02:38 20 Ноябр 2017
Эфир
Показ GULI, авторского бренда Гульнары Каримовой, на Неделе моды Merсedes-Benz Fashion Week

Ғазабга учраган малика: Гулнора Каримованинг таржимаи ҳоли

© Sputnik/ Руслан Кривобок
Жамият
Ҳавола олиш
Гулнора Каримова иши (15)
7317 0 0

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2013 йилдан буён жамоатчилик ҳаётидан ғойиб бўлган Гулнора Каримова тақдири ҳақида маълумот берди

ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакатнинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага нисбатан иккита жиноий иш қўзғатди: 3 триллион сўм миқдоридаги солиқларни тўламаганлик ва мамлакат активларини ноқонуний равишда ўзлаштирганлик юзасидан.

Гулнора Исломовна Каримова 1972 йилда Фарғонада туғилган. 1988 йили Тошкентда ёш математиклар академиясини тугатган, 1994 йили — Тошкент давлат университети фалсафа-иқтисодиёт факултетининг халқаро иқтисодиёт бўлимини бакалавр даражасини билан тамомлади. 1992 йили Нью-Йорк штати университети қошидаги Мода технологиялари институтида таҳсил олди.

1996 йили у Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Иқтисодиёт институтининг магистратурасини битирди, 2000 йили Гарвард университетида санъат магистри даражасига эга бўлди. 2001 йили Тошкент Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида сиёсий фанлар доктори бўлди, 2009 йили эса ўша ернинг ўзида профессор илмий даражасини олди. 2006 йили Каримова Тошкент ахборот технологиялари университетида телекоммуникациялар соҳасида бакалавр даражасига эришди.

Сиёсий карьераси
1995 йил июл ойида Гулнора Каримова Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида иш бошлади, вазир маслаҳатчиси лавозимини эгаллади. 2003 йил сентябридан 2005 йил апрелигача у Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида маслаҳатчи-элчи бўлиб ишлади, бунга қадар Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси эди. 2008 йил феврал ойида у Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида Маданий-ижтимоий соҳада халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосар этиб тайинланди. 2008 йил сентябр ойида Каримова БМТ қошидаги ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили этиб тайинланди.

2010 йил январ ойида Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси этиб тайинланди ва 2012 йил июл ойи бошларида у Испаниядаги Ўзбекистон элчиси вазифасини тарк этди.

Ижтимоий фаолияти

Каримова фаолияти давомида Ўзбекистон ва хорижда бир ярим мингдан ортиқ лойиҳаларни ташкил этган ва ўтказган "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" Фондининг ташкилотчиси ва васийси ҳисобланади.

Гулнора Каримова Францияда ваколатхона очилиши муносабати билан Луврда ўзбек дизайнерлари дефилесини ўтказди, Глазгода эса ўзбек сўзаналари кўргазмасини ташкил этди.

У бундан ташқари шахсий ташаббуси билан бошқа фондларни ҳам ташкил этди. Булар оналик ва болалик масалалари билан боғлиқ хайр-саховат билан шуғулланувчи "Аёллар йиғини" ташкилоти, сут бези саратони бўйича "Ҳаёт учун" ассоциацияси, шунингдек асосан узоқ минтақаларда аҳолига манзилли ёрдам кўрсатувчи, шунингдек вилоятлардаги фермер ва тадбиркорларга грант ва имтиёзли кредитлар ажратувчи "Меҳр нури" фондларидир. Каримова томонидан ташкил этилган "Келажак овози" истеъдодли ёшлар танловида 8 йил давомида бутун республика бўйича 388 минг номзод иштирок этди.

Каримованинг Ўзбекистондаги бошқа йирик лойиҳалари — сут бези саратони билан курашишга маблағлар йиғиш учун 2010 йилдан бошлаб Тошкент ва минтақаларда 100 минг ортиқ иштирокчиларни қамраб олган "Ҳаёт учун" хайр-эҳсон марафон-форуми, халқаро иштирокчилар, маданият ва санъат арбобларини қамраб олган лойиҳалар — "Асрлар садоси» кўчма анъанавий маданият фестивали, "ArtWeekStyle.Uz" лойиҳаси шулар жумласидандир. Бундан ташқари, у Ўзбекистонда "Олтин Гепард" Тошкент халқаро кинофоруми ва Театр.уз Тошкент театр фестивалини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Каримова Ижтимоий ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш фонди доирасида "учинчи сектор" деб аталадиган иштирокчиларни бирлаштирди. Ушбу фонд фаолияти доирасида амалга оширилган лойиҳаларига Ўзбекистоннинг қурғоқчил ўлкаларидан бирида жойлашган ажралиб қолган минтақага трубалар ўтказиш ва ичимлик суви билан таъминлаш, шунингдек Фарғона водийсининг бир қанча шаҳарларида иситиш трубаларини ўтказиш киради. 2011 йил сентябрда Гулнора Каримова ташаббуси билан минтақаларда "ахборот марказлари" орқали фуқароларнинг мурожаатларини қабул қиладиган ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун кучларни бирлаштирадиган "Ўзбекистон ижтимоий масъул фуқаролари форуми" яратилди.

Шахсий ҳаёти

1991 йил июл ойида Гулнора дугонасининг туғилган кунида АҚШ фуқароси бўлган афғонистонлик этник ўзбек Мансур Мақсудий билан танишди ва унга турмушга чиқди. Никоҳдан кейин Гулноранинг эри Тошкентдаги Cоcа-Cоlа компанияси ваколатхонасининг директори лавозимини эгаллади. Ушбу никоҳдан 1993 йили Ислом исмли ўғли дунёга келди, 1999 йили эса қизи — Иман. 2001 йили никоҳ бузилди, Каримова болалари билан бирга Нью-Жерсидаги оилавий уйидан кетди.

Никоҳ ажрими жараёни 2 йилга чўзилди. Америка суди Мақсудийга болаларга васийлик ҳуқуқини берди, Гулнорага собиқ эрига болаларни қайтариш талабини қўйди ва уларни ушлаб тургани учун санкция берди. Бунга жавобан Ўзбекистон ҳукумати Мансурни қаллобликда, солиқларни яширишда, жуда катта миқдордаги пора олганликда, мулкни ўғирлашда ва пулларни ювишда айблади ва халқаро қидирувга эълон берди. 2008 йил 9 июлда Нью-Жерси штати Олий суди судяси Ден М. Вилсон Гулнора Каримовага иккала фарзанди учун тўлиқ ҳуқуқни қайтаришга қарор чиқарди.

2013 йилдан сўнг у ижтимоий ҳаётда кўздан ғойиб бўлди – ОАВлар унинг мамлакат раҳбарияти қарорига асосан уй қамоғида сақланаётганлигини маълум қилди.

Тўрт йил давомида у ҳақда ҳеч қандай хабар бўлмади. Баъзи-баъзида ОАВларда Гулнора Каримованинг ўлдирилгани, заҳарлангани ёки руҳий касалликлар шифохонасида эканлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлиб турди.

Ниҳоят, бугун “Осиё маликаси” тақдирига ойдинлик киритилди – Ўзбекистон Бош прокуратураси 2015 йилда Каримовага нисбатан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганлигини маълум қилди. Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига тергов органларининг унинг назорати остидаги уюшган жиноий гуруҳнинг активларини хатлаш тўғрисидаги қарорлари юборилган.

 

Мавзу:
Гулнора Каримова иши (15)

Асосий мавзулар