12:18 28 Июн 2017
Эфир
Йўлни таъмирлаш ишлари

Самарқанд вилоятида йўлларни асфальтлаш ишлари бошлаб юборилди

© Sputnik/ Михаил Мордасов
Жамият
Ҳавола олиш
77400

Йўлларни таъмирлаш ишлари жараёнида шу кунгача 70 минг тонна асфальт ётқизилди, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри

ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев апрель ойида Самарқанд вилоятида бўлганида йўлсозлар олдига ҳам бир қатор вазифаларни қўйганди. Ўзбекистон раҳбари соҳа ходимларини ҳаёт билан бирга қадам ташлашга, одамлар талаб-истакларига қулоқ тутишга даъват этганди. Негаки, вилоятнинг кўпгина туманларида қишлоқ йўлларининг ҳолати талаб даражасида эмас, деб ёзади "Зарафшон" нашри.

"Президентимизнинг ташрифи, очиғи, йўлсозларимизнинг кўзини очди, – дейди вилоят автомобиль йўлларидан фойдаланиш бош бошқармаси бош муҳандиси Абдурауф Исҳоқов. – Излаган имкон топар деганларидек, носоз йўлларни таъмирлашга куч ҳам, маблағ ҳам топилди. Жумладан, анча йиллардан буён нотекис ҳолга тушиб қолган Челак – Митан – Иштихон автомобиль йўлининг 40 километри қисқа муддатда жорий таъмирланди. Иштихон билан Митанни боғловчи йўлга асфальт-бетон қопламаси ётқизилди".

Митан – Қўшработ – Нурота автомобиль йўлининг 30 километри равонлаштирилди. Йўлнинг қолган қисмини таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Каттақўрғон сув омборига олиб борувчи 10 километр йўл созланди. Шунингдек, Оқтош – Хатирчи – Янгиравот автомобиль йўлининг Оқтош шаҳри билан Мирбозорни боғловчи қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Автомобиллар қатновини тўхтатмаслик мақсадида ҳозирча йўлнинг энсиз йўлаги фойдаланишга топширилди. Йиллар давомида йўловчилар эътирозига сабаб бўлиб келаётган мазкур йўл йил давомида тўла таъмирдан чиқарилади. Тойлоқ – Ургут автомобиль йўлининг 24 километр қисмининг ҳолати ҳам яхшиланди.

Бундан ташқари, қисқа вақт ичида Самарқанд шаҳрида трамвай қатнови йўлга қўйилиши муносабати билан темир йўл вокзалидан Сартепа мавзесигача бўлган 6,2 километр йўлга асфальт ётқизилди. Шунингдек, Рудакий кўчасининг 1,5 километр қисми таъмирланди.

Кейинги уч-тўрт ойда бажарилган йўл қурилиши ишларида вилоятдаги барча корхоналар фаол иштирок этди. Мавжуд тўртта асфальт завод зарур асфальтни пешма-пеш етказиб берди, 20 та МАN юк автомашиналари, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий асфальт текислаш машиналари иш унумини оширишга хизмат қилди.

Юқорида қайд қилинган қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёнида 70 минг тонна асфальт ётқизилди, деб хабар қилган нашр.

Шунингдек, 2018 йилда Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Гагарин, 2019 йилда Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қурилишини босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган.

Бўстонсарой ва Ҳусайн Бойқаро кўчалари кесишмасидан Рудакий кўчасининг чорраҳасигача бўлган йўлнинг икки томонини кенгайтириш, замонавий уй-жойлар жойлаштириш, ободонлаштириш ишлари бажарилади. Кўчанинг Сиёб канали устидан ўтган қисмидан кўприк қурилади. Бу вазифаларни бажариш юзасидан ҳозир тегишли ташкилотлар томонидан ташкилий тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар