва бирёқламаликларга берилмасдан ёритилиши лозим. Бир нарсани яхши тушунишимиз керак-ки, бунақа муаммоларда Оврўпо биздан анча илгарилаб кетган. Улар 20-30 йиллардан бери оилани мустаҳкамлаш устида бош қотиришади, аммо натижа фақат орқага кетяпти. Инсоният диндан узоқлашгани сари муаммолар гирдобига ботиб боравериши аниқ", — Абдуғафур Искандар фикри.

Танҳо никли фойдаланувчи эса ўзбек аёлларини ўқиб, касб-ҳунарли бўлишга чорлаган.

"Эркакларга ақл ўргатиш ўзбек аёлига хос эмас. Эркаклар учун алоҳида "аҳлоқ-одоб" қонунини чиқаришнинг имкони йўқ. Раҳматли дадам онамларга "қизларингни ўқит, олий маълумотли қил, бунинг учун ер тирнашга тўғри келса ҳам, ҳатто", деб тайинлар эдилар. Маълумоти бор аёл мустақил бўлади, дунёқараши кенгаяди, бировнинг қўлига қарам бўлмайди. Вақти келса, қайсидир сабаб ила ишсиз қолган турмуш ўртоғига ҳам "қанот" бўлади, балки…", — деб ёзган Танҳо.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар