02:07 24 Август 2017
Эфир
Мотамсаро она ҳайкали, Тошкент

Эксклюзив: Илҳом Жабборов "Мотамсаро она" тимсолида кимни тасвирлаган эди?

© Nicola e Pina
Жамият
Ҳавола олиш
Дилшода Раҳматова
9 Май - муқаддас Хотира ва буюк Ғалаба куни (34)
1598110

"Президент "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбар қўйди" ёки ҳайкал пойига гулчамбар қўйиш маросими бўлиб ўтди, деган хабарларга бот-бот кўзингиз тушади. Интернет саҳифаларида "Мангу мотам тутишга маҳкум она - "Мотамсаро она" деган фикрлар ҳам учраб қолади. Аслида, бу Она - ким?

ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Мотамсаро она ҳайкали тимсолини ҳайкалтарош кимдан намуна олиб яратган экан, деган масала сизни ҳеч қийнаганми? Мен бу борада ўзимга жуда кўп савол берганман.

"Ўзбек онаси тимсолини яратган Илҳом Жабборов кимдан намуна кўчирган эди? Образни яратаётган ижодкор ўз олдига қандай мақсад қўйган эди?" каби саволларни…

Олдиндан айтиб қўйишим керак, куни кеча, "Шомаҳмудовлар оиласидан кимлар ҳаёт" материалини тайёрлаш чоғида, журналист Фозил Фарҳоддан эшитган навбатдаги ҳикоя туфайли мен бугун сизларга Илҳом Жабборов билан бўлган қисқа суҳбатни ҳавола этяпман.

"Яқинда "Таҳлилнома"да бир лавҳа тайёрладик — урушга кетиб, Германияда қолиб кетган Усмонжон Содиқов ҳақида, — деб қолди суҳбатимиз давомида Фозил. — Шарҳ тайёрлаш учун Усмонжон аканинг жиянларининг уйига бордик. Аёл бувиси Усмон акани бир умр кутганини айтди. Ўғлим келади, деб ҳатто қорахат келганига қарамай, аёл кутишдан тўхтамаган экан…". Фозил Усмон аканинг оналари расми борлигини, расмда муштипар она худди "Мотамсаро она"дек, қўлларини тиззасига қўйиб, кутиб ўтиргани акс эттирилганини қўшимча қилди.

…Илҳом Жабборовга қўнғироқ қилиб тушиш осон иш эмас, деб огоҳлантиришганларига қарамай, ҳайкалтарош рақамини тердим. Гўшакни Илҳом Жабборовнинг ўзлари кўтардилар.

Салом-аликдан сўнг: "Айтингчи, "Мотамсаро она" ҳайкалини кимдан намуна олиб ясагансиз? Ёки бу образни яратиш чоғида оналар ҳақида материалларни ўргангандирсиз?", — дея савол бердим.

Ҳайкалтарош жавоб аввалида она тўғрисида материал ўрганишнинг кераги йўқлигини, она тимсолининг ўзи тайёр материал эканини таъкидладилар.

Сўнг, "Мен ўзимнинг онамдан намуна олганман, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди… Онам менга ўхшаган фарзанддан ўнтасини дунёга келтирган. Ҳаммамизни урушдан олдинги қийинчилик пайтларида оёққа турғазган. Тўнғич фарзандини 16-17 ёшида урушга олиб кетишган. У бедарак кетган. Шунақа…", — дея ҳикоя қилди ҳайкалтарош.

Ва она тўғрисида ёзиш осон иш эмаслигини қўшимча қилдилар.

"Кўп нарсалар чиққан бўлса керагу, лекин она тўғрисида ёзиш жуда қийин…", деб, кутилмаганда мендан фарзандим бор-йўқлиги ҳақида сўрадилар.

Икки фарзанднинг онаси эканлигимни айтдим.

"Ана, эрталабдан кечгача, "Қаерда экан? Нима қилди экан?", деб, ҳатто ҳозирги тинчлик замонида ҳам кутиб ўтирасиз, юрагингизни чангаллаб, тўғрими?", савол берди менга Илҳом ака.

Албатта, шундай. (Оналар мени тушунади.)

"Бу она — фақат урушдаги фарзандини кутган онамас, бу она — умумий ОНА образининг йиғиндиси. Ҳаёт давом этяптики — она ўз фарзандини кутган. Кўчада ўйнаб юрган бўлса ҳам кутиб ўтирган, ёки ишга кетса ҳам кутган. Фарзанди армияга кетса ҳам кутган, институтга кетса ҳам кутиб ўтирган. Она фақат кутади! Масалан, мени 50 ёшимда ҳам "Илҳом қаерда экан? Нима бўлди экан", деб кутиб ўтирарди. Ўша образ бу", — деб суҳбатга якун ясади Илҳом Жабборов.

…Уруш даврида ўз фарзандларига ҳам она, ҳам ота бўлган — Она тимсолини яратиш ҳам осон кечмаганига ишончим комил.

"Миллат келажаги оналар қўлида", деган гап бежизга айтилмаган. Бугунги ютуқларимиз учун ожизалигига қарамай, ўзини фидо қилишдан қўрқмаган, муштипар ОНАларимиз олдида ҳам бош эгамиз.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Мавзу:
9 Май - муқаддас Хотира ва буюк Ғалаба куни (34)
Теглар:
Илҳом Жабборов, Мотамсаро она

Асосий мавзулар