22:49 21 Октябр 2017
Эфир
Марат Кабаев

Марат Кабаев: қалбан ҳамиша Ўзбекистондамиз

© Youtube / Моя Столица
Жамият
Ҳавола олиш
124960

Собиқ футболчи Марат Кабаев 1979 йили фожиали ҳалок бўлган "Пахтакор" жамоаси футболчиларини хотирлаб Sputnik Ўзбекистонга интервью берди

TOШКЕНТ, 12 август — Sputnik. "Пахтакор"нинг афсонавий футболчиларидан бири Марат Кабаев журналист Радик Амиров билан суҳбатида жамоа футболчиларининг ҳалокати бутун мамлакатни ларзага солгани, Ўзбекистоннинг бош клуби қандай қилиб яна қайта туғилгани ҳақида гапириб берди.

— У кунни эслаш мен учун ҳалиям оғир. Ўшанда "Пахтакор"нинг иккинчи таркиби Минскдан сал вақтлироқ учиб кетганди, ўзингиз биласиз, иккинчи таркиб асосий таркибдан бир кун олдин ўйин ўтказади. Ёшлар Тошкентга етиб келади, "катта" "Пахтакор" бир оздан кейин келишини айтишади. Уларни ҳамма кутиб турарди, Минскдан самолёт келиши эса чўзилиб кетади… Кейин мураббий Яков Аранович дейди: "Болалар, ёмон хабар. "Катталаримиз" ўтирган самолёт ҳалокатга учрабди".

Мен бу пайтда Термизда эдим. Машғулот ўтказиб, радиони эшитдик. "Пахтакор" ҳақида хабар берилди. Бу биз учун даҳшатли хабар эди.

"Пахтакор" билан видолашув маросимига эса бутун Тошкент, бутун Ўзбекистон чиқди! Ўша даврдаги кинолавҳаларни кўринг. Одамларни ҳеч ким мажбурлаб олиб чиқмаган – улар ўз ихтиёрлари билан чиқишган.

- Ушбу фожиага бошқа республикаларда қандай муносабатда бўлишди?

— Янги "Пахтакор" шаклланиб, ўйинлар ўтказа бошлаганида бизни барча футболчилар, ишқибозлар қўллаб-қувватлашарди. Бу ачиниш эмас, балки ҳақиқий инсоний далда эди. Минск, Боку, Олма-Ота, Москва — бизни ҳамма ерда худди ўзлариникидек кутиб олишарди. Бу юракни ўртаб юборарди. Бутун мамлакат Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади.

- Сиз ва сизнинг ёшингиздаги ўйинчилар бирданига улғайдингиз. Сизларнинг зиммангизда нафақат "Пахтакор", балки бутун республика шарафини ҳимоя қилиш масъулияти тушганди.

— Ҳа. Биз кутилганидан эртароқ жиддий ўйинга тушаётганимизни тушунардик. Бизда тажриба бор эди. Лекин шу билан бирга катталарнинг қўллаб-қувватлови ҳам керак эди. Афсуски, катталаримиз йўқ эди, улар ҳалок бўлишганди.

Биз ҳар бир ўйинга "Ўзимиз учун ва ўша йигитлар учун" деган шиор остида чиқардик. Майдонда давра ҳосил қилиб "Пахтакор"имиз учун ўйнаймиз!" деб қичқирардик.

- Тошкентда ўйнаш учун бошқа шаҳарлардан келган футболчиларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилганмисиз?

— Албатта! "Пахтакор" сафида ўйнаш учун келган Андрей Якубик, Сергей Бондаренко, Сергей Никифоренколарга раҳмат айтишдан чарчамайман. Ва бошқаларга ҳам катта раҳмат дейман! Сизлар бутун Ўзбекистонни қўллаб-қувватладингиз.

Яқинда Грецияда Василис Хадзипанагис билан учрашдим. У бизнинг тошкентлик йигит. Бизда тўп сурган, ҳаттоки СССР термасида ҳам ўйнаган. Кейинчалик Грецияга кўчиб кетиб у ерда ўша даврнинг энг машҳур футболчисига айланган. Учрашувимизда "Пахтакор"имизни ёдга олдик!

—  1970-йиллар охиридаги "Пахтакор" нимаси билан машҳур эди?

— Ажойиб дриблинги, тезлиги, тўп узатишлари билан. Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Олим Аширов, Владимир Сабиров, мураббий Идгай Тазетдинов — ҳамма-ҳамма ҳақиқий футбол ўйнарди. Кучли, моҳир, ақлли жамоа эди. Фёдоров Олег Блохиндан кучлироқ эди ва уни бемалол қувиб ўтарди.

- Сизлар тез-тез учрашиб турасизларми?

— Ҳа. Ҳар йили мана шу куни "Пахтакор"ни хотирлаш учун йиғиламиз. Айнан шу куни биз йигитларимизни йўқотганмиз. Шу куни Тошкентда қабристонга бориб "Пахтакор"ни ёдга олишади. Биз – Ўзбекистондан узоқдагилар эса барибир қалбан мамлакат пойтахтида бўламиз. Ўша "Пахтакор"ни ҳеч қачон унутмаймиз.

Асосий мавзулар