21:03 29 Июн 2017
Эфир
Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласига ҳайкал ўрнатилмоқда

Шомаҳмудовлар оиласидан кимлар ҳаёт? Машҳур хонадондан репортаж

Sputnik
Жамият
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
9 Май - муқаддас Хотира ва буюк Ғалаба куни (34)
3734231

Уруш йилларида ҳарбий ҳаракатлар қуршовида қолган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчириб келинган минглаб болалар қаторида Ольга-Ҳолида ҳам бу юртда янги оиласини топган. Вақти келиб миннатдорчилик рамзида ўз ихтиёри билан ота-онаси темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг аёли Баҳри Акрамова қўйган Холида исмида мусулмонлар динини қабул қилган

ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Шу кунларда пойтахтдаги Дўстлик боғида Шомаҳмудовлар оиласига ҳайкал ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Иккинчи жаҳон уруши даврида тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов аёли билан фронт чизиғида бўлган мамлакатлардан эвакуация қилинган бошпанасиз ва етим қолган болаларини фарзандликка олиб, тарбия беришди, вояга етказишди, набиралар кўриб, бува-бувилик гаштини ҳам суришди.

Айтиш жоизки, Шомаҳмудовлар оиласи инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган оила сифатида тарихда қолди. Шоаҳмад ота ва Баҳри ая турли миллат вакиллари бўлган 13 ўғил-қизни ва урушдан сўнг яна 3 болани ўз тарбияларига олишган. Булар Ҳабиба, Вова, Шуҳрат — рус, Ҳамидулла — украин, Рафиқ, Раҳматулла — татар, Холида — молдаван, Самуғ — чуваш, Йўлдош, Эргаш — яҳудий, Ҳалима — қозоқ, Қоравой, Неъмат, Муаззам, Ҳакима, Улуғбек — ўзбек.

Шомаҳмудовлар оиласи вакилларининг кейинги тақдири, бугунги ҳаёти ҳақида репортаж тайёрлашни мақсад қилган журналистлар Ильмира Зайниддинова ва Фозил Фарҳод Тошкентнинг Жарариқ маҳалласига йўл олишди.

 

Журналисты: Ильмира Зайниддинова и Фозил Фарход
Фозил Фарҳод
Журналистлар Фозил Фарҳод ва Ильмира Зайниддинова

 

Шомаҳмудовлар оиласи фарзандларидан кимларни топишга муваффақ бўлдингиз, деган саволга Фозил Фарҳод уч нафарини, деди.

 

Халида (Ольга) Шомахмудова и журналист Фозил Фарход
Фозил Фарход
Холида Шомаҳмудова ва журналист Фозил Фарҳод

 

"Холида опа, Шомаҳмудовлар оиласининг энг кенжа қизи Ҳалима ва ўғиллари Йўлдош ҳаёт. Ҳалима интервью беришни истамас экан. Йўлдош ака билан ҳозирча учрашиш имкони бўлмади, чунки уни катта бувиси (онасининг бувиси) узоқ қидириб, топган ва келишини илтимос қилган. Йўлдош Шомаҳмудов шу кунларда Украинада", — деди журналист.

Журналистлар шунингдек машҳур оиланинг яна бир фарзанди — Рафиқ Шомаҳмудовнинг ўғли Тоҳиржон Шомаҳмудов билан ҳам суҳбатда бўлишган.

 

Журналист Фозил Фарход и сын Рафика Шомахмудова Тохирджон Шомахмудов
Фозил Фарход
Журналист Фозил Фарҳод ва Рафиқ Шомаҳмудова ўғли Тоҳиржон Шомаҳмудов

 

"Шомаҳмудов оиласига қўйилган ҳайкал Дўстлик боғига ўрнатилаётганини эшитиб, Холида момо жуда хурсанд бўлдилар”, ҳикоясини давом этди Фозил Фарҳод. Шомаҳмудовлар оиласи истиқомат қиладиган маҳалла фаоллари "ўзимизни маҳалламизга олиб келайлик шу монументни, рухсат беринг" дея, ҳукуматга хат ҳам ёзишганини хотирлашибди. Журналистнинг сўзларига кўра, Жарариқ маҳалласи, Тошкўчада яшайдиганларнинг ҳаммаси бир-бири билан  "апоқ-чапоқ" бўлиб кетган: турли миллат вакиллари бири-биридан қиз олиб, қиз берган… Ва бу анъана шу кунгача давом этиб келаётир. Каттами ё кичик, ҳаттоки уч-тўрт яшар қизалоқлар ҳам журналистлар саволга тортганда,  ғурурланиб Шомаҳмудовлармиз деб жавоб берар экан…

"Ольга-Холида опага қандай савол билан мурожаат қилдингиз", сўрадим қизиқиб. "Оналари ҳақида қизиқдик. "Ойим тез-тез тушимга кирадилар. Бошларига оппоқ рўмол ўраб олганлар. Кийимлари озода. Ойим жаннатдалар", деб жавоб бердилар. Оналарининг руҳларига Қуръон тиловат қилишларини ҳам айтдилар.

 

Холида (Ольга) Шомахмудова со своим семимесячным правнуком Мухаммадумаром
Фозил Фарход
Холида-Ольга Шомаҳмудова етти ойлик чевараси Муҳаммадумар билан
Холида момо урушдан кейин уни акаси қидириб келганини, олиб кетмоқчи бўлганини ҳам эслабди. "Энди кетмайман", деб туриб олган эканлар". "Шу кечаю кундузда 81 ёшни қарши олган Холида аяни анча толиқтириб қўйдик… Кетишимиз олдидан  ҳайкал ўрнатилаётганига яна бир бор жуда хурсанд бўлиб, соф ўзбек тилида дуо қилдилар", деди Фозил Фарҳод.

Фозил Фарҳод: аждодларимиз олдида бош эгамиз…

Донолар айтганидай, иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар бир киши такрор ва такрор англаши, қалбидан ўтказиши табиий ҳол. Ўшанда 6,5 миллионлик Ўзбекистон халқининг 1,5 миллиондан ортиғи урушга кетган эди. Бу бутун ўзбек халқининг бағри куйиб кул бўлди, юраги қон-қон йиғлади дегани. Шунча она жигарини юлиб, жангу жадалларга жўнатди дегани. Бу қанчалаб шўрлик аёллар кўксига соғинч, интизорлик найзаси санчилди дегани.

"Станцияга ҳар суткада, узлуксиз равишда, мамлакатнинг ғарбий районларидан минглаб эвакуация қилинганлар, ярадорлар келтирилар эди. Уларни жойлаштириш, уй-жой билан таъминлаш лозим эди. Тошкент аҳолиси барча ташвишларни юрагига ғоятда яқин олар эди. Бир куни шаҳарга қамалдаги Ленинград болаларини олиб келаётган состав келиши маълум бўлди. Вокзалга минглаб ўзбек аёллари келишди. Улар очликдан тинкаси қуриган болаларни ўз тарбиясига беришни илтимос қилишар, ҳаттоки талаб қилишар, бу ҳақда ўтиниб сўрар эдилар".

"Ҳарбий комендант қайдномалари"дан олинган бу гаплар айни ҳақиқатдир. Тарихни ўчириб бўлмайди!

Сен етим эмассан,
Тинчлан, жигарим.
Қуёшдай меҳрибон
Ватанинг-онанг,
Заминдай вазмину
Меҳнаткаш, мушфиқ
Истаган нарсангни тайёрлагувчи
Халқ бор-отанг бор.

Шоир Ғофур Ғулом шундай бошланувчи шеърини уруш даврида етим қолган болаларга бағишлаган. Ҳа, ўзбек халқи Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳарбий ҳаракатлар қуршовида қолган ҳудудлар аҳолисини — 1 ярим миллиондан зиёд одамни қабул қилди. Гўёки бағри бўшаб қолган элимизнинг урушга кетган яқинлари ўрнини босиб, юракларига таскинлик бўлгандай бўлди бу… Эвакуация қилинганлар эса бошпанасини топди! Оиласини топди! Ота-онасини топди! Ватанини топди!

Маълумотларга қараганда, уларнинг 400 мингга яқини — бола, шулардан 200 мингдан ортиғи чин етим бўлган. Шунча болани Ўзбекистоннинг минглаб оиласи ўз бағрига олди ва бир майизни қирқ бўлиб еди. Болажонлар шу элдан меҳр топди. Бу халқимизнинг азалий болажонлигини билдирарди.

Тошкентлик Шоаҳмад ота ва Бахри ая Шомаҳмудовлар ҳам шундай оилалардан бири эди. Улар ибрат кўрсатиб, уруш даврида бошпанасиз, ота-онасиз қолган 13 болани, урушдан кейин ҳам яна 3 ўғил-қизни ўз тарбияларига олган. Шоаҳмад ота ва Бахри ая бағрида рус, беларус, украин, татар, молдаван, яҳудий, латиш, қозоқ, чуваш миллатига мансуб болажонлар паноҳ топди. Бугун бу оиланинг ўзбеклашиб кетган авлодлари Тошкентнинг Жарариқ маҳалласида яшамоқда.

Яна бир хушхабар! Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган меъморий ёдгорлик шу кунларда Республика байналмилал маданий маркази тасарруфидаги Дўстлик боғига ўрнатилмоқда.

Уруш ўчоғида бўлган, фронт ортида беминнат хизмат қилган буюк боболар, муҳтарама момолар! Сизнинг олдингизда бош эгамиз!

Мавзу:
9 Май - муқаддас Хотира ва буюк Ғалаба куни (34)

Асосий мавзулар