23:48 11 Декабр 2017
Эфир
Пресс-конференция датского архитектора Яна Гейла

Дунёга машҳур архитектор Ян Гейл Самарқанд обидаларидан ҳайратда қолди

© Sputnik/ Александр Кожохин
Жамият
Ҳавола олиш
572 0 0

Дания Қироллиги Нафис санъат академиясининг меъморлик бўйича фахрий магистри Амир Темур мақбараси ва Регистон майдонини ҳайрат билан томоша қилди

ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган даниялик таниқли халқаро архитектор, "Gehl Architects" компанияси асосчиси Ян Гейл 18 май куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди, деб ёзади "Жаҳон" АА.

Дания Қироллиги Нафис санъат академиясининг меъморлик бўйича фахрий магистри Амир Темур мақбараси ва Регистон майдонини ҳайрат билан томоша қилди.

Меҳмонга ушбу обидаларнинг яратилиш тарихи, уларни асраб-авайлаш борасида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ян Гейл бундан бир неча аср олдин бунёд этилган мазкур иншоотларнинг мукаммал меъморий ечимлар асосида қурилганини қайд этиб, бу аждодларимизнинг юксак ақл-заковатидан далолат беришини таъкидлади.

Регистон майдони ва Сиёб деҳқон бозорини боғловчи Ислом Каримов кўчасининг шарқона, ўзига хос ландшафт дизайни, миллий ҳунармандлик устахоналари ва савдо дўконлари, тарихийликка уйғун замонавий кўриниши ҳам меҳмонда катта таассурот қолдирди.

— Самарқанддаги бир неча асрлик обидалар билан танишиб, шаҳарнинг замонавий архитектурасида тарихий элементлар кўп акс этиши боисини англадим, — дейди Ян Гейл. — Бу жуда завқли ва ўзига хос. Муҳими, уларда маълум бир мақсад бор, ифодалар мавжуд. Бу анъаналарни йўқотмаслик ва уларни такомиллаштирган ҳолда замонавий шаҳарсозликда кенг фойдаланиш лозим.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида Ян Гейл иштирокида замонавий шаҳарсозлик архитектурасига бағишланган семинар ўтказилди. Институт профессор-ўқитувчилари ва талабалар, архитектор ва лойиҳачилар қатнашган тадбирда замонавий жаҳон архитектурасининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

Шаҳарсозлик архитектурасида атроф-муҳит мусаффолигини асраш ва аҳоли учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилиши, яшил майдонларни кўпайтириш, велосипед ва пиёдалар йўлаклари тармоғини ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.

Семинар якунида Ян Гейл эллик йиллик фаолияти давомида орттирган тажриба ва хулосалари асосида яратилган бир қатор китобларини институт жамоасига топширди.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар