11:35 12 Декабр 2017
Эфир
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Президент вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ортганлиги учун раҳбарларга танбеҳ берди

AP Photo / Anvar Ilyasov
Жамият
Ҳавола олиш
56020

Куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди

ТОШКЕНТ, 10 август — Sputnik. Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил ўтган 7 ойи мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини янгилаш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, жойларда халқ билан мулоқотлари чоғида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишига бағишланган селектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Бу ҳақда президент расмий сайтида хабар берилган. 

Мажлисда жамият ҳаёти ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига жиддий таъсир кўрсатадиган, жойлардаги маънавий муҳит соҳасидаги ишлар муҳокама қилинди.

"Барча ҳудудларда, ҳар маҳалла ва оилада маънавий муҳитни яхшилаш мақсадида уйма-уй юриш ва бунга кенг жамоатчилик жалб этиш юзасидан янги иш услублари жорий этилгани қарамай, ҳали кутилган натижаларга тўлиқ эришилгани йўқ. Масалан, Фарғона вилоятида вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ўсган. Умуман, ўтган 7 ой мобайнида вилоятда вояга етмаганлар томонидан 129 жиноят содир этилган. Вилоятнинг 10 шаҳри ва туманида вояга етмаган болаларни уйда яширинча диний ўқитиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг учун Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Нуроний жамғармаси ва маҳаллалар раҳбарлари бевосита жавобгардир" — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган "Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлари тўғрисидаги" қарорига мувофиқ маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятига қатор янги механизм ва усуллар жорий этилмоқда. 

Хусусан, бош вазир ва ўринбосарлари ҳудудларга қайтадан бириктирилди. Бу мутасаддилар тегишли ҳудудлардаги муаммоларни самарали ҳал қилиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқарув органлари фаолиятини мувофиқлаштириши, уларнинг жойлардаги ҳокимликлар билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиши керак.

Маълумки, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманларнинг комплекс ривожлантириш масалалари бўйича секторлар ташкил қилиниб, уларга ҳоким, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идораларнинг раҳбарлари бошчилик қилмоқда.

Ушбу секторлар иши "маҳалла – туман – вилоят – республика" кетма-кетлиги асосида ташкил этилиб, уларнинг вазифа ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

Аввало сектор раҳбарлари маҳалла даражасидаги ўзига бириктирилган ҳудуддаги ҳар бир хонадонга ҳар чоракда камида бир марта бориб, у ердаги вазият, ижтимоий муҳит, болалар тарбиясига муносабат, аниқланган муаммоларни ҳал этиш чоралари ва билдирилган таклифларни қайд этиб бориши зарур.

Жойида ечилмаган муаммоларни туман, вилоят ва республикани ривожлантириш дастурига киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаши керак. Шу билан бирга маҳаллаларда аниқланган муаммоларни таҳлил қилиш асосида туман ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йўл хариталари ишлаб чиқилиб, уларнинг амалга оширилиши таъминланиши лозим.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси даражасида ҳудудларнинг йўл хариталари амалга ошириш самарадорлигини таҳлил қилиб, давлат ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш, ҳар чоракда давлат раҳбарига ҳисобот бериш тизимини жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

Асосий мавзулар