00:06 29 Июн 2017
Эфир
Гул тутаётган эркак

Қўшхотинлик ҳақида ўзбекистонликлар фикри ва номаълум аёлнинг Мирзиёевга мурожаати

© Foto: Wallpapers Сraft
Жамият
Ҳавола олиш
6156172

Шавкат Мирзиёев диний уламолар билан учрашувда ўзбекистонликлар орасида қонуний никоҳдан ўтмай туриб, яширинча, шаръий никоҳ ўқитиш ҳолатлари кейинги вақтларда жуда авжига чиқаётганини таъкидлади

ТОШКЕНТ, 18 июн — Sutnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев диний уламолар билан учрашувда  кўплаб долзарб муаммолар қаторида, оилалардаги носоғлом муҳит ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари аёллар орасида ўз жонига қасд қилишдек бир аянчли ҳолат барҳам топмаётганини алоҳида таъкидлади.

"Афсус билан айтмоқчиман, оилаларда носоғлом муносабатлар, қайнона-келин, эр-хотин ўртасида жанжаллар, хотин-қизларимиз орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари борлиги шахсан мени қаттиқ изтиробга қўяди. Сизлар яхши биласизлар, Қуръони Каримда "ўзингизни ноҳақ ўлдирмангиз" деб буюрилган. Муборак Ҳадисда ўз жонига қасд қилганлар ҳеч қачон Жаннатга тушмаганлиги ҳам баён қилинади. Бунга қарамасдан аёлларимиз орасида ўз жонига қасд қилишдек ҳолат барҳам топмаяпти", деди Мирзиёев.

"Биз аввало бунинг сабабларини бартараф этиш ҳақида ҳар томонлама ўйлашимиз, жумладан, аҳолимиз, аёлларимиз ўртасида динимизнинг бу кўрсатмаларини тушунтиришимиз лозим", деб уқтирди давлат раҳбари.

"Шу билан яна бир нозик масалаларга тўхталиб ўтмоқчиман", давом этди президент.

"Баъзан, ҳаётда ЗАГСдан ўтмасдан туриб, пул эвазига, яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, минг афсус кўп учраб турибди. Охирги вақтларда бу иллат жуда авжига оляпти. Билмайман, қаердан пайдо бўлди, Тошкент шаҳри биринчи ўринда… (…) Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик — қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий "Ўткан кунлар" романида кундошлик туфайли бутун бир бошли оила бошига тушган фожиаларни жуда таъсирчан тасвирлаб бергани, наҳот-ки сабоқ бўлмаган бўлса?!", савол берди президент.

Ахир тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлади, хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб улғайгандан кейин, боғчага, таълим муассасасига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзосиман, деб ҳис этолмайди", — куйиниб гапирди минбардан президент ва имом хатибларга юзланди.

"Ҳурматли имом-хатиблар, сизлар ЗАГС ҳужжатини кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда, мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай катта муаммо (келтиришини) лоақал тасаввур қиласизларми ўзи?

Ва мана шу гапдан сўнг Мирзиёев ҳозирги кунда жамиятда ана шундай ярамас, хунук ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

"Ҳар кун жанжал қигунча, ҳар кун қаймоқ есангчи"

"Қўшхотинлик" масаласи… Бу — президент юқорида таъкидлаганидек, ўта нозик масала.

"Икки хотин олгунча, Экта сигир олсангчи. Ҳар кун жанжал қигунча, ҳар кун қаймоқ есангчи", деб куйлаган Зокир Очилдиевнинг гапида ҳам қанчалар жон борлигини инкор эта олмаймиз.

Қўшхотинлик сингари иллатни йўқотиш учун қонун қабул қилинаётган бир пайтда, ўзбекистонликлар бу борада қандай фикрда?

Эркаклар фикрини билиш учун юқоридаги саволни ижтимоий тармоқда эълон қилдик.

"Қўшхотинлик" учун овоз берганлар фикри

"Илоҳий қоидами, демак инсоният учун фойдали. Агар зарар бўлганида, Яратган эгамиз изн бермаган бўларди", деб фикр билдирган Muzaffar Han.

"Қани эди, хотинларимиз рухсат берганда, 4-5тасига уйланган бўлардик", — деб орзу қилган Жаҳонгир Раҳматов.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик эркаклар бу бир нечта фарзандлари билан қаровсиз қолаётган бевалар ҳақида қайғуришнинг бир йўли, деган фикрни билдирганлар.

Мисол учун Рустамжон Тешабаев шундай ёзиб қолдирган:

"…Кўпхотинлик деганда фақат хотин устига қиз олиш тушунилмасин. Кўпхотинлик деганда бизни биринчи ўйлантирадиган масала, бир-икки нафар боласи билан бева қолган хотинлар ва бошқа муҳтож аёлларни мушкулини осон қилиш учунам кўпхотинликка барҳам бериб бўлмайди…"

"Шахсан мен бу масалани бутунлай қоралаш ёки оқлаш фикридан йироқман. Буни ҳаёт дейдилар! Ҳаётда ҳар хил вазият, ҳолат рўй бериши мумкин. Шундайин ҳодисалар ҳам ўз-ўзидан рўй бермас. Бой одамларнинг-ку нафс илинжида уйланишини оқлаб бўлмас, бироқ бир суянчиққа, умр йўлдошга муҳтож ёлғиз аёллар истагини ҳам ҳисобга олиш керак менимча", деб ёзган Файзулло Элшод.

"Бу қарордан кўпроқ аёллар жабр кўради, чункий юртимизда хотини йўқ эркакка нисбатан, эри йўқ хотинлар минг баробар кўп! Бу қарорни менимча яна бошқа кўриб чиқишса керак, акс ҳолда кўчада фоҳишалар баттароқ кўпая бошлайди, ҳозирги фоҳишахоналар ҳеч гап бўлмай қолади! Энди президент айтдию, лекин қонунчиларимиз, сал фаросатини  ишлатиброқ ҳаётга тадбиқ этишади деб умид қиламиз! Мана раҳбаримиз дўпписини олиб кел дедилар, қани кўрамиз, қонунчиларимиз ростданам дўпписини олиб келишармикан, ёки дўппини калласи билан бирга олиб келишармикан!", деб ёган Обиджон Ҳасанов.

"Энди фармон чиқмасдан хотинларимизнинг ортиқчасига жавоб бериб юбораркинмиз? Шу савол ўйлантиряпти", деб ёзган Яссур Қаюмов.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев
Пресс-служба президента РУз
"Бу ўта нозик, ечими қийин муаммолардан бири. Бу муаммони қонун қолипига солиб, бир томонлама ечим чиқариб бўлмайди. Менинг катта оталаримнинг 4-5 тадан аёллари бўлган. Оилалари сонига қараб бўлса керак, белига ўшанча чорси бойлаб юришган экан. Бу 1930- йиллардаги воқеа. Оталаримиз ҳаёт вақтида аёллар иттифоқ яшашган. Оталаримиздан кейин кундошлар бойликка эга бўлиш мақсадида ҳатто қотилликкача боришган экан… Қўшхотинлик масаласида тарихни ҳам ўрганиш керакка ўхшайди. Ҳозирги замонга келиб битта аёлнинг ёки битта оиланинг кам-кўстини тўғрилаш учун эркаклар жон олиб, жон беришига тўғри келяпти. Бойлар бундан мустасно. Хамма ҳам бой эмас. Аммо ҳар бир аёл киши бу ёруғ дунёга келибдики, оила кқуришга, бахтли она бўлишга ҳақли. Агар бир эркакка бир аёл бўлиши керак, деган қонун чиқариб қўйсак, қолган аёлларни бахтсиз қилиб қўймаймизми? Менимча, қўшхотинликка рухсат бирилиши керак. Фақат хотин олиб, хотин қўювчи эрдан чиқиб, эрга тегувчи эркак ва аёлларнинг оила, фарзандлар олдидаги бурчларини аниқ кўрсатувчи қонунлар мажмуини яратиш керак ва бу муаммо кишиларнинг ўз ихтиёрларига топширилиши керак деган фикрдаман", деб ёзган Мухамеджан Алимжанов.

"Кўпхотинликни эплаш қийин — биз қаршимиз"

"Кўп хотинликни эплаш жуда қийин масала. Эркалар асосан нафс устунлигидан келиб чиқиб хотинни кўпайтиришади. Хотини туғиб, кўриниши ўзгариб қолса, ажрашиб ташлаб кетиш кўпайиб кетди. Аёллар орасида ёлғиз она бўилб қолиш ҳолатлари жуда кўп. Қисқаси, ўзбекларга кўпхотинликка рухсат бериш мумкинмас", деб кўпхотинликни қоралаган Жасур Нурдинов.

"Мен ҳайронман, Оллоҳим хамма нарсани жуфти билан яратадию, нега АЁЛ кўп деб додлаймиз. Балки фоҳиша кўпайиши, аҳмоқлар, орсизлар, иймонсизлар кўпайиши кимгадир фойда келтираетгандир, келтираяпти ҳам", деб фикр билдирган Ҳушвақ Жўраев.

"Президентимиз ҳам шу ташлаб кетилаётган аёлларни ўйлаб шу фикрларни айтдилар", деб ёзган El Kommersant.

Don Vito: "Кўпхотинликнинг фойдаси 100%дан 1%га тенг. Ҳали кўпхотинликдан ҳеч ким ютмаган. Амир Темурдай одам ютқазганда…"

Абу Мубашҳир Ибн Аҳмад эса: "Агар "адолат қила олсаларингиз". Бу жуда муҳим масала. Битта хотинга адолат қила олмаган одамга йўл бўлсин", дея фикр билдирган.

"Қўшхотинликни қўйинглар, акалар. Ўзи 1тасини боллар билан боқамиз деб, сочимиз тўкилиб кетяптику, қолганиям оқаришни бошлади, яна уйлансам, дўппим ҳам оқариб кетмасин", — дея қўшхотинлик керакмас деган фикрни билдирган Шамшод Ривожов.

Муаллифдан:  Материални ёзиб тугатиш арафасида, бир аёлдан мактуб олдим. У исмини эълон қилмаслигимни сўраган ҳолда қўшхотинликни ёқлаётган эркакларга ва президентга мурожаат қилган эди.

"Қўшхотинли бўлиш истагидаги эркакларнинг аксарияти, "бева аёллар тақдири"дан ҳавотир олишди, "боласи бор аёлга уйланиш савоб" деган гаплар билан ўзларини оқлашга ҳаракат қилишди, "ейишга овқати, кийишга кийими йўқ аёллар қинғир йўлга кириб кетиши мумкин" деган важларни келтиришди. Наҳотки, биз бугун акалик бурчимизни унутган бўлсак? Ахир ўша ёлғиз аёл ҳам кимнингдир синглиси эмасми?

Қўшхотинликка рухсат берилиши керак, дея сал қолса қичқираёзган эркаклар, сизларда сингил, қиз йўқми?

Наҳот ўзингизга яқин аёлларга шундай тақдирни раво кўрсангиз?.

Иккинчи хотин бўлган опа-сингилларим ҳақида гапирмайман. Ишончим комилки, улар ўзлари учун ҳеч қачон бундай тақдирни сўрамаган…

Шундан сўнг аёл Ўзбекистон презиентига мурожаат қилган.

"Муҳтарам президент, қўшхотинликка қарши қонун ишлаб чиқиляпти, дедингиз. Жамиятимизда, ўзи шуни хоҳламаган ҳолда бирон бир сабаб билан ёлғиз аёлга айланган, бева аёллар ҳам кўп. Уларни моддий қўллаб-қувватловчи қонунчилик лойиҳаси ишлаб чиқишнинг наҳотки иложи бўлмаса? Мен ҳам бешта фарзанди билан бева қолган бир аёл фарзандиман. Бошимиздан қанча қийинчиликлар ўтгани учун сизга шундай таклиф билан чиқяпман, мени эшитасиз деган умиддаман", деб мактубига якун ясаган аёл.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Теглар:
қўшхотинлик, қонун

Асосий мавзулар