01:15 19 Август 2017
Эфир
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Олмалиқдаги ободонлаштириш ишлари билан танишмоқда

© Пресс-служба президента РУз
Жамият
Ҳавола олиш
22710

Ўзбекистон президенти Олмалиқ шаҳрида қурилиши кўзда тутилаётган янги ижтимоий объектлар ва ободонлаштириш ишлари билан танишмоқда.

TOШКЕНТ, 11 август — Sputnik. Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда президентнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.

Хабарга кўра, давлат раҳбари дастлаб “Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишининг 2-босқичи” инвестицион лойиҳаси ишларини бошлаш тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Умумий қиймати 1696,2 миллион АҚШ долларилик мазкур инвестицион лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, 2028 йилга бориб, рудани қазиб олиш 23 миллион тоннага, мисни ишлаб чиқариш 42 минг тоннага, қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажми 30,5% га ортади. Бу ерда 10 мингга яқин киши ва қўшимча инфраструктура ҳисобига яна минглаб аҳоли янги иш ўрни билан таъминланади.

Шавкат Мирзиёев шу ернинг ўзида комбинат фаоллари, ёшлар вакиллари билан учрашди. Уларнинг ўй-хаёллари, дарду ташвишлари билан қизиқиб, улар билан самимий мулоқот қилди. Бу ерда шунингдек, комбинат ходимларининг ижтимоий муҳофазасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 2017-2021 йилларда 400 оилага мўлжалланган кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим муассасаси ва 240 ўринга мўлжалланган 2 та ётоқхона қурилади.

Шундан сўнг, президент мониторда акс эттирилган портлатиш тугмасини босиб, давлат раҳбарининг ташаббуси билан номланган янги “Ёшлик” конининг биринчи портлатиш тадбирида хам иштирок этди.

Ўзбекистон президенти Олмалиқ шаҳрида қурилиши кўзда тутилаётган янги ижтимоий объектлар ва ободонлаштириш ишлари билан танишмоқда. Олмалиқ шаҳрининг 2035 йилга мўлжалланган бош режасига мувофиқ, эндиликда шаҳарда 10 та 7 қаватли замонавий арзон уй, барча талабларга жавоб берадиган деҳқон бозори, гипермаркет, аҳолининг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқариши учун маданият ва истироҳат боғлари, болалар шифохоналари, ёш ижодкорлар уйи ва бошқа ижтимоий объектлар бунёд этилади.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, шаҳар марказининг 5-2 массивида қад кўтараётган 7 қаватли арзон уйларни қуриш жараёни билан танишди ва аҳолини 2-3 хонали уйлар билан таъминлашга қаратилган ушбу лойиҳа юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Асосий мавзулар