17:13 21 Сентябр 2017
Эфир
Серфинг на планшете

Ўзбекистонда интернет нашрлари пуллик бўлгани яхшидир...

© Sputnik/ collage/Vladimir Trefilov
Жамият
Ҳавола олиш
18321

Муштарий, ўзига ёққан нашрга обуна бўлиб, сифатли мақолаларни рекламасиз ўқигани маъқулми, ёки бошқа сайтлардан кўчириб олинган, арзиган-арзимаган хабарларни, ўнлаб реклама баннерлари орасидан топиб ўқигани маъқулми?

ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Бугунги кунда Ўзбекистонда  бир неча ўнлаб интернет нашрлари  фаолият юритиб келмоқда. Уларда бор-йўғи 3-4 киши ишласа-да,  бир кунда юзлаб мақолалар чоп этиши мумкин.  Қандай қилиб дейсизми?

Бу жуда осон, интернетни кавлаштириб, кўзига ёққан ҳамма нарсани кўчириб олавериш керак. Муаллифлик  ҳуқуқлари, нашрнинг ўзига хослиги, журналист нигоҳи ва — вижон каби "арзимаган" тушунчалар унутиб қўйилса бўлди.   

Айнан шу сабабли бугун Ўзбекистонда қайси интернет нашрини ўқишнинг умуман фарқи қолмади. Ҳамма жойда бир хил сарлавҳа, бир хил ибора ва бир хил фотосуратлар. Ўзи материал тайёрлайдиган, муҳим воқеалар бўлаётган жойларга ўз мухбирларини юбораётган нашрлар саноқли.

Ўзбекистондаги аксарият интернет-ОАВларида на ўзига хослик, на таҳририят сиёсати  сезилади. Улар нима иш қилаётганини ўзлари ҳам тушунмаса керак.

Буларнинг ҳаммаси бир кун келиб талабчан ўқувчининг жонига тегади ва  у онлайн нашрлардан бутунлай воз кечиб, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларга ўтиб кетиши мумкин.

Ваҳоланки, дунёнинг ривожланган мамлакатларида ўзига ишонган ва лаёқатли муштарийларга эга бўлган ОАВлар, реклама ва кўчирилган хабарлардан тўлиқ воз кечиб, пуллик обунага тизимига ўтмоқда. Бу чоп этилаётган мақолалар сифатига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Улар "Клик" жамлашга қаратилган, "мусор" хабарлардан воз кечиб, фақат сифатли ва қизиқ мақолалар тайёрламоқда.

Статистика маълумотларига кўра, бугунги кунда АҚШда 600 та пуллик нашр, Европада 100га яқин ва Россияда 10дан ортиқ ана шундай нашрлар бор. Айрим ОАВлар янгиликлар бўлимини бепул қолдириб, таҳлилий мақолалар, интервью ва репортажлар бўлимини пуллик қилишган.

Times, Financial Times, Le Figaro, The Wall Street Journal, Newsday каби дунёнинг энг оммавий нашрларини ўқиш — пуллик обуна асосида амалга оширилади. Россияда ҳам пуллик нашрлар сони кун сайин ортиб бормоқда: Ведомости, Авторевью, Дождь, Сноб каби нашрлар бугунги кунда обуна таклиф қилмоқда.

Яна бир факт, МДҲ мамлакатларида ҳам фойдаланувчиларнинг муаллифлик ҳуқуқларига бўлган ҳурмати кун сайин ортиб бормоқда. Лицензиясиз маҳсулотдан фойдаланиш имкони бўлганлар, ҳам бундай қилмаяпти. Масалан, 10-15 йил аввал Россияда ҳамма лицензиясиз киноларни томоша қилар ва ноқонуний сотиб олинган ўйинлар ва дастурлар ҳар бир компьютерга ўрнатилган эди. Бугун компьютер ўйинлари ва дастурларнинг ўртача 60% лицензияланган. ОАВ соҳасида эса, бировнинг мақоласини тўғридан-тўғри кўчириб қўйиш тажрибаси — умуман йўқ бўлган.

Балким Ўзбекистонда ҳам интернет нашрларига пуллик обуна тизими бўлгани яхшидир?

Балким ўшанда журналистлар рерайт, копипаст ва таржима эмас, ўзларининг ҳақиқий вазифаси билан машғул бўлади. Балким ушанда улар ҳар куни янги репортажлар, интервьюлар  тайёрлашади. Балким ўшанда интернет нашрлари "клик"лар сони учун эмас, муштарий кўнгли, муштарий ишончи ва лаёқати учун курашади.

Муштарий эса, ўз навбатида сифатли ва мазмунли контент учун пул тўлашга рози бўлади. Ўзбекистон аҳолиси ҳозир бундай ўзгаришларга тайёр бўлмасада, келажакда бундай кунлар келиши аниқ, чунки дунё шундай йўлдан бормоқда.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар