00:15 29 Июн 2017
Эфир
Во время службы в мечети. Архивное фото

Президент: яширинча никоҳ ўқиган ҳар қандай муллага жиноий жазо берилади

© Sputnik/ Саид Царнаев
Жамият
Ҳавола олиш
808113

Президент имом-хатибларга мурожаат қилар экан, яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини таъкидлади

ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Кеча Тошкентда бўлиб ўтган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби" мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатларини кескин қоралади.

"Баъзан ҳаётда "ЗАГС", яъни, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсуски, учраб турибди.

Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий "Ўткан кунлар" романида кундошлик туфайли бутун бир оила бошига тушган фожиаларни жуда таъсирчан тасвирлаб бергани наҳотки сабоқ бўлмаган бўлса?", деди президент.

Шавкат Мирзиёев бундай ҳолатларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши, қандай муаммолар пайдо қилиши борасида фикр билдирди.

"Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган "никоҳ"дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади.

Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди", деди Ўзбекистон раҳбари.

Президент имом-хатибларга мурожаат қилар экан, бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини таъкидлади.

"Ҳурматли имом-хатиблар, сизлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатни кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай катта муаммо олиб келаётганини лоақал тасаввур қиласизларми ўзи?!

Ҳозирги кунда ҳаётимизда авж олаётган ана шундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Бу қонунда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай муллага, агар у валломат бўлсаям, жиноий жазо бериш кўзда тутилади", деди Шавкат Мирзиёев.

Асосий мавзулар